Жаҳон | 13:11 / 19.02.2024
3064
3 дақиқада ўқилади

Токиодаги конференция: Шмихал Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди

Токио анжуманида Украина ва Япониядан 300 га яқин ҳукумат ва бизнес вакиллари иштирок этмоқда. Япония бош вазири Кишида Украинани озодлик ва мустақиллик учун курашда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди.

Фото: picture-alliance/ZUMAPRESS/ZUMA Wire/P. Gonchar

Украина бош вазири Денис Шмигал Японияни Россиядан ўзини ҳимоя қилаётган мамлакатни қайта қуриш ва модернизация қилишни қўллаб-қувватлашга чақирди. Шмигал 19 феврал, душанба куни Токиода бўлиб ўтган конференцияда: «Хусусий сектор Украинада тикланишнинг энг муҳим двигателидир», деди. Тадбирда Украина ва Япониядан 300 га яқин ҳукумат ва бизнес вакиллари иштирок этмоқда.

Украина бош вазирининг таъкидлашича, Россия томонидан кенг кўламли уруш бошланганидан бери Япония мамлакатга 10 миллиард доллардан ортиқ маблағ юборган ва шу тариқа Киевнинг тўртинчи йирик донорига айланган. У япон компанияларига Украинада «иқтисодий мўъжиза» бўлиши мумкинлигини ваъда қилди. «Ҳозир Украина иқтисодиётига сармоя киритаётган компаниялар яқин йилларда сиз ишонмайдиган имтиёз ва имкониятларга эга бўлади», деди Денис Шмигал.

Кишида: Япония ҳудудий яхлитлигини тиклашда Украинани қўллаб-қувватлайди

Ўз навбатида, Япония бош вазири Фумио Кишида ўз ҳукумати Украинани «унинг эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилиш, шунингдек, ҳудудий яхлитлигини тиклашда» қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади. Бундан ташқари, Япония Украина иқтисодиётини барқарорлаштириш учун узоқ муддатли ёрдам беради, деди Кишида. 

Томонлар қатор шартномалар, жумладан, инфратузилмани тиклаш, шунингдек, миналардан тозалаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувларни имзолади. Шмигал ўзининг Telegram-каналида «иқтисодий ривожланиш ва тикланиш бўйича конференциядан умидлар бўйича бош вазир Фумио Кишида билан жиддий музокаралар олиб борилганини» эълон қилди. «Биз бизнес субъектлари ўртасида алоқалар ўрнатмоқдамиз, ҳукуматлараро мулоқотни кучайтирмоқдамиз. Олдинда кўплаб келишувлар ва самарали учрашувлар бор», - деди у. 

Жаҳон банки, Европа Иттифоқи ва БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Украинани тиклаш учун 486 миллиард доллардан ортиқ маблағ керак. Ташкилотларнинг яқинда эълон қилинган қўшма ҳисоботида айтилишича, жорий йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун 15 миллиард доллар йўналтирилиши лозим. 

Мавзуга оид