Жаҳон | 11:24 / 19.02.2024
5785
3 дақиқада ўқилади

Украина ТИВ раҳбари Киев TAURUS ракеталарини олишига ишонч билдирмоқда

Киев қатъий йўқ деган жавобни эшитмагани учун бу ўз-ўзидан жавоб, деди Дмитрий Кулеба. Унинг эслатишича, Германия, худди Leopard танкларида бўлгани каби, дастлаб рад этади, аммо кейин Украинага техника етказиб беради. 

Фото: Jung Yeon-Je/AFP/Getty Images

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг фикрича, Германия ўз мамлакатини юқори аниқликдаги TAURUS қанотли ракеталари билан таъминлайди. «Йўқ деган аниқ жавобни эшитмаганимиз ўз-ўзидан жавобдир. Ўтган икки йил ичида ҳаёт бизга буни ўргатди», деди у 17 феврал куни кечқурун Мюнхен хавфсизлик конференцияси чоғида. 

Кулебанинг эслатишича, шу пайтгача Украинага янги турдаги қуролларни етказиб бериш бўйича ҳар қандай мунозаралар рад этиш билан бошланган, Германия ҳукумати Leopard танкларини Киевга топширишдан олдин ҳам иккиланган. Украина 2023 йил май ойида Германиядан 500 км масофага эга TAURUS ракеталарини фронт чизиғидан анча орқада жойлашган ҳарбий нишонларга зарба бера олиш учун расман сўраган эди. 

Октябр ойида Германия канцлери Олаф Шолц Германия бу ракеталарни Киевга ҳали етказиб бермаслигини айтган эди. Бу Киевнинг Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун TAURUS ракеталаридан фойдаланиши мумкинлигидан қўрқиш билан боғлиқ. Жорий Мюнхен конференциясида Шолц TAURUS’ни Украинага етказиб беришни маъқуллаш ниятидами, деган саволга жавоб беришдан қочди. У фақат Германия Киевни қўллаб-қувватлаш учун доимо етарли ҳаракат қилишига ишонтирди. 

Германия Украинага ёрдамни кучайтирмоқда 

Дмитрий Кулеба ўз умидларини Германия ҳозирда Украинани қўллаб-қувватлашини сезиларли даражада ошираётгани билан асослади. Вазирнинг сўзларига кўра, буни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Берлинга ташрифи яққол кўрсатди, унинг давомида икки давлат ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича узоқ муддатли шартнома имзоланди ва Киевга янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилиши тасдиқланди. 

Кулеба TAURUS ракеталарининг Украина учун алоҳида аҳамиятини таъкидлади. «Украинадаги Россия салоҳиятини йўқ қилишнинг ягона йўли бор. Унга босиб олинган ҳудудларда чуқур зарба бериш керак, TAURUS эса Американинг ATACMS ракеталари билан биргаликда бу вазифани бажариш учун энг замонавий қурол тури ҳисобланади. Агар биз фронт орқасида зарба беришни, уларнинг логистикасини бузишни, арсеналларини йўқ қилишни хоҳласак, буни фақат узоқ масофали ракеталар ёрдамида амалга ошириш мумкин», - дея тушунтирди Украина ТИВ раҳбари. 

Сўров: Немислар Украинанинг ғалабасига шубҳа билан қараяпти 

Bild am Sonntag ҳафталиги буюртмаси билан Insa социологик институти томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, ҳозирда ҳар еттинчи немис (14 фоиз) Украинанинг Россия устидан қозонадиган ғалабасига ишонади. Бу бир йил олдингига нисбатан олти фоизга кам. 

Шу билан бирга, ҳар тўртинчи немис Россиянинг ғалабасига ишонади (26 фоиз, +9 пункт), 47 фоиз (-1 фоиз) эса ҳеч бир томон ғалаба қозона олмайди деган фикрда. 

Мавзуга оид