Жаҳон | 18:32 / 20.02.2024
11136
2 дақиқада ўқилади

Навалнийнинг онаси Путинга мурожаат қилди

2020 йилда шунга ўхшаш мурожаатдан кейин Юлия Навалная турмуш ўртоғи Германияга эвакуация қилинишига эришишганди.

Фото: Getty Images

16 феврал куни Сибирдаги қамоқхонада вафот этган Россия мухолифати етакчиси Алексей Навалнийнинг онаси Людмила Навалная мамлакат президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, ўғлининг жасадини беришларини сўради.

«Бешинчи кунки ўғлимни кўра олмаяпман, унинг жасадини беришмаяпти. У қаерда эканини ҳам айтишмаяпти. Владимир Путин, мен сизга мурожаат қилмоқчиман: барчаси сизнинг қарорингизга боғлиқ, ўғлимни кўришга беринг ахир. Уни одамдай дафн этишим учун тезда жасадини беришларини талаб қиламан», деган мухолифатчининг онаси.

2020 йилда Юлия Навалная ҳам Путинга мурожаат қилиб, заҳарланган Навалний 21 август куни мамлакатдан ташқарига олиб чиқилишига рухсат сўраганди. 22 август куни эса санитар самолёт сиёсатчини олиб Германияга учганди.

Навалний 16 феврал куни, қамоқхона ахборотига кўра, сайр вақтида ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотган ва шундан кейин ўзига келмаган. Навалнийнинг жамоаси жасадни беришмаётгани унинг танасидаги қотиллик аломатларини яширишаётгани билан боғлиқлигини айтмоқда. 20 феврал куни Навалнийнинг адвокатига унинг танаси камида 14 кунгача берилмаслигини айтишган.

20 феврал куни Алексей Навалнийнинг укаси Олег Навалний қидирувга берилгани маълум бўлди. ТАСС агентлигига кўра, унга нисбатан жиноий иш очилган. Нашр айнан қайси модда билан иш очилганига ойдинлик киритмади. Уни 2022 йилда ҳам қидирувга беришганди.

Мавзуга оид