Жаҳон | 20:37 / 21.02.2024
19291
4 дақиқада ўқилади

Шойгу Кринки Россия назоратига ўтганини эълон қилди. У ерда аслида нималар бўлмоқда?

Херсон областининг Кремл томонидан тайинланган раҳбари Владимир Салдо россиялик икки аскар харобалар устига байроқларни ўрнатаётгани акс этган видеони эълон қилган. Украина томони эса ушбу аскарлар байроқни ўрнатгач, бу жойдан қочиб кетгани кўринган видеони намойиш этди.

Фото: Видеодан кадр

«Биз, 810-гвардия бригадаси денгиз пиёдалари десантчи биродарларимиз билан расман маълум қиламиз: Кринки — бизники! Биз қаерда бўлсак — ғалаба ўша ерда!». Юзи блур қилинган икки аскар Россия ва денгиз пиёдалари байроғини вайрон бўлган бино ҳудудида тутиб тургани акс этган видео сешанба куни Херсон областининг Москва томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Салдонинг телеграм-каналида эълон қилинди

«Рақибнинг Днипро чап соҳилидаги мавжудлиги йўқ қилинди», — деган Салдо.

Чоршанба куни Украина томони кадрнинг давомини эълон қилди. Худди шу жойда украинлар дрони томони олинган видеоёзувда харобалар устига байроқ ўрнатган икки аскар у ердан қочиб қолгани акс этган — улар дала ва йўлларни кесиб ўтиб, ўрмон ичига яширинишган.

Бошқа видеода эса украиналик ҳарбий Кринки бўйлаб, аниқроғи унинг харобалари бўйлаб «видеоэкскурсия» уюштирган.

Худди шу куни Салдо билан биргаликда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ҳам Кринки эгаллангани ҳақида эълон қилди.

«Кринки тозаланди. Россия қўшини амалда Днипронинг бутун соҳили бўйлаб позицияларни эгаллади. Биз Кринки ва Конки дарёлари соҳилларини ҳам назорат қилмоқдамиз», — дея ҳисобот берган у Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда.

Шойгунинг украинларнинг Днипро дарёси чап соҳилидаги плацдарми йўқ қилингани тўғрисидаги баёнотга россияликларнинг Z-блогерлари ҳам ишонмади.

«Кринки эгаллангани ёки йўқлиги борасида, ўйлайманки, тўғридан тўғри ўша жойда вазифаларни бажараётганлардан аниқроқ билиб оламиз», — дея эҳтиёткорлик билан фикр билдирган Rybar телеграм-канали бошловчиси Михаил Звинчук.

Россияликларнинг бошқа бир телеграм-канали «Военний осведомител» эса Кринки эгаллангани борасида янада очиқроқ фикр билдирган: «Айни вақтда воқеа жойидаги манба бу фактни тасдиқламаяпти, душман ҳали ҳам аҳоли яшаш манзилининг қолдиқлари устидан назоратни сақлаб қолмоқда. Қолаверса, Кринки тозалангани ҳақидаги баёнот ва худди шу вақтда душман қўшни ертўлаларда ўтиргани ҳақида берилган баёнотлар шунчаки бир-бирига зид».

«Бу каби юқори даражада паровоздан олдинда чопиш нега кераклиги — жумбоқ. Афтидан, кимдир Авдийивкадаги муваффақиятдан бош айланиши фонида ҳеч ким сезмай қолади, деб ўйлаган», — дейилади хабарда.

Украина қуролли кучлари Днипро дарёси чап соҳилида Кринки қишлоғи ҳудудидаги плацдармни 2023 йил кузида ташкил этганди.

Олдинги чизиқдаги украин гуруҳи таъминотини амалга ошириш қийинлиги ва русларнинг бу гуруҳга қарши турган қуруқликдаги кучлари сон жиҳатдан сезиларли даражада устун эканига қарамай, десантчиларни чап соҳилдан суриб ташлашнинг имкони бўлмаяпти.

Украина қуролли кучлари бош штаби 20 феврал кунги ҳисоботида украин ҳарбийларининг Кринкидаги позициясига қилинган штурмлар муваффақиятсиз якунлангани ҳақида маълум қилган.

Кўриниб турибдики, Россиянинг «Днепр» гуруҳи плацдармга ҳужумларни тўхтатмаяпти ва қандайдир ютуқларга ҳам эришган. Айтиш мумкинки, Россия қўмондонлиги чап соҳилда Украина назоратидаги ҳудуд кенгайишининг олдини олишга муваффақ бўлган ва ҳатто уни торайтирган. Аммо бу Шойгу айтган даражадаги муваффақият эмас.

Аскарлар Россия байроғини ўрнатиб, кейин қочиб кетгани кўринган видеоёзув Кринки ва унинг атрофи ҳали ҳам томонларнинг бирортаси томонидан бошқарилмаётган ва бу ерда ҳеч бир томон ўзини хавфсиз ҳис қила олмайдиган «кулранг зона» бўлиб қолмоқда.

«Кремл, катта эҳтимол билан, 2024 йил март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари арафасида керакли ахборий эффектни кучайтириш учун Кринки эгаллангани ҳақида муддатидан олдин эълон қилган бўлиши мумкин», — дейилади Американинг урушларни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида.

Мавзуга оид