Жаҳон | 15:02 / 22.02.2024
6874
10 дақиқада ўқилади

Апартеид ва босқин даъволари: Ҳаагада Исроилга нисбатан янги суд иши очилди

Исроил томонидан Фаластин халқининг геноцид қилиниши бўйича айбловларни кўриб чиқаётган БМТ суди, ташкилот Бош Ассамблеяси киритган сўровга асосан, янги иш доирасидаги эшитувларни бошламоқда. Сўров – Исроилнинг 1967 йилдан буён Фаластин ҳудудлари, хусусан Шарқий Қуддусдаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатлари бўйича тавсия беришга қаратилган.

БМТ доирасида бу иш бўйича ҳуқуқий жараёнлар аввалроқ бошланган. Фаластин ҳукумати тайёрлаган ариза лойиҳаси 2022 йил 11 ноябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 6 та асосий қўмитасидан бири бўлмиш Махсус сиёсий ва деколонизация қўмитаси томонидан маъқулланган. Фаластин БМТнинг тўлақонли аъзоси бўлмагани сабабли лойиҳа Никарагуа номидан овозга қўйилган.

2022 йил 30 декабрда резолюция Бош Ассамблея томонидан 87 давлатнинг маъқуллаши, 26 давлатнинг қарши чиқиши ва 80 давлатнинг ё бетараф қолиши, ёки овоз беришда иштирок этмаслиги билан қабул қилинган. Ўзбекистон Махсус сиёсий ва деколонизация қўмитаси йиғилишида бу сўровни ёқлаб овоз берган, Бош Ассамблеядаги овоз беришда эса иштирок этмаган.

2023 йил 20 январ куни БМТ Халқаро адолат суди бу сўров БМТ бош котиби Антониу Гутерриш томонидан судга тақдим этилганини маълум қилди. Иш доирасидаги эшитувларда 52 та давлат ва 3 та халқаро ташкилот иштирок этишини билдирган. Улар орасида бу резолюцияга қарши чиққан АҚШ ҳам бор.

Резолюциянинг 18-бандида суддан қуйидаги масалалар бўйича тавсиявий фикр бериш сўралган:

(a) Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи Исроил томонидан муттасил равишда топталишидан, Исроилнинг 1967 йилдан бери босиб олинган Фаластин ҳудудларини узоқ вақтдан буён оккупация қилиб туришидан, бу ерларга фуқароларини кўчириб келтириши ва бу ерларни аннексия қилишидан, шунингдек, бу ҳудудлардаги демографик таркибни ва муқаддас Қуддус шаҳрининг хусусиятлари ва мақомини ўзгартиришга қаратилган ҳаракатларидан ҳамда юқоридагиларга боғлиқ ҳолда дискриминацион қонунчилик ва чора-тадбирларни қабул қилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар қандай?

(b) Исроилнинг юқоридаги 18 (а) бандда келтириб ўтилган сиёсати ва амалиёти оккупациянинг ҳуқуқий мақомига қандай таъсир қилади ҳамда бу мақом барча давлатлар ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти учун қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келади?

Kun.uz “Геосиёсат” дастурида бу мавзу борасида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимов билан суҳбатлашди.

— 52 мамлакат ва учта ташкилот – Араб давлатлари лигаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Африка Иттифоқи судялар олдида чиқиш қилади. Бу билан мусулмон дунёсида ўзаро келишув шаклланяпти дейиш мумкинми?

Фарҳод Каримов: — 52 давлатнинг ҳаммаси мусулмон давлатлар эмас, Европа, Африка, Жанубий Америка давлатлари, АҚШнинг ўзи ҳам бор. Агар шу давлатлар ичида АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари бўлмаганда бу иш кўрилмаган ҳам бўларди, балки улар шу таркибда бўлгани учун ҳам бу иш судда кўриляпти деб ўйлайман. Мусулмон давлатларнинг ўзи етарли бўлмаслигини Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Африка Иттифоқи бирлашгани билан ҳам изоҳлашимиз мумкин. Даъво шундай бўляптики, 1967 йилги чегараларга қайтиш ва 1967 йилдан кейинги ҳаракатлар, ноқонуний эгаллаш хатти-ҳаракатларига баҳо бериш. Фақат ер масаласи эмас, у ерда яшаётган одамларга нисбатан қилинган жиноятларга нисбатан ҳам юридик баҳо бериш кўзда тутилган.

Бу мурожаатларни тинглов 26 февралгача давом этади, давлатлар ўз позициясини, даъвосини билдиради. Шундан сўнг қарор қабул қилиш бўлади, ойлаб ҳам чўзилиши мумкин қарор чиқариш. Бу тингловда мусулмон давлатлари, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг позицияси эмас, шу пайтгача Исроилни қўллаб келган давлатларнинг позицияси қандай бўлиши муҳим. Исроилни қўллаб келаётган давлатларнинг 51 давлат ичида бўлиши қизиқ ҳолат. Шу ўринда позициялар ўзгаряптими ёки мусулмон давлатларининг бу конфликтга аралашиши олдини олиб вақтдан ютишми, деган саволлар ҳам пайдо бўлади. Ростдан ҳам қайсидир маънода вақтдан ютиш борасида Исроилга қўл келиши мумкин бу. Ҳали бу давлатларнинг позициясини тўлиқ билмаймиз, балки улар Исроилнинг позициясини тушунтириш учун чиқар, балки Исроил ҳаракатларини қоралаб чиқишар.

Камолиддин Раббимов: — Бошланган янги суд иши консултатив мақомга эга. Ўйлашимча, бу суд жараёни кейинчалик халқаро ҳуқуқ доирасидаги маълум бир қадамлардан бири бўлиши мумкин. Араб давлатлари лигаси, Африка Иттифоқи, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, ЕИнинг таъсири катта давлатлари, АҚШ, Хитой, Покистон, Туркия каби давлатлар бор. Бошида бу таркибда АҚШ йўқ эди, кейин қўшилди, бунга сабаб ташаббусни глобал жанубга ёки бошқа оппонентларига бериб қўймаслик деб ўйлайман. Расмий Вашингтонда ҳам Исроилга нисбатан муносабат икки хил, ягона қараш йўқ.

Иккита савол қўйиляпти. Фаластиннинг учта ҳудуди: Ғарбий сектор, Ғазо, Қуддусда 1967 йилдан кейин Исроилнинг хатти-ҳаракатлари қандай бўлди? Инсон ҳуқуқлари бузилдими? Фаластинликларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилаш ҳуқуқига таъсир қилдими, деган саволлар қўйиляпти. Иккинчиси эса, шундай бўлган бўлса, халқаро ҳуқуққа, тинчликка қандай таъсир қилди, деган савол қўйиляпти.

Халқаро экспертиза ўтказилса, ҳеч бир давлат Фаластин халқининг ҳақ-ҳуқуқи бузилмади, Исроил Фаластин ҳудудий яхлитлигига таъсир қилмади, деб жавоб беролмайди. Чунки Исроил муттасил Фаластин давлатчилигининг имкониятини бўғиб келяпти, Ғарбий соҳилнинг тахминан 45 фоизида яҳудийлар аҳоли пунктлари ташкил қилинди. Яъни Исроил тинч оккупация сиёсатини олиб боряпти. Халқаро экспертлар фикрича, Исроилда ҳаддан ошиш, жазоланмаслик тафаккури шаклланиб бўлган, бу эса АҚШнинг глобал қудратига салбий таъсир қиляпти. Лекин бир томонни танлаш қийин, ички лоббилар Исроил тарафида, ташқи босим эса Фаластин тарафида.

Жанубий Африка Республикасининг мурожаати билан бўлаётган суд 7 октябрдан кейин геноцид бўлдими, деган саволга жавоб берса, иккинчи суд 1967 йилдан кейинги Исроил хатти-ҳаракатларига баҳо беради.

— БМТ халқаро суди Исроил томонидан Фаластин ерларининг ноқонуний босиб олингани бўйича аввал ҳам иш очганми?

Камолиддин Раббимов: — Фаластинликлар томонидан Исроилга қарши биринчи суд эмас. 2004 йилда иккинчи оммавий Исроилга нисбатан намойишдан кейин Исроил Фаластин билан чегарада девор қурган 700 кмдан узунроқ. БМТ бош ассамблеяси сўровига кўра, бу қонуний девор эмас, чунки Ғарбий соҳилнинг катта қисмини қўшиб олган бу девор билан ва Фаластин халқини иккига бўлиб қўйган. Аммо Исроил буни инкор қилиб келади. Деворнинг икки томонидаги одамлар бир-бири билан алоқа қилолмайди.

Халқаро ҳуқуқни бузишда Исроилга етадигани йўқ. 7 октябрдан кейин шундай глобал контекст пайдо бўляптики, дунё ҳамжамияти Исроил хатти-ҳаракатларига чидаши қийин бўлади. Глобал жамоатчилик фикри, жумладан, Ғарб жамоатчилиги вазиятни бошқа томондан кўра бошлади, айниқса, ЕИ жамоатчилиги Фаластин томонда. АҚШдаги исроилпараст пропаганда сабаб нисбатан уларда Исроилни қўллаш кўп эди, аммо сўнгги вақтларда уларда ҳам бу тушунча ўзгариб бормоқда.

Фарҳод Каримов: — Исроил ва Фаластин ўртасидаги девор 2003 йил қуриб бошланган эди, баландлиги 6 метр, тиканли симлар билан ҳимояланган, кичик буфер ҳудуди ҳам бор. Бу девор террористик ҳужумларнинг олдини олиш учун қилинган деган важлари бор. Бу девор Фаластин ҳудуди ҳисобига қилинган, деворнинг ўзи ҳам буфер ҳудудлари билан анча жойни эгаллаган. 2004 йилдаги суд девор Фаластин ерлари ҳисобига бўлганини эътироф этган, аммо бу суд ҳужжатлари Исроил томонидан ратификация қилинмаган. Ўшанда ҳам АҚШ позицияси эшитилган, унда АҚШ Исроил ҳаракатларини тушунтириш позициясида бўлган. Ҳозирги ҳолатда ҳам тингловлар қандай бўлиши номаълум. Тўғри, давлатларда тушунча ўзгарган, лекин умумий вазиятга нисбатан ҳали ҳам ҲАМАСни террористик ташкилот деб билишади, ҳатто араб давлатларида ҳам шу нарса бор. Ҳозирги ҳолатда ҳам катта эҳтимол билан Фаластин давлати масаласи кўтарилади, фақат Исроил ва ҲАМАС можароси эмас. Асосий масала Фаластин халқи ҳуқуқини ўзига бериш ва 1967 йилги чегараларда мустақил давлат қуриш бўлади. Бу суддан катта нарса кутиб бўлмайди, тавсиявий аҳамиятга эга бўлади бу.

— Исроилнинг ҳомийси бўлган АҚШ бу жараёнга қандай муносабатда бўлади ва қандай таъсир ўтказиши мумкин?

Камолиддин Раббимов: — АҚШ ҳар доим икки мустақил давлат позициясида бўлган, барча президентлар буни такрорлаб келган. Масалан, Клинтон икки давлатни яраштириб, алоҳида давлатлар тузишга кўп уринди, аммо Исроилдаги ўнг кучлар бунга йўл қўймади. Исроил сиёсий элитасида шаклланган позиция шундайки, Фаластин давлати ташкил топса, Исроил мажруҳланиб, маълум бир ҳудудда блокланиб қолади деган тушунча бор. Ашаддий ўнг кучларда Исроил борган сари кенгайиб бориши керак, деган амбиция бор, яширмайди ҳам бу амбицияни.

Бугунги АҚШда Исроил юкидан чарчаш ҳам бор. Ташқи босим кучли, араб дунёсидан йирик иттифоқчилари бор. Россия ва Хитой глобал жанубни шакллантиряпти шу фонда, агар араб давлатлари АҚШдан ҳафсаласи пир бўлиб бу тарафга оғиб кетса, кучлар глобал жанубга ўтиб кетиши мумкин. Лекин яҳудий лоббиси Исроилни ҳимоя қилиш позициясида қатъий турибди. Агар Фаластин давлати ташкил топмаса, АҚШнинг глобал мавқейига катта зарар келтиради.

Фарҳод Каримов: — АҚШнинг Исроилга ажратадиган маблағларининг бир йиллик режаси кўриб чиқилди, бу АҚШ позициясини ҳам билдиради. АҚШ бир-иккита ҳолатдан кейин Исроилга нисбатан позициясини ўзгартиради деганимас. У доим бундай вазиятда йўл излаган. АҚШда Исроилга нисбатан икки хил муносабат бор: Исроил давлатига нисбатан стратегия ва Исроил ҳукуматига нисбатан стратегия. Ҳукуматга бўлган стратегия ўзгариб туради. Яқин Шарқда мавжуд бўлишлик Исроил билан бўлади АҚШ учун. АҚШнинг бу позициясини бошқа давлатлар ҳам тушуниб бўлган. Фақат Исроил ҳукуматига нисбатан тактик позициясини ўзгартиради, бундай ҳолат АҚШ ташқи сиёсати тарихида кўп бўлган.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид