Жаҳон | 12:42 / 22.02.2024
5509
2 дақиқада ўқилади

Литва Беларус билан чегарадаги яна иккита назорат-ўтказиш пунктини ёпади

Литва ва Беларус чегарасида фақат иккита назорат-ўтказиш пункти ўз фаолиятини давом эттиради, улардан фақат автобус ва автомобиллар ўтиши мумкин.

Фото: Petras Malukas/AFP

Литва хавфсизлик нуқтайи назаридан қўшни Беларус билан яна иккита чегара пунктини ёпади, бу ҳақда Вилнюс ҳукумати 21 феврал, чоршанба куни қарор қабул қилди. «Лаворишкес» ва «Раигардас» назорат-ўтказиш пунктлари 1 мартдан бошлаб номаълум муддатга, кейинги огоҳлантиришгача ёпилади.

Шу тариқа, Литва ва Беларус ўртасида деярли 680 километрлик чегарадаги олтита назорат-ўтказиш пунктидан фақат иккитаси очиқ қолади.

Сумскас ва Тверециус назорат пунктлари 2023 йилнинг ёзида, жумладан, «Вагнер» ХҲК ёлланма аскарларининг мамлакатга жойлаштирилиши муносабати билан ёпилди. Медининкай ва Шалcининкай назорат пунктлари ҳанузгача ишламоқда, аммо пиёдалар ва велосипедчилар уларда чегарани кесиб ўта олмайди, дея қайд этади dpa агентлиги.

Литва ички ишлар вазири Агне Билотаитенинг сўзларига кўра, назорат-ўтказиш пунктининг ёпилиши «чегара орқали товарлар, транспорт ва одамлар оқими устидан яхши назоратни таъминлаш», шунингдек, «рухсат этилган товарлар ва контрабандани олиб кириш ҳамда олиб чиқишга уринишларни тўхтатиш учун мўлжалланган».

Беларус бу мамлакатда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Минскдаги режимнинг Россиянинг Украинага қарши қуролли ҳужумини қўллаб-қувватлагани учун Европа Иттифоқининг кўплаб санкцияларига дучор бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид