Жамият | 16:57 / 25.02.2024
27993
5 дақиқада ўқилади

Ректор сиғмагани учун кесилган панжара, “Азроилдан қўнғироқ” – “Талаба кундалиги”

Ректор сиғмагани учун кесиб, дарров пайвандлаб қўйилган панжара, курсдошининг телефонига ўзини “Азроил” деб сақлаб қўйган йигит ва дугонаси деб ўйлаб, бегона йигитни имтиҳонга олиб кирган талаба қиз ҳикоялари билан “Талаба кундалиги”нинг бугунги сонида танишишингиз мумкин.

1-ҳикоя. Ректор сиғмаган панжара

2017 йил Тошкентнинг Сайилгоҳ кўчасида 8 тоннали ош дамланганди. Ўшанда биз 1-босқичда ўқирдик. Ёрдамга, югур-югурга деб ётоқхонада турадиган талабаларни ҳам йиғиб юришганди. Улар қаторига бизни ҳам қўшиб олиб кетишди. Борсак, кўп вазирлар, ректорлар, хуллас, давлатнинг юқори лавозимида ишлайдиганлар раҳбарлари бир ерга тўпланишган. Бизни ректорлар йиғилган жойга олиб боришди, стол-стуллар туширишга қарашдик. Шунда бир қизиқ воқеа бўлди. Ўшанда Амир Темур хиёбонининг ош қилинадиган ҳудудлари панжара билан ўраб олинган эди. Панжаранинг очиқ жойигача анча масофа бўлгани учун, ректорлар панжарадан сакраб ўтишларига тўғри келди.

Шунда бир озғинроқ ректор панжарадан сакраб, биз томонга ўтди. Кейинги ректор семизроқ бўлгани учун ўзини кўтариб сакролмади. Ғалати ва ноқулай вазият юзага келди. Биз охири нима бўларкин деб кулиб кузатиб турибмиз. Шу пайт бир ходим қўлида “болгарка” кўтариб келиб қолди. Панжараларни кесиб, ректор сиғадиган жой очди. Ректор биз томонга ўтиб олгач, панжарани яна қайта бирпасда пайвандлаб ташлашди. Оғзимиз очилиб қолди. Шу воқеани кўриб, истак бўлса, ҳар қанақа муаммони шунчалик тез ҳал қилиш мумкин экан-да, деб ўйлаганмиз.

2-ҳикоя. Бегона йигитнинг қўлини ушлаб олган қиз

Гулистон давлат университетида ўқиганман. Биринчи босқичдаги илк сессияларимиздан бири эди. Ҳаяжон кучли. Қолаверса, имтиҳон учун спортзалда компютерлар жойлаштирилган. Ҳамма имтиҳонлар шу ерда ўтказилар эди. Гуруҳлар фан ўқитувчилари билан боришар ва қачон навбат келса, имтиҳон бошланарди. Талабалар бир-биридан ёрдам ололмаслиги учун гуруҳлар аралаштириб, спортзал бўйлаб тарқатиб чиқилганди. Биз ҳам дугонам билан спортзал олдида компютерлар бўшашини кутаётгандик. Навбатда кўпчилик турибди. Шуларни ёриб ўтиб, тезроқ тестни ечиб, уйга кетишимиз керак эди. Чунки бир кун олдин роса навбат кутиб, кечқурунгача қолиб кетгандик. Тестдан бир нечта талаба чиқди. Ўрнига дарров биз киришга ҳаракат қилдик. Тезроқ кирайлик деб дугонамнинг қўлини ушладим-да, уни тортиб бир амаллаб спортзалга кириб олдик. Кириб бўлгач, дугонамнинг қўли бошқачароқ эканини ҳис қилдим. Қарасам, бир гавдали боланинг қўлини ушлаб турибман. У менга қараб кулиб турибди. Дугонам зал эшиги ёнида қолиб кетган. Ҳалиги боланинг курсдошлари ҳам эшик ёнида экан, кулиб юборишди. Шундан кейин университетда ўша бола билан тўқнаш келиб қолсак, кулги кўтариладиган бўлди. У бола ҳам “қандайсиз дугон?” деб ўтарди. Курсдошларим ҳам 4 йил устимдан кулиб юришган.

3-ҳикоя. Азроилдан қўнғироқ

Бу воқеа талабаликда эмас, абитуриентликда содир бўлган. Лицейда ўқир эдим, гуруҳимиз роса иноқ эди, кунимиз майда-чуйда ҳазил-ҳузуллар, якшанба кунлари эса футбол билан ўтарди. Рости ўзи шўх бола эмасман, аммо баъзида ҳазиллар қилиб тургим келарди. Мадина (шартли исм) исмли курсдошим бор эди. Жуда одобли, содда қиз эди. Бир куни математикадан тўплам масалаларини ечаётганимда калкулятор керак бўлиб қолди. Мадинадан телефонини сўраб турдим. Масалани ҳисоблаб, телефонини беришдан олдин ҳазиллашгим келиб қолди. Контактлар рўйхатига кириб, ўзимни изладим, Шоҳрух (шартли исм) курсдош деб ёзилган экан. Исмимни ўчирдим-да, ўрнига катта харфлар билан АЗРОИЛ деб ёзиб, ҳеч нарса бўлмагандек телефонини қайтариб бердим. Шу билан дарслар тугади, ҳамма уйига кетди.

Кейин бугун қилган ишимни охирига етказиб қўймоқчи бўлдим. Мадинага қўнғироқ қилдим. Қайта-қайта қўнғироқ қилсам ҳам кўтармаяпти. Яна қилдим, охирги қўнғироқда гўшакни кўтариб, гапиролмай турди. Ким экан бу АЗРОИЛ деб ўйлаган бўлса керак. Мен ҳам гапирмай турдим. Озроқдан кейин овозимни чиқариб, ўзимни таништирдим. “Вой, сизмисиз, юрагим ёрилишига оз қолди”, деди Мадина. Эртаси куни келиб воқеани курсдошларимизга ҳам айтиб берди. Ўзи ҳам эслаб роса кулганди.

Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.

П.С: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uzʼнинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.

Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.

Мавзуга оид