Қамалдаги Ғазо, ҳусийчиларга ҳужум ва Украина урушидаги йўқотишлар — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Рафаҳ шаҳрига ҳужум кечиктириб турилиши мумкинлигини таъкидлаган. Унга кўра, агар гаровдаги асирларни алмашиш бўйича келишувга эришилса, 1,5 миллион ғазоликларга бошпана бўлиб турган сектор жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум уюштириш ортга сурилиши мумкин.
Исроил гаровдагилар тўлиқ озод қилинган тақдирда ҳам урушни тўхтатмоқчи эмас. Улар ўз олдларига ҲАМАС ҳаракатини тўлиқ тугатишни мақсад қилиб қўйишган. Буни жуда яхши англаб турган ҳамасчилар гаровда ушлаб турилган исроиллик фуқароларни қайтаришни пайсалга солишмоқда.
Токи Исроил урушни узил-кесил тўхтатишга қарор қилмаса, Ғазога инсонпарварлик юклари киришига рухсат бермаса, Ғазода тинчлик ўрнатилмайди.
Мана бу видеода фаластинлик ўсмирлар Ғазо ва Миср чегарасида мисрлик ҳарбийларнинг сабрини синаётганини кўришингиз мумкин. Чегарадаги вазият жуда оғир, тўқнашувлар рўй бериш эҳтимоли жуда юқори.
БМТ 23 январдан буён Ғазонинг шимолига инсонпарварлик ёрдамларини етказа олмаяпти. БМТнинг фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқдаги агентлиги сўнгги марта 23 январ куни Ғазо шимолига озиқ-овқатлар олиб борганини айтган бош комиссар Филипп Лаззарини Ғазо шимолида 400 минг одам қамалда қолаётгани ва уларга очарчилик таҳдид солаётганини айтиб ўтган.
Исроил бугун Ғазодаги геноцидни бас қилиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот тақдим этиши керак.
26 феврал куни БМТ Халқаро судининг Жанубий Африка Республикаси даъво аризасига кўра, Исроил томонидан Ғазо секторида фаластинликларни геноцид қилишнинг олдини олишга қарши қаратилган чоралар учун ажратилган бир ойлик муддат тугайди.
Исроил ўзининг Ғазодаги ерусти операциясини ўтказиши асносида 473 та Merkava танкларидан айрилган. Яна 27 та танк Ливан билан чегарада «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати томонидан йўқ қилинган. Исроил армиясининг ишдан чиқарилган танклари 500 тага етган.
Қизил денгиздаги вазият
АҚШ ва Буюк Британия ҳусийчилар назорати остида бўлган Яман пойтахтига ҳужум уюштирган.
Эрон томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган, сунний ҳукуматга қарши бўлган шиа исёнчи-ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати назорати остида бўлган Яман пойтахти Сано шаҳрига АҚШ ва Буюк Британия авиазарбалар берган.
Нишонга олинган объектлар орасида ҳусийчиларнинг ерости қурол-яроғ омборлари, ракеталар жойлаштирилган омборлар, учиришга тайёрланган дронлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва радар қурилмалари борлиги иддао қилинмоқда.
АҚШ ва Буюк Британия ҳусийчиларнинг Қизил денгизда ҳеч тўхтамаётган ҳужумларига жавобан жами 22 та авиазарба бергани хабар қилинмоқда. Ҳусийчилар билан боғлиқ SABA ахборот агентлиги хабарига кўра, мамлакат жанубий-ғарбий қисмидаги Тоиз шаҳридаги алоқа линиялари уч марта ҳужумга дучор бўлган.
Ҳусийчилар назорати остидаги пойтахт Сано шаҳри ва унинг ён тарафига 17 марта авиазарбалар берилган. Иккита авиазарба эса мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисмидаги Ҳажа шаҳрига берилган.
Al Jazeera телеканалининг хабар беришича, ҳусийчиларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига 200 минг янги аскарлар қўшилган ва ҳусийчилар армиясининг умумий сони 500 мингга етган. Фаластиннинг «Қаршилик ўқи» томонидан қўллаб-қувватланиши «Ансоруллоҳ» гуруҳини мусулмон оламида жуда машҳур қилиб юборди.
Украинадаги уруш
Украина президенти Володимир Зеленский журналистлар олдида чиқиш қилиб, Украинанинг кузги қарши ҳужуми ҳали бошланмасдан туриб, Кремл унинг режасини қўлга киритганини айтиб ўтган. Шунингдек, Зеленский янги қарши ҳужум режаси борлигини ҳам очиқлаган.
«Асосийси режага эга бўлиш ва бу режа мавжуд. Мен унинг тафсилотларини очиқлай олмайман: Украина армиясининг режаларидан қанчалик кам одам хабардор бўлса, зафарга тезроқ эришилади ва Россияликлар учун кутилмаган натижа олиб келади.
Очиқ айтишим керак, ўтган йилги қарши ҳужумимиз режаси ҳали у бошланмасидан туриб Кремлдаги столда бўлган», – деган Украина президенти.
Зеленский икки йиллик урушда Украина армиясининг йўқотишларини ҳам очиқлади. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг кенг кўламли босқинидан сўнг икки йил ичида 31 минг украиналик аскарлар ҳалок бўлган.
Зеленский ярадор бўлганлар ва бедарак йўқолганлар сонини очиқламади.
«Мен қанча одамимиз ярадор бўлганини айтмайман, чунки Россия жанг майдонларини қанча одамимиз тарк этганини билиб олади», — деган у. Зеленский шунингдек, айни дамда фронтда Украина қуролли кучлари ва Россия армиясининг сон жиҳатдан нисбати 1 га 7 эканини таъкидлаб ўтган.
Шунингдек, айни пайтда Украинанинг 28 мингга яқин фуқаролари Россияда асирликка тушгани маълум қилинган.
Россиянинг йўқотишлари
Икки йиллик уруш даврида Россиянинг Украинада камида 75 минг аскари ҳалок бўлган. Маълумотлар 2022 йилнинг 24 февралидан 2024 йилнинг 1 январигача бўлган даврни қамраб олган ва мерос ишлари ҳамда некрологларга қараб мустақил журналистлар томонидан аниқ ҳисоблаб чиқилган.
2023 йилда жанговар ҳаракатлар боши берк кўчага кириб қолгани, томонларнинг ҳеч бирида айтарли натижа бўлмаганига қарамасдан, йўқотишлар суръати ошган. Сўнгги ярим йил ичида Россиянинг йўқотишлари кунига ўртача 120 аскарга тенг бўлмоқда. Агар бу суръат сўнгги юришларгача сақланиб қолган бўлса, Россиянинг йўқотишлари 83 мингга етган бўлиши мумкин.
Рақамлар 2023 йилнинг январ-март ойларида — Бахмут учун жанглар чоғида максимум кўрсаткичларга етган. Ўшанда ҳафтасига 2 мингга яқин аскарлар, асосан собиқ маҳбуслар ҳалок бўлган. Шунингдек, яқиндагина Россия армияси томонидан босиб олинган Авдийивка учун жанглар ҳам катта йўқотишларга сабаб бўлган.
2023 йил давомида қурбонлар сони 2 баробарга ўсган. Агар 2022 йилда 24 минг россиялик аскар ҳалок бўлган бўлса, 2023 йилда бу рақами 50 мингни ташкил этган. Уларнинг орасида 22 минг шартнома асосида хизматга ёлланганлар, 19 минг маҳбуслар ва 16 минг сафарбарлик чақирувидан келганлар бор. Икки йил ичида ярадор бўлганларнинг тахминий сони 130 мингдан иборат.
75 минг бу — аскарнинг ўлгани ҳужжатлар асосида аниқ тасдиқланган ҳолатлар. Аслида рақам бундан каттароқ бўлиши мумкин.
Доналд Трампнинг режалари
Украина президенти Володимир Зеленский АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтгандан сўнг Украинадаги урушни ҳал қилувчи онларига тайёргарлик кўришга чақирди.
Киев яқин муддат учун жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг режасини тайёрлайди, бироқ АҚШ президентлиги сайлови натижаларини ҳам кутишга қарор қилган. «Ўша ондан бошлаб кейин нима бўлишини тушуниб оламиз», — деган у матбуот анжуманида.
Бунгача Украина етакчиси Минск келишувларига ўхшаш битим имзолаб можарони музлатиб қўйиш таклифини кескин рад этган эди. Унинг сўзларига кўра, Киев 2014 йилдан буён музлатилган можаро шароитида яшаган ва ортиқ бундай тартибга солишга ишонмайди. Чунки гап «Украинанинг ҳудудида ҳам эмас, хавфсизлиги ҳақида бормоқда».
Бу орада навбатдаги сайловларга пухта тайёргарлик кўраётган АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп агар сайловда ғалаба қозонса Украинани Россия билан сулҳ музокаралари олиб боришга мажбурлашни режалаштираётганини айтган, деб хабар беради Bloomberg ўз манбаларига таяниб.
Нашр манбаларининг сўзларига кўра, Трамп командаси сайловда ғалаба қозонилганидан сўнг ҳаялламасдан Владимир Путин ва Володимир Зеленский ўртасида сулҳ саммити ўтказиш имкониятини кўриб чиқади. Киевни мажбурлаш учун Трамп ҳарбий ёрдамни қисқартириш билан, Путинни кўндириш учун, аксинча, Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш билан таҳдид қилишни кўнглига тугиб қўйган.
Лукашенко яна сайланмоқчи
Беларусни 30 йилдан бери бошқариб келаётган ва шу пайтгача олти марта президентлик сайловларида қатнашган Александр Лукашенко 2025 йилда мамлакатда ўтказиладиган навбатдаги президентлик сайловида яна иштирок этишини таъкидлади.
Лукашенконинг қайд этишича, Ғарб давлатлари Беларус жамиятига босимни қанчалик оширса, у сайловда яна иштирок этиш қатъиятини шунчалик ошириб бораверади.
Еттинчи марта сайланишга ҳозирлик кўраётган Лукашенконинг сўзларига кўра, «дунёнинг ҳеч бир жойида Беларусдаги каби очиқ ва адолатли сайловлар йўқ».
Қайд этиб ўтиш керак, ўтган якшанбада Беларусда ягона сайлов куни ўтказилди ва унда мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов натижаларидан сўнг мамлакат парламентининг қуйи палатаси тўлиқ шакллантирилгани эълон қилинди.
Мавзуга оид
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024
Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024