Жаҳон | 08:15 / 26.02.2024
6496
3 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Рафаҳдаги операция режасини Нетаняҳу кабинетига тақдим этди

ЦАҲАЛнинг Рафаҳда қуруқликда ҳужум амалиётларини ўтказиш режаси тинч аҳолини эвакуация қилишни назарда тутади. 

Фото: Mohammed Dahman/AP Photo/picture alliance

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) мамлакат ҳарбий вазирлар маҳкамасига Ғазо сектори жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳрида қуруқликдаги операция режасини ҳамда тинч аҳолини жанговар ҳудуддан эвакуация қилиш режасини тақдим этди. Бу ҳақда 26 феврал, душанбага ўтар кечаси Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг офисида маълум қилинди. 

AFP таъкидлаганидек, баёнот ЦАҲАЛнинг Рафаҳда кутилаётган қуруқликдаги операцияси бошланиши арафасида қилинган. Нетаняҳу бу шаҳарни 2023 йил 7 октябрда Исроилга кенг кўламли ҳужум уюштирган ҲАМАС ҳаракатининг «охирги қалъаси» деб атайди. 

Нетаняҳу Рафаҳдаги операциядан воз кечиш ниятида эмас 

Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар давом этаётганига қарамай, Исроил бош вазири Рафаҳдаги ҳужум операцияси режасини кечиктирмасдан тасдиқлаш ниятида, деб ёзади dpa агентлиги. Нетаняҳунинг ўзи режани тасдиқлаш учун шу ҳафта бошида вазирлар маҳкамаси йиғилишини чақирмоқчи эканлигини маълум қилди. 

Рафаҳ Ғазо сектори билан Миср чегарасида жойлашган. Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиёти бошланганидан бери шаҳар миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилган. Бундай вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Исроилнинг бир қатор иттифоқчилари, жумладан, Қўшма Штатлар ҳам вазминликка чақирди. Бироқ, Бенямин Нетаняҳу Рафаҳдаги ҳарбий операциядан воз кечиш ниятида эмас. Унинг сўзларига кўра, агар Рафаҳда ҲАМАСнинг тўртта баталони қолса, Исроилнинг урушдаги мақсади – жангчиларни йўқ қилишга эришиб бўлмайди. 

Қайд этилишича, Исроил ҳукумати Ғазо секторига «шимол ва бошқа ҳудудлардаги талончилик»нинг олдини олишга мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш режасини ҳам тасдиқлаган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид