Жаҳон | 13:50 / 27.02.2024
3487
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Беларусдаги сайловларни «қўрқув муҳитида ўтган жараён» деб атади

Давлат департаменти фикрича, овоз бериш «қўрқув муҳитида» ўтди, бу эса демократик сайловлар ҳақида гапириш имконини бермайди. Германия расмийлари ҳам худди шундай фикрда.

Фото: Виктор Толочко / Sputnik / РИА Новости

АҚШ Давлат департаменти бир кун аввал Беларусда бўлиб ўтган мамлакат парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловларни сохта деб атади. Бу ҳақда департамент расмийси Метю Миллер 25 феврал куни Давлат департаменти сайтида ёзди. Миллернинг айтишича, овоз бериш «сайлов жараёнини демократик деб аташ мумкин бўлмаган қўрқув муҳитида» ўтган.

Америка расмийлари вакили, шунингдек, Минск режими 1400 дан ортиқ сиёсий маҳбусларни ушлаб туришда давом этаётганини эслатди. «Барча мустақил сиёсий арбоблар ёки қўлга олинди, ёки давлатдан чиқариб юборилди. Барча мустақил сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш рад этилди», - дейилади баёнотда. Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти сайловларни кузатишдан бош тортди, дея қўшимча қилди Миллер.

Худди шу нуқтайи назар Германияда ҳам мавжуд. «Бизнинг фикримизча, кечаги сайловлар, худди 2020 йилнинг августида бўлиб ўтган президентлик сайловлари каби, сайловлар симуляцияси эди. Улар на эркин, на адолатли бўлди ва ҳеч қандай тарзда, ҳатто минимал демократик стандартларга ҳам жавоб бермади», - деди Германия ҳукумати матбуот котиби ўринбосари Кристиан Хоффман.

Мухолифатга сайловда иштирок этишига рухсат берилмади

Беларусда парламент сайловлари бир кун олдин, 25 феврал куни бўлиб ўтди. Мухолифат вакилларининг иштирок этишига рухсат берилмади. Бу мамлакатда 2020 йилги президентлик сайловларидан кейинги биринчи овоз бериш бўлиб, ўшанда у кенг кўламли сохталаштириш ва қонунбузарликлар туфайли оммавий норозиликларга сабаб бўлган. Ўша сайловлар натижалари Ғарб давлатлари томонидан тан олинмаган, кейин эса норозиликлар расмийлар томонидан шафқатсизларча бостирилган.

Парламент сайловолди ташвиқотига тўртта сиёсий партиядан номзодлар кирди: 2023 йилда тузилган ва мамлакат раҳбари Александр Лукашенкони қўллаб-қувватловчи «Белая Рус» ташкилоти, 1996 йилдан бери мавжуд бўлган Коммунистик партия, Меҳнат ва адолат республика партияси (РПТС), Лукашенкони қўллаб-қувватлайдиган ва ўзини «конструктив мухолифат» деб атайдиган Либерал-демократик партия (ЛДПБ).

Тихановская сайловларга эътибор бермасликка чақирди 

Беларус мухолифати етакчиси Светлана Тихановская жорий сайловларни «ўз халқига қарши ҳарбий операция» деб атади ва уларга эътибор бермасликка чақирди. «Бугунги кунда Беларусдаги тузум сайловлари ҳеч қандай демократик стандартларга жавоб бермайди ва кўпроқ ўз фуқароларига, конституцияга ва соғлом фикрга қарши ҳарбий операцияга ўхшайди. Мен беларуслар ва халқаро ҳамжамиятни бу ёлғонни қатъиян рад этишга чақираман», - деди Тихановская.

Лукашенко сайлов участкасида журналистлар билан суҳбатда уни ҳокимиятдан ағдаришга ҳеч ким эриша олмаслигини айтди. «Уларнинг ҳеч бир варианти, ҳатто энг радикали ҳам Беларусда ишламайди. Биз аввалги хатоларимиздан қандай хулоса чиқаришни биламиз. Шунинг учун уларда умид қиладиган нарса йўқ», - деди у. Бундан ташқари, мамлакатни қарийб 30 йилдан бери бошқариб келаётган Лукашенко 2025 йилда яна президентликка - кетма-кет саккизинчи муддатга сайланиш ниятида эканлигини тасдиқлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид