Электропоездларда карта орқали тўлов қилиш имконияти пайдо бўлмоқда
Янги амалиёт Тошкент–Ҳожикент йўналишида бошланган. Тез кунларда пойтахтдан Бекобод, Ховос ва Ангренга қатновчи электропоездларда ҳам бундай имконият татбиқ қилиниши кутилмоқда. ATTO ёки банк картаси ёрдамида вокзал ва бекатлардан ташқари, бевосита электропоезд вагонида ҳам тўлов қилса бўлади.
Шаҳарлараро қатновчи электропоездлар учун йўл ҳақини АТТО ёки банк карталари орқали тўлаш амалиёти бошланди. Бу ҳақда Автоматлаштирилган транспорт тўлов тизими оператори (АТТО) хабар берди.
Маълум қилинишича, эндиликда электропоездлар учун чипталарга тўловларни темирйўл вокзаллари ва бекатлардан ташқари, бевосита электропоезд вагонларида АТТО транспорт карталари ёки банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга ошириш мумкин.
Kun.uz янги амалиёт ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун АТТО лойиҳа менежери Мурод Зокиров билан боғланди. Унинг айтишича, бундан буён электропоездлар учун 3 хил шаклда тўлов қилиш мумкин.
Биринчиси – вокзал ёки бекатларга борган ҳолда чипта сотиб олиш, иккинчиси – электропоезднинг ўзида ходимга нақд пулда тўлов қилиб, назоратчидан чипта олиш ва учинчиси – АТТО ёки банк карталари (Humo, Visa, Mastercard) орқали йўл ҳақини тўлаш.
Транспорт ёки банк карталари билан тўлашнинг ҳам 2 хил усули борлиги айтиб ўтилди. Зокировнинг таъкидлашича, электропоездда чипта назорати билан шуғулланувчи ходимларга валидатор ускуналари берилган. Шу орқали картанинг ўзи ёки АТТО иловасидаги NFC орқали тўлов қилиш мумкин. Нархлар ҳақида маълумот ушбу ҳаволада берилган.
Ҳозирча лойиҳа биринчи босқичда Тошкент–Ҳожикент йўналишидаги электропоездлар учун жорий қилинган. Тез кунларда Тошкент–Бекобод, Тошкент–Ховос ва Тошкент–Ангрен йўналишларида ҳам ишга туширилиши кутилмоқда.
Қўшимча қилинишича, феврал ойининг биринчи 10 кунлигидан бошлаб АТТО электрон тизими орқали 12,4 мингта тўлов амалга оширилган ва шулардан 10 фоизи транспорт ва банк карталарига тўғри келади.
Мавзуга оид
16:14 / 14.12.2024
Тошкент автобусларида нақд шаклда тўлов қабул қилиш тўхтатилади
17:00 / 07.12.2024
Тошкент шаҳри автобусларида нақд пул ўрнига қандай тўлов қилиш мумкинлиги тушунтирилди
12:29 / 30.11.2024
Жамоат транспортига ажратилган йўлакдан ҳаракатланиш қоидаларини бузганлар учун жарима жорий қилинмоқда
13:24 / 28.11.2024