08:10 / 28.02.2024
1861

Жамоатчилик экология назоратчисининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди

2024 йил 1 июнга қадар жамоатчилик экология назоратчилигига номзодлар Экология вазирлиги томонидан мустақил таълим шаклида махсус тайёргарликдан ўтказилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 24 февралидаги «Жамоатчилик экология назоратчиси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида қайд этилган.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Низомда жамоатчилик экология назоратчиси фаолиятини ташкил қилиш тартиби, мақоми, вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилган. Хусусан, Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган ва 18 ёшга тўлганлар экология назоратчиси бўлиши мумкин.

Экология назоратчиси қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

  • соҳага оид қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишда иштирок этиш;
  • экологик ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, браконерликка қарши курашиш;
  • табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурлар амалга оширилишида фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Экология назоратчиси қуйидаги ҳуқуқбузарликларни аниқлаганда далолатнома расмийлаштиради:

  • чиқиндиларни белгиланмаган жойга ташлаш ёки ёқиб юбориш;
  • автотранспорт воситаларини очиқ сув ҳавзалари яқинида ювиш ҳамда оқова сувларни ушбу ҳавзага оқизиш;
  • қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш;
  • ноқонуний ов қилиш;
  • дарахтларни ноқонуний кесиш, ўсимликларни йўқ қилишга олиб келувчи бошқа ҳолатлар.
Top