Ўзбекистон | 23:06 / 29.02.2024
8968
3 дақиқада ўқилади

Президент Хоразмда қуёш электр станцияси қурилишига старт берди

Тупроққалъа туманида Франциянинг Voltalia компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилиши бошланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи чоғида 29 феврал куни Франциянинг Voltalia компанияси томонидан қуввати 100 мегаваттлик қуёш электр станцияси қурилишини бошлаш маросими ўтказилди. 

Маросимда давлат раҳбари бу соҳанинг стратегик аҳамиятини қайд этди. 

– Энергетика саноатида барқарорликка эришиш глобал интеграция шароитида ҳар бир давлатнинг стратегик мақсади. Айниқса, қайта тикланувчи генерациялар – замонавий тараққиётга эришиш, иқтисодиётни диверсификация қилишда куч-қувват бўладиган асосий «драйвер»лардан биридир, деди Шавкат Мирзиёев.

Муқобил энергетика ҳисобига бу йил республиканинг электр генерациясида «яшил энергия» улуши 15 фоизга етиши таъкидланди. 2030 йилга бориб, аҳолиси 40 миллиондан ортадиган Ўзбекистон иқтисодиёти учун зарур бўлган энергиянинг 40 фоизини «яшил энергия» ҳисобидан қоплаш мақсад қилинган. 

Бу Хоразмдаги илк шундай йирик лойиҳа бўлади. Унинг натижасида йилига 254 миллион киловатт соат «яшил энергия» ишлаб чиқарилади. Бу эса Хоразм вилояти йиллик электр энергияси истеъмолининг 11 фоизини қоплайди. Ушбу станцияни йил якунигача тармоққа улаш режалаштирилган. 

Умуман бу лойиҳа ишга тушса, Хоразм вилоятида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари 30 фоизга ошиб, 424 мега-ваттга етади. Хусусан, Тупроққалъа туманининг электрга бўлган йиллик 135 миллион киловатт соат талаби тўлиқ қондирилади. 

Шу билан бирга, истеъмолдан ортган 40 фоиз энергияни қўшни туманларга узатиш имконияти пайдо бўлади. Яъни, 85 минг хонадонни электр энергияси билан барқарор таъминлашга эришилади.

Энг муҳими, ушбу лойиҳа орқали 76 миллион метр куб табиий газ тежалади, атмосферага 106 минг тонна зарарли моддалар чиқишининг олди олинади. 

Яна бир эътиборли томони, мазкур лойиҳа доирасида илк бор агроволтаика тажрибаси қўлланади. Бу бир майдоннинг ўзида энергия ва қишлоқ хўжалигини бирлаштириш усули бўлиб, қуёш панеллари остида сабзавот ва полиз экинлари етиштирилади. 

Давлат раҳбари бундай инновацион лойиҳалар Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги кўпқиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб, инвестор ва муҳандисларга миннатдорлик билдирди. 

Мавзуга оид