Жаҳон | 21:55 / 04.03.2024
8872
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Олий суди Трампга президентлик сайловида иштирок этишга рухсат берди 

Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида «Америка учун катта ғалаба!!!», деб ёзди. 

Фото: Reuters

АҚШ Олий суди Колорадо штатининг Доналд Трампни президент сайлови бюллетенидан чиқариб ташлаш бўйича уринишларини ноқонуний деб топди. 

Суд Трампни 2021 йилги Капитолийдаги тартибсизликлар учун масъул эканлиги ҳақидаги даъволарни рад этди. Шундан сўнг, унинг номи штатда ўтказиладиган президентлик сайлови бюллетенига қайта тикланди, деб хабар берди Sky News. 

Қарордан сўнг Трамп ўзининг ижтимоий тармоғида «Америка учун катта ғалаба!!!», деб ёзди. 

Трамп АҚШ президентлик сайловида Республикачилар партиясидан асосий номзод бўлишга ва амалдаги президент, демократ Жо Байден билан рақобатлашишга фаворит ҳисобланади. Республикачилар партияси ичида Трамп билан фақат Жанубий Каролинанинг собиқ губернатори Никки Ҳейли кураш олиб бормоқда. 

Аввалроқ, Колорадо Олий суди собиқ президент Доналд Трампни штатнинг 2024 йилги сайлов бюллетенидан чиқариб ташлаш ҳақида қарор қабул қилган эди. Суд АҚШ Конституциясидаги 14-тузатиш (исёнчиларни номзод сифатида рўйхатга олинишини тақиқлаш) туфайли шундай қарорга келди. 

Шундан сўнг, Трамп ушбу қарор устидан АҚШ Олий судига шикоят қилди. Ушбу суд қарори барча штатлар учун мажбурий ҳисобланади. 

АҚШ президенти сайлови 2024 йил ноябрида ўтказилади.

Мавзуга оид