Ўзбекистон | 17:32 / 05.03.2024
28116
3 дақиқада ўқилади

Баҳромжон Ҳайдаровнинг ўлим ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Тошкент шаҳрида жойлашган маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада даволанаётган бўлган. У 2024 йил 5 март куни соат 00:15 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида вафот этган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳромжон Ҳайдаровнинг ўлим ҳолати Омбудсман томонидан ўрганилди. Бу ҳақда Омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, марҳум Баҳромжон Ҳайдаров Тошкент шаҳрида жойлашган 23-сон маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада жазо муддатини ўтаётган, яъни даволанаётган бўлган.

“Ушбу касалхона мингдан ортиқ маҳкумни даволашга ихтисослашган бўлиб, 200 га яқин шифокор ва фелдшерлар хизмат олиб боради. Мазкур муассаса маҳкумларни даволашга ихтисослашган республикадаги ягона касалхона бўлганлиги учун зарурий ва замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан мазкур касалхонага мониторинг ташрифлари амалга ошириб келинган, касалхона ҳудудида ўрнатилган “Омбудсман қутиси”га келиб тушган мурожаатлар доимо иш юритувига олинган.

Касалхона томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра, марҳум Б.Ҳайдаров “Юрак ишемик касаллиги зўриқиш стенокардияси ФС-III, ИККС (2022 йил март). Коронар қон томирлар стентлаш операциясидан кейинги ҳолат (2022 йил апрель). Гипертония касаллиги III босқич. Артериал гипертензия-III. Хавф-IV (Ўта юқори)” ташхиси билан 2024 йил 5 март куни соат 00:15 ларда касалхонанинг терапия бўлинмасида вафот этган”, дейилади Омбудсман хабарида.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат ҳақида касалхона раҳбарияти томонидан махсус прокурорга ва Жазони ижро этиш департаментига маълумот ҳамда марҳумнинг яқин қариндошларига хабар берилган. Махсус прокуратура томонидан суд-тиббий экспертлар жалб қилинган ҳолда текширув ўтказилган. Шу куни соат 8:30 ларда марҳум ўғли ва қудаси томонидан олиб кетилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Тошкент махсус прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

  • Олдинроқ жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланиб, суд ҳукми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган Баҳромжон Ҳайдаров жазони ижро этиш муассасасида вафот этгани хабар қилинганди.  

Мавзуга оид