Taurus можароси: бундесвер зобитлари беғамлиги ёки Кремл таъсири?
Германия, АҚШ ва Британияда бундесвернинг юқори мартабали зобитларининг суҳбати сиздирилиши оқибатларини муҳокама қилиш давом этмоқда, зобитлар суҳбат давомида Қримдаги Керч кўпригига ракета зарбалари бериш истиқболлари, украин ҳарбийларини тайёрлашнинг ўзига хосликлари ва Украина ҳудудида ғарблик ҳарбийлар бўлиши мавзуларини муҳокам қилишган. BBC рус хизмати бу суҳбат аудиоёзуви сизиб чиқиши қандай сабабларга кўра рўй бергани ва Россия нима учун уни эълон қилишга қарор қилганини аниқлашга ҳаракат қилди.
Ўзи нима бўлди?
1 март тонгида Россиядаги RT давлат телеканали бош муҳаррири Маргарита Симонян унга Германия қуролли кучларининг юқори мартабали зобитларининг суҳбати аудиоёзувини етказишгани ҳақида хабар қилди. Симоняннинг сўзларига кўра, улар гўёки «Қрим кўпригини қандай бомбардимон қилиш»ни ва буни «Шолц бунинг менга дахли йўқ қабилида гапиришда давом этиши»ни таъминлаш учун қандай амалга ошириш лозимлигини гаплашишган.
Кейинроқ Симонян немис тилидаги мулоқотнинг 38 дақиқалик аудиоёзувини ҳамда унинг рус тилидаги таржимасини эълон қилди. RT версиясига кўра, 19 феврал куни ўтказилган суҳбатда бундесвер ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлигининг амалиётлар ва машғулотлар бўлими бошлиғи Франк Грефе, ҳарбий-ҳаво кучлари инспектори Инго Герҳартц ва бундесвер космик қўмондонлиги ҳаво амалиётлари маркази ходимлари иштирок этган.
Агар аудио тўлиқ эшитиб чиқилса, ҳарбийлар Қрим кўприги бўйлаб зарба бериш режаларини эмас (уни “шарқдаги кўприк” деб аташган), балки Украинага Taurus ракета тизимларини етказиб бериш ва Киев бу ракеталардан қандай фойдаланиши мумкинлиги каби масалаларни муҳокама қилгани аён бўлади.
Суҳбатдошлар агар Германия канцлери Олаф Шолц шундай қарор қабул қилса, Taurus Украинага қайси муддатда етказиб берилиши мумкинлиги, украин артиллериячилари қаерда ўқитилиши ва Германия қуролли кучлари вакилларининг бундаги иштироки қандай бўлиши ҳақида гаплашишган.
Шунингдек, мулоқотда Киев Taurus ёрдамида ҳужум қилиши мумкин бўлган қатор нишонлар, жумладан ўқ-дори омборлари ва «шарқдаги кўприк» тилга олинган:
«Биз бу масалани чуқур ўрганиб чиқдик, афсуски, кўприк ўз катталиги билан учиш-қўниш полосасига ўхшаш деган хулосага келдик. Шу туфайли унга 10 ва ҳатто 20 та ракета етарли бўлмаслиги мумкин», — деган суҳбат иштирокчиларидан бири.
Шу билан бирга, мулоқот иштирокчиларидан бири Британия ва АҚШ Киевга ғарб томонидан етказиб берилаётган мураккаб қуролларни бошқариш ва хизмат кўрсатишда ёрдам бериш учун маълум миқдордаги ҳарбийларини Украинада жойлаштирганини айтиб ўтган.
Хусусан, у Буюк Британия Storm Shadow ракеталарини жойлаштириш учун Украина билан қандай ҳамкорлик қилишини эслатиб ўтган.
«Гап миссияни режалаштириш ҳақида кетганда, — дейди немис командири, — мен инглизлар буни қандай қилишини биламан, улар буни қўллаб-қувватловчи маълумотларни тақдим этиш орқали амалга оширишади. Аммо уларда жойида ишлайдиган бир неча киши ҳам бор».
Вашингтон ҳам, Лондон ҳам узоқ вақтгача можаро ҳудудида ўз ҳарбийлари доимий мавжудлигини рад этиб келишган. Ўтган ҳафтанинг сешанба куни Буюк Британия илк бор Украинада «маълум миқдордаги ҳарбий персонали» мавжудлигини тасдиқлади, аммо улар қандай вазифаларни бажаришига аниқлик киритилмаган.
Бу аудиёзув ҳақиқийми?
Ёзув эълон қилинишининг эртасига Германия мудофаа вазирлиги ҳарбийлар мулоқоти эшитилгани фактини тасдиқлади, аммо унинг мазмуни юзасидан изоҳ бермади.
Wall Street Journal нашри орасида Германиянинг юқори мартабали амалдорлари ҳам бўлган манбаларига асосланиб хабар беришича, ижтимоий тармоқда тарқалган суҳбат — немис зобитларининг WebEx платформасида ўтказилган онлайн йиғилиши ёзувидир. Бу онлайн-конференциялар ва қўнғироқлар ўтказиш учун Zoom ёки Skype каби иловадир.
Экспертлар фикрича, WebEx қўнғироқларининг шифрлаш даражаси у қадар юқори эмас, шу туфайли узатилаётган маълумотларни тутиб олиш қийин эмасди. Қолаверса, фойдаланувчилар қўнғироқнинг тўлиқ ёзувидан яна бир неча ой давомида фойдаланиш имконига эга бўлиши мумкин, бу эса уни тутиб олиш имкониятини янада оширади. Ҳакерлар суҳбатни ёзиб олиш учун унга реал вақт режимида қўшилишига ҳожат бўлмаган — тизимга кейинроқ кириш ва у сақланаётган булутдан ёзувларни юклаб олиши етарли бўлган.
Германия қуролли кучлари стандартларига кўра, WebEx махфий маълумотларни муҳокама қилиш учун яроқли бўлмаган платформа сифатида қайд этилган. Бошқа сўз билан айтганда, офицерларга WebEx орқали қўнғироқлашишга рухсат берилган, аммо бирор нозик маълумотни муҳокама қилиш мумкин эмасди.
Аммо, Wall Street Journal манбаларига кўра, амалда шифрланган алоқа тизимларидан фойдаланишдаги мураккабликлар туфайли бундесвердаги кўплаб қўнғироқлар айнан WebEx орқали амалга оширилади.
Катта эҳтимол билан, бу сафар ҳам худди шу сабаб билан шундай йўл тутилган. Wall Street Journal маълумотига кўра, суҳбат иштирокчиларидан бири Сингапурда бўлган ва у онлайн-учрашувда мобил телефон орқали қатнашган.
Бу шу каби муҳокамалар учун фақат шифрланган алоқа линияларидан фойдаланишни талаб этадиган бундесвернинг қоидалари бузилиши саналади. Германия мудофаа вазирлиги текширув бошланганини маълум қилган.
«Менинг фикримча, барча немис кузаувчилари ҳам Taurus тўғрисида маълумот сизиб чиқиши нақадар жиддийлигини англамаяпти. Зарар нуқтайи назаридан энг кўп жабрланган иттифоқчи — бу Буюк Британиядир», — деб ҳисоблайди Белгиядаги ҳарбий академия профессори Эдвард Ҳантер Кристи.
«Бу вазият суҳбатда қатнашганларга, биринчи навбатда Германия ҳарбий-ҳаво кучлари бўлим бошлиғига жуда салбий таъсир қилади. У нозик маълумотни ҳимояланмаган канал орқали муҳокама қилган. Бу янги ходимлар даражасидаги хатодир», — дея қўшимча қилган эксперт твиттердаги саҳифасида.
Мулоқот нега эълон қилинган бўлиши мумкин?
Россия ўзида бундай тутиб олинган маълумотлар борлигини очиқлаганининг ўзи кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин. Рақибнинг алоқа тизимларига муваффақиятли киришни амалга оширганида, одатда бутун дунёдаги разведка идоралари маълумотлардан фойдаланишда давом этиш учун бундай имкониятга эгалигини имкон қадар узоқ вақт давомида яширишни афзал кўради.
Аммо ҳар бир муайян ҳолатда барчасини деталлар ҳал қилади.
Биринчидан, Taurus ракета тизимлари ҳақидаги суҳбат қандайдир махфий жосус туфайли эмас, балки онлайн-йиғилишлар ўтказиладиган WebEx платформасининг оддий шифрланишини четлаб ўтган ҳолда қўлга киритилган. Шундай экан, бундай маълумот ошкор этилиши Кремлнинг хориждаги жосуслари ҳаётига хавф туғдирмайди. Бу эса жуда муҳим омил.
Иккинчидан, баъзида тутиб олинган маълумот эълон қилинишидан бўладиган фойда маълумот манбасига йўл сақлаб қолишдан афзалроқ бўлиши мумкин. Масалан, шифрлаш протоколи, дастурий таъминот мажбурий янгиланиши, аниқланган пароллар ўзгартирилиши ва ҳоказо сабаблар туфайли кириш имконияти барибир ёпилиши маълум бўлган ҳолатларда.
Кремл таъсиридаги «Комсомолская правда» нашри ҳарбий мухбири Александр Коц эшитилган маълумот эълон қилингани юзасидан шундай муносабат билдирган:
«Пленка пайдо бўлиши фактининг ўзи Берлин Украинага узоқ масофага ҳаракатланувчи Таурус ракеталарини етказиб бериш бўйича келишиб олишга жуда яқинлигидан далолат беради. Ўрта бўғин даражасида эмас, балки олий сиёсий раҳбарият даражасида. Россия разведкаси сўнгги лаҳзаларда немислар бармоғига пўписа қилиб қўйди».
Берлинда ҳам, Лондонда ҳам россияликларнинг хабари «Кремлнинг беқарорлаштириш бўйича ахборий кампанияси» деб аталди. Суҳбат эшитилиши Германия ичкарисида ҳам, Берлин ва унинг иттифоқчилари ўртасида ҳам турли мунозараларни келтириб чиқарди.
Буюк Британия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тобиас Элвуд BBC учун интервюсида маълумотлар сизиб чиқишини «Берлин учун шармандалик» деб атаган.
«Биз Германия ва Буюк Британия, шунингдек НАТО ўртасидаги дипломатик доираларда бу вазият келиб чиқиши сабаблари юзасидан жиддий суҳбатлар ўтказишимиз керак», — дея қўшимча қилган у.
Германия мудофаа вазири: маълумот бир кишининг хатоси туфайли сизиб чиққан
Германия мудофаа вазири Борис Писториус ахборот сизиб чиқиши телеконференция иштирокчиларидан бири унда ҳимояланмаган линия бўйича қатнашгани туфайли содир бўлгани, бу Россия махсус хизматларига мулоқотни эшитиш имконини берганини маълум қилди.
Писториус зобитлар Webex платформасининг нисбатан яхши ҳимояланган ва немис армияси серверларига ўрнатилган платформаси ёрдамида гаплашганини билдирган.
У сешанба кунги матбуот анжумани чоғида иштирокчилардан бири «рухсат берилмаган канал» орқали боғлангани ва ахборот сизиб чиқишига айнан шу сабаб бўлганини таъкидлаган.
Вазир интизомий текширув олиб борилаётганини тасдиқлатган, аммо айбдорларни қаттиқ жазолаш ниятида эмаслигини билдирган.
«Айни вақтда шахсий оқибатлар кун тартибида эмас. Мен ўзимнинг энг яхши зобитларимни Путиннинг ўйинлари учун қурбон қилмайман», — деган у.
Маълум бўлишича, онлайн мулоқотга ҳимояланмаган линия орқали кирган зобит феврал ойи охирида ҳарбий авиашоу ўтказилган Сингапурда бўлиб турибди.
Аввалроқ Германия мудофаа вазири маълумот сизиб чиқиши немис жамиятида бўлинишга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
«Гап бизнинг бирдамлигимизни бузиш ҳақида кетмоқда. Шунга кўра, биз бунга ўта эҳтиёткорлик билан, лекин бундан кам бўлмаган қатъийлик билан жавоб беришимиз керак», — дея қайд этганди Писториус. У «Путиннинг ўлжасига айланмаслик» муҳимлигини таъкидлаб, Кремл немисларни парчалай олмаслигига ишонч билдирган.
Писториус иттифоқчиларнинг Германияга ишончига путур етгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.
«Барча бундай тутиб олишлар хавфи ҳақида билади ва мутлақо хавфсизлик ҳеч қаерда бўлмаслигини яхши тушунади», — деган у.
Ҳозирда Украинага Taurus ракеталарини етказиб бериш имконияти ҳақидаги мунозаралар қандай кечмоқда? Бу қанотли ракеталар Киевга олдинроқ етказиб берилган Storm Shadow ва Scalp ракеталарига ўхшаб кетади, аммо - улардан фарқли ўлароқ икки баробар кўпроқ масофадаги нишонга зарба бериши мумкин. Taurus айниқса муҳим стратегик нишонларни - катта кўприклар, аэродромлар, рақиб армиясининг асосий қўмондонлик пунктлари жойлаштириладиган бункерлар, қурол омборлари ва ишлаб чиқариш корхоналарини йўқ қилишда самарали ҳисобланади.
Германия канцлери Олаф Шолц бир неча марта Украинага Taurus ракеталари берилишига қаршилигини маълум қилган. У Taurus ракеталаридан фойдаланишни назорат қилиш учун Украинага немис ҳарбийларини юбориш талаб этилиши, аммо бу унинг учун йўл қўйиб бўлмайдиган қадам эканини айтади.
Шолц кўп март Германия Россия билан тўғридан тўғри можарога тортилишидан хавфсирашини билдирган.
Мавзуга оид
19:45 / 22.11.2024
Норвегияда АҚШ элчихонаси қўриқчиси жосусликда гумонланиб қўлга олинди
11:10 / 22.11.2024
Меркел мемуарида РФга нисбатан сиёсатини ҳимоя қилиб чиқди
13:43 / 21.11.2024
Германия Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам партиясини юборди
21:36 / 20.11.2024