Британия Россия МБ активларини Украинага ўтказишга тайёр
Лондоннинг режаларига кўра, Россия Украинага товон тўлаганида пулни қайтариб олиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, агар Украина жанг майдонида ғалаба қозонмаса, Россия Федерацияси пулни қандай қайтариши аниқ эмас, дея қайд этади Guardian.
Британия Россия Федерацияси Марказий банкининг мамлакатда музлатиб қўйилган барча активларини ссуда кўринишида Украинага ўтказишга тайёр, бунда уруш тугаганидан кейин Россия товон пули тўлаши назарда тутилади. Бу ҳақда Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмеронга таяниб, 6 март, чоршанба куни Британиянинг The Guardian газетаси хабар берди.
Кэмероннинг режасига кўра, Россия репарация тўлаганида, кредит қайтарилади, бу эса Москвага ўз маблағларидан фойдаланиш имконини беради. «Россия товон пули тўлаганда биз уни қайтариб беришимизни билиб, гаров сифатида музлатилган активлардан фойдаланадиган синдикатланган кредит ёки қарз маблағини ишлатиш имконияти мавжуд», - дея тушунтирди Кэмерон.
Вазирнинг қайд этишича, Британия «катта еттилик» давлатлари ва Европа Иттифоқи билан музлатилган Россия активларини Украинага ўтказиш масаласида келишилган позицияга интилмоқда, бироқ керак бўлса, бу қадамни жамоавий қарорсиз қўйишга тайёр.
Режанинг кучли ва заиф томонлари
The Guardian режанинг кучли томони сифатида у расмий равишда Россия активларини мусодара қилишни назарда тутмаслигини келтирди, чунки Москва охир-оқибат улардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, нашр таъкидлашича, режанинг заиф томони ҳам бор: агар Украина жанг майдонида ғалаба қозонмаса, Россия унга товон тўлашга рози бўлмайди ва кейин пулни Москвага қандай қайтариш номаълум бўлиб қолади.
Нашр ёзишича, Кэмероннинг бу таклиф ҳақида биринчи марта очиқ ва батафсил гапираётгани бу режани Европа Иттифоқида эмас, балки АҚШда сиёсий қўллаб-қувватлашдан дарак бериши мумкин.
РФ МБнинг Британиядаги музлатилган активлари
Британияда Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан сўнг Россия Федерацияси Марказий банкининг активлари деярли 25 миллиард фунт стерлинг (32 миллиард доллар) миқдорида музлатиб қўйилди, бироқ бу ҳақда расман хабар берилмади, деб ёзади The Guardian.
Январ ойи охирида ЕИ давлатлари Россиянинг Европа Иттифоқида музлатилган активларидан олинган фойдани махсус жамғармага ўтказиш режаси бўйича келишиб олди ва бу маблағ кейинчалик Украинани қайта тиклаш учун ишлатилиши мумкин. Ҳозирда ушбу режани амалга ошириш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Bloomberg агентлигига кўра, Қўшма Штатлар «катта еттилик» мамлакатлари июн ойида бўлиб ўтадиган саммитда Россия Федерацияси Марказий банки активларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қила олишини кутмоқда. Шу билан бирга, G7 давлатлари ҳали Россия активларидан аниқ қандай фойдаланиш бўйича консенсусга эришгани йўқ, бироқ уларнинг барчаси, агар у Украинани қайта тиклашда ёрдам ҳақида ваъда бермаса, бу маблағлар Россия учун мавжуд бўлмаслиги керак, деган фикрда.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024