Ўзбекистон | 21:03 / 07.03.2024
9233
2 дақиқада ўқилади

Минитракторларни олиб киришда божхона имтиёзлари берилади

Бу имтиёзлар аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган. 

2027 йил 1 январгача мотокултиватор, бир ўқли трактор ва минитракторни олиб киришда божхона божининг нол ставкалари белгиланади. Бу ҳақда «Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорида белгилаб қўйилган. 

Шунингдек, қарорга кўра, «Online-mahalla» платформасининг «Аҳоли томорқаси» модулига томорқа ер эгалари томонидан етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хонадонда мавжуд иссиқхоналар ҳамда томорқадан самарали фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар ҳар 6 ойда (апрел, октябр ойларида) киритилади. 

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан ажратиладиган кредитлар йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада (шундан 4 фоизи банк маржаси) қуйидагича берилади:

- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш ва «дала дўконлари»ни қуриш учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йил муддатга;

- боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, кўчма музлаткичларни ўрнатиш, артезиан қудуқларини қазиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид