Жаҳон | 14:29 / 09.03.2024
14883
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған президентликдан қачон кетишини маълум қилди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2028 йилдаги президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этмаслиги мумкин.

Фото: Reuters

Туркияда жорий йил 31 март куни бўлиб ўтадиган муниципал сайловлар мамлакатнинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған учун охирги сайлов бўлиши мумкин. Бу ҳақда TRT Haber хабар берди.

“Иш фаолиятим билан тўхтовсиз шуғулланяпман, нафас олишга улгурмай югуряпмиз. Мен учун бу якун. Бу сайловлар қонунчилик томонидан рухсат этилган ваколатим доирасидаги сўнгги сайловдир. Кейинги ишлар мендан кейин келадиган биродарларимга ўтади”, деган Эрдўған.

Туркия президенти ўз тарафдорларини энг йирик шаҳарлар – Истанбул, Анқара ва Измир мэрлик сайловларида амалдаги мухолифат учун эмас, балки ҳукмрон партия вакиллари ғалаба қозониши ва шу билан 1 апрелдан “янги давр”ни бошлаш учун овоз беришга чақирган.

Маълумот учун, 2017 йилда Туркия референдум натижасида президентлик республикасига айлантирилганди. Амалдаги конституцияга кўра, давлат раҳбари ўз лавозимида кетма-кет икки муддатдан кўп ўтириши мумкин эмас. 2023 йил май ойида бўлиб ўтган сайловларда Эрдўған беш йиллик иккинчи муддатга қайта сайланганди. Унинг ваколат муддати 2028 йилда тугайди.

Мавзуга оид