Ўзбекистон | 12:36 / 13.03.2024
9616
1 дақиқада ўқилади

“Ташаббусли бюджет” бўйича овоз бериш жараёни вақтинча тўхтатилди

“Очиқ бюджет” порталида 13 март соат 00:00 дан бошланган овоз бериш жараёни техник носозликлар сабаб тўхтатилди. Жараён 16 март соат 00:00 дан бошлаб давом эттирилади. Айни пайтгача йиғилган овозлар сақлаб қолинади.

Қисқа вақт ичида 6 та ташаббус 1500 тадан кўп овоз йиғиб улгурди.

“Очиқ бюджет” портали ишида айрим техник носозликлар кузатилаётгани сабабли портал фаолиятида узилишлар бўлмоқда. Носозликларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида овоз бериш жараёнлари вақтинча тўхтатилади ва 16 март соат 00:00 дан бошлаб давом эттирилади.

“Айни вақтда мутахассислар томонидан камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Тизим фаолиятига оид қўшимча саволларингиз юзасидан ушбу рақам орқали мурожаат қилишингиз мумкин: +99871 2035050 (ички рақам — 01323, 01327)”, дейилади Иқтисодиёт ва молия вазирлиги изоҳида.

Вазирлик расмийларига кўра, жараён тўхтатилгунига қадар йиғилган овозлар сақланиб қолади.

Маълумот учун, бу мавсумда республика бўйлаб жами 35 минг 575 та таклиф келиб тушган. Ғолиб чиққан ташаббусларни молиялаштириш учун туман (шаҳар) бюджетлари ҳисобидан жами 3,02 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Мавзуга оид