Жаҳон | 22:47 / 13.03.2024
6891
2 дақиқада ўқилади

Европа парламенти сунъий интеллект тўғрисидаги қонунни қабул қилди

Янги қонунга кўра, сунъий интеллект томонидан қайта ишланган барча тасвирлар, аудио ёки видеоёзувлар («дипфейклар») тегишли белгига эга бўлиши талаб қилинади. 

Фото: Alexander / Adobe Stock

Европа парламенти сунъий интеллектдан (СИ) фойдаланишни тартибга солувчи қонунни маъқуллади. Бу сунъий интеллектни назорат қилиш бўйича дунёдаги биринчи «қоидалар тўплами» экани таъкидланмоқда. 

Ташаббуснинг мақсади «инсон ҳуқуқлари, демократия, қонун устуворлиги ва экологик барқарорликни юқори хавфли сунъий интеллектдан ҳимоя қилиш, шунингдек, инновацияларни рағбатлантириш ва Европани бу соҳада етакчи қилиш», дейилади Европа парламенти баёнотида. 

Қонунда сунъий интеллектга асосланган технологияларга хавф тоифалари ажратилиши белгилаб қўйилган: қабул қилиб бўлмайдиган (бу ҳолда технология тақиқланади), юқори, ўрта ва паст. 

Янги қонунга кўра, қуйидагилар тақиқланади: реал вақт режимида юзни аниқлаш, иш жойи ва мактабларда одамларнинг ҳис-туйғуларини аниқлаш, ижтимоий рейтинг ва инсон хатти-ҳаракатларини манипуляция қилувчи ёки заифликларидан фойдаланувчи СИ технологиялари. 

Умумий мақсадли СИ тизимлари маълум шаффофлик талабларига жавоб бериши керак. СИ томонидан қайта ишланган барча тасвирлар, аудио ёки видеоёзувлар («дипфейклар») тегишли белгига эга бўлиши талаб қилинади. 

Ҳужжат ҳали Европа Кенгаши томонидан тасдиқланиши керак. У май ойи охирида кучга кириши кутилмоқда.

Европарламент раҳбари Роберта Метсола сўзларига кўра, қонун Европа Иттифоқи фуқароларининг асосий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга инновацияларга ёрдам беради. 

«Сунъий интеллект аллақачон кундалик ҳаётимизнинг муҳим қисмига айланган. Энди бу бизнинг қонунчилигимиз билан тартибга солинади», деди у.

Мавзуга оид