Технология | 20:30
863
2 дақиқада ўқилади

Ёзувчилар энг йирик сунъий интеллект платформаларини судга берди

Даъвога кўра, компаниялар чат-ботлар ва сунъий интеллект хизматларига асос бўлган катта тил моделларини (LLM) ўқитиш учун муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган китоблардан рухсатсиз фойдаланган.

Фото: Reuters

The New York Times журналисти ва «Bad Blood» китоби муаллифи Жон Каррейру яна беш муаллиф билан биргаликда АҚШ федерал судига сунъий интеллект соҳасида ишлайдиган етакчи технология компанияларига қарши даъво аризаси киритди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Иш бўйича жавобгарлар сифатида OpenAI, Google, xAI, Meta, Anthropic ва Perplexity кўрсатилган.

Даъвога кўра, компаниялар чат-ботлар ва сунъий интеллект хизматларига асос бўлган катта тил моделларини (LLM) ўқитиш учун муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган китоблардан рухсатсиз фойдаланган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, уларнинг асарлари муаллифларнинг розилигисиз ва компенсация тўламасдан қўлланилган, бу эса интеллектуал мулк тўғрисидаги қонунларни бузади.

Муаллифларнинг таъкидлашича, уларнинг даъвоси жамоавий эмас. Уларнинг фикрича, бундай формат кўпинча асарларидан фойдаланилган ҳуқуқ эгаларига эмас, балки корпорацияларга фойда келтиради.

Даъво аризасида, шунингдек, илгари Anthropic компанияси ҳуқуқ эгалари билан тахминан 1,5 миллиард долларлик шартнома тузгани, бироқ даъвогарлар бундай битимларни етарли эмас ва китоблардан лицензиясиз тизимли фойдаланиш муаммосини ҳал қилмайди, деб ҳисоблаши айтилган.

Reuters нашрида қолган беш нафар муаллифнинг исми ошкор этилмаган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу иш муҳим прецедентга айланиши ва келажакда сунъий интеллектни ўқитиш қоидаларига, шунингдек, нейрон тармоқлари учун контентни лицензиялаш амалиётига таъсир қилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид