Ўзбекистон | 20:22 / 19.03.2024
49452
2 дақиқада ўқилади

Бухородаги ЙТҲ қурбонлари сони ортди

Когон туманида мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус чорраҳада юк машинаси билан тўқнашиши ортидан яна бир ўқувчи қиз вафот этди. У шифохонада оғир аҳволда қолаётганди.

Фото: ИИВ ЙҲХХ

18 март куни Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудида автобус ҳамда юк автомобили иштирокида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида яна икки киши ҳалок бўлди.

Ҳодиса юзасидан берилган илк хабарларда мактаб ўқувчилари Бухоро шаҳридаги театрга олиб кетилаётган автобусда бўлган ўқувчилардан бири воқеа жойида вафот этгани, яна бири шифохонага ётқизилгани айтилганди.

Kun.uz манбасига кўра, 19 март куни Когон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг яна бир ўқувчиси шифохонада вафот этган.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот котиби Ирода Орипова билан боғланди. Бошқарма матбуот котиби ўқувчи қиз вафот этганидан хабари йўқлиги, кун давомида бошқа тадбирларда бўлгани, бироқ бошқарма масъуллари шифохонага бориб-келиб туришганини маълум қилди.

«Янги Ўзбекистон» нашри ЙТҲ оқибатида 1991 йилда туғилган автобус ҳайдовчиси О.Ш. шифохонада вафот этгани ҳақида хабар берган.

Ҳодиса оқибатида автобусда бўлган яна 25 нафар ўқувчига тиббий ёрдам кўрсатилганди.

UPD: ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ЙТҲ натижасида автобус ҳайдовчиси ҳам шифохонада вафот этгани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Мавзуга оид