BYD автомобилларининг импорти чекланиши мумкин
“Ўзавтосаноат” билан бирга Жиззахда завод қураётган Хитой бренди ўз маҳсулотларининг Ўзбекистонга импортини “тартибга солиш”ни сўраяпти. Бу олиб кирилаётган моделларнинг маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослашмагани билан изоҳланган. 1 июлгача бу борада рақобат қонунчилиги ва Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар ишлаб чиқиладиган бўлди.
“Ўзавтосаноат” билан ҳамкорликда Жиззахда ишлаб чиқаришни ташкил этаётган BYD компанияси ўз электромобилларининг Ўзбекистонга “тартибсиз импорти”ни чеклаш бўйича ҳукуматга мурожаат билан чиққан.
Компания буни Ўзбекистонга олиб кирилаётган моделлари “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга эмаслиги” билан изоҳлаган. Бу маълумот 18 март куни имзоланган президент қарорида келтириб ўтилган.
Қарор билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖга 2024 йил 1 июлга қадар BYD бренди остидаги электромобил ва гибрид автомобиллар импортини тартибга солиш бўйича BYD'нинг талабини амалга оширишга қаратилган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди.
Таклифларни тайёрлашда рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва Жаҳон савдо ташкилоти принципларидан келиб чиқилиши белгиланди.
Ҳужжатда таъкидланишича, “Ўзавтосаноат” АЖ ва BYD Europe B.V. (Нидерландия) компаниялари “BYD Uzbekistan Factory” МЧЖ қўшма корхонасини 2022 йил 29 декабрда таъсис этган. Қўшма корхона 2023 йил 23 январда рўйхатдан ўтказилган, унинг 60 фоиз улуши “Ўзавтосаноат” АЖга, 40 фоизи BYD Europe B.V. компаниясига тегишли.
2023 йил 26 сентябр куни Ўзбекистон ҳукумати номидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва BYD Europe B.V. ўртасида “Ўзбекистон Республикасида электромобил ва гибрид автомобиллар ҳамда уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги инвестиция шартномаси имзоланган.
2024 йил 18 март кунги президент қарори билан, ушбу шартнома тасдиқланди. Қарорда ёзилишича, шартномага мувофиқ BYD Europe B.V. (инвестор) ва қўшма корхона ўз зиммасига қуйидагича мажбуриятлар олган:
- инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг бутун даври мобайнида умумий қиймати 160 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестицияларни, шу жумладан 60 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш;
- инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичида (2024 йил давомида) ишлаб чиқариш қувватини майда узелли йиғиш (CKD) усулида 50 минг дона электромобиль ва гибрид автомобилга етказиш;
- маҳаллий аҳоли учун 1000 та янги иш ўринларини яратиш.
Шунингдек, инвестор:
- ишлаб чиқариладиган электромобил ва гибрид автомобиллар учун босқичма-босқич маҳаллий корхоналарда бутловчи ва эҳтиёт қисмларни, шу жумладан ойналар, ўриндиқлар, пластик қисмлар ва бамперларни маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш;
- қўшма корхонанинг маблағларини тадқиқотлар олиб бориш ҳамда маҳаллий ходимларнинг малакасини ошириб боришга (шу жумладан хориждаги BYD корхоналарида) йўналтириш мажбуриятларини ҳам олган.
Президент қарори билан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖга қуйидаги масалаларни инвестиция шартномасига қўшиш бўйича инвестор билан музокаралар олиб бориш ва натижаси бўйича қўшимча келишувни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилди:
- инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида электромобил ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқариш қувватини босқичма-босқич йилига 500 минг донагача ошириш;
- инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги даврларида ишлаб чиқариладиган электромобиль ва гибрид автомобилларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоизгача етказиш;
- маҳаллий аҳоли учун 10 000 та янги иш ўринларини яратиш;
- ишлаб чиқарилган электромобил ва гибрид автомобилларни қўшма корхона томонидан белгиланган экспорт давлатларидан ташқари доимий равишда экспорт қилинадиган давлатлар рўйхатини кенгайтириш;
- сифатли ва хавфсиз электромобил ва гибрид автомобилларни харид қилиш, уларнинг маҳаллий иқлим шароитларига мувофиқлигини таъминлаш ҳамда кафолатли сервис хизматини кўрсатиш бўйича истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини ишлаб чиқиш;
- барча автомобил ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шу жумладан инвесторга, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференцияларни беришда тенг шартлар ва шароитларни яратиш.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январ ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи вақтида BYD компанияси томонидан Жиззах шаҳрида электромобил ва гибрид автомобиллар ишлаб чиқарилишига старт берилган эди.
Аввалроқ, хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларни Ўзбекистонга фақат ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари томонидан олиб кирилишига оид тартиб тикланиши мумкинлиги, ҳукуматда бу борадаги ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилаётгани маълум бўлганди.
Мавзуга оид
21:48 / 23.11.2024
Одамлар ўлимига кўпроқ сабаб бўлаётган энг хавфли автомобиллар саналди
13:07 / 18.11.2024
Пискент полигонидаги навбат электрон шаклга ўтказилди
12:06 / 16.11.2024
“Биз тўғридан тўғри завод билан ишлаймиз”: Тошкентда 16 кунлик фирма одамларни “ҳалол лизинг”га машина олиб беришга ишонтирмоқда
17:00 / 15.11.2024