Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йилнинг энг ишончли автомобил брендлари маълум қилинди
J.D. Power компанияси томонидан ўтказилган 2026 йилги тадқиқот натижаларига кўра, Lexus энг ишончли автомобил бренди сифатида кетма-кет тўртинчи йил етакчиликни сақлаб қолди. Шу билан бирга, соҳада умумий ҳолат ёмонлашиб, ҳайдовчилар ҳар қачонгидан кўпроқ носозликлар ҳақида хабар бермоқда.
Тадқиқотда автомобилларнинг ишончлилиги PP100 (100 та автомобилга тўғри келадиган муаммолар сони) кўрсаткичи орқали баҳоланган. Бу кўрсаткич қанча паст бўлса, бренд шунча ишончли ҳисобланади.
2026 йилда Lexus ҳар 100 та автомобилга 151 та муаммо кўрсаткичи билан биринчи ўринни эгаллади. Кейинги ўринлардан Buick (160 PP100) ва MINI (168 PP100) жой олди.
Тадқиқот уч йил давомида эксплуатация қилинган автомобилларнинг биринчи эгалари томонидан билдирилган шикоятлар асосида шакллантирилган. Унга кўра, соҳа бўйича ўртача кўрсаткич 204 та муаммони ташкил этган бўлиб, бу рекорд даража ҳисобланади.

Мутахассислар таъкидлашича, автомобиллардаги асосий муаммолар энди механик қисмлар эмас, балки мултимедиа тизимлари, смартфонлар билан интеграция ва турли дастурий носозликлар билан боғлиқ. Хусусан, Android Auto ва Apple CarPlay тизимлари билан боғлиқ муаммолар сўнгги уч йил давомида ҳайдовчилар томонидан энг кўп тилга олинаётган шикоятлардан бири бўлиб қолмоқда.
Япония автомобилсозлик саноати тадқиқотда яна юқори натижалар қайд этди. Subaru, Toyota, Nissan, Honda ва Mazda брендлари соҳа бўйича ўртача кўрсаткичдан яхшироқ натижа кўрсатиб, ишончли автомобил ишлаб чиқарувчилари сифатидаги обрўсини тасдиқлади.
Премиум сегмент вакиллари ҳам юқори натижалар қайд этди. Cadillac, Porsche, BMW ва Genesis рейтингнинг юқори қисмига кирди.
Тадқиқот шуни ҳам кўрсатдики, турли қувват қурилмаларига эга автомобиллар орасида энг кўп муаммо кузатилаётган тоифа — ташқи қувват манбаидан зарядланадиган гибрид автомобиллардир. Уларда ҳар 100 та автомобил ҳисобига 281 та носозлик қайд этилган.
Анъанавий бензин двигателли автомобиллар эса ишончлилик бўйича яхшиланиш кўрсатган ягона тоифа бўлди. Улардаги муаммолар кўрсаткичи 198 тагача пасайган.
Рейтингнинг қуйи қисмида эса Volkswagen, Volvo ва Land Rover брендлари жойлашди. Улар орасида энг ёмон натижани Volkswagen қайд этган бўлиб, ҳар 100 та автомобилга 301 та муаммо тўғри келган. Бу кўрсаткич рейтинг етакчиси Lexus натижасидан қарийб икки баробар юқори ҳисобланади.
Мавзуга оид
19:22 / 14.06.2026
Ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар эгалари экологик компенсация тўлаши мумкин
18:45 / 12.06.2026
Кундалик саёҳат учун энг яхши автомобил номи эълон қилинди
17:38 / 09.06.2026
Бир йилда битта машинага сертификат чеклови бекор қилинди: бу нимани англатади?
21:37 / 05.06.2026