12:30 / 20.03.2024
9052

Трамп: Европаликлар тўлашни тўхтатмагунча, АҚШни НАТОдан чиқармайман

АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп, агар у ғалаба қозонса, алянснинг европалик аъзолари ўз бадалларини тўлар экан, мамлакатни НАТОдан чиқмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Европадаги «баъзи муаммолар»дан океан билан ажралиб туради.

Фото: AP / Alex Brandon

АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп, агар у ғалаба қозонса, алянснинг европалик аъзолари ўз бадалларини «ҳалол» тўлар экан, мамлакатни НАТОдан чиқмаслигини айтди. Трампнинг бу сўзлари 19 март, сешанба куни Британиянинг ўнг қанот телеканали GB News дастури эфирида бошловчи, «Брекзит» партиясининг собиқ етакчиси Найжел Фаражнинг саволига жавобан эшитилди.

«Қўшма Штатлар ўзининг адолатли улушини (НАТОдаги мудофаа харажатларини) тўлаши керак ва бошқалар учун тўламаслиги керак», деб таъкидлади Трамп. Унинг фикрича, Шимолий Атлантика иттифоқи АҚШдан кўра Европа давлатлари учун «муҳимроқ». «Биз билан Европадаги баъзи муаммолар орасида океан бор. Катта ва гўзал океан», - деди америкалик сиёсатчи. 

Трамп НАТОдаги «тўламайдиганларга» ҳимоясиз қолдириш билан таҳдид қилди 

10 феврал куни Жанубий Каролинада бўлиб ўтган митингда Доналд Трамп НАТО давлатларидан бирининг раҳбари билан гўёки суҳбати ҳақида гапириб берди. «Йирик давлатнинг президентларидан бири ўрнидан туриб, «Хўш, жаноб, агар биз пул тўламасак ва Россия бизга ҳужум қилса, бизни ҳимоя қиласизми?» деди. Бунга жавобан, унинг сўзларига кўра, давлатга ҳимоя тақдим этмаслиги, балки аксинча, Россияни «хоҳлаганини қилишга» имкон яратиб беришини айтган. «Сиз тўловларни тўлашингиз керак», деди Трамп АҚШ иттифоқдошларига мурожаат қилиб. 

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Шимолий Атлантика алянси ҳарбий таҳдидга қарши «барча иттифоқчиларни ҳимоя қилишга тайёр ва қодир»лигига ишонтирди. Трампнинг сайловдаги потенциал рақиби, АҚШ амалдаги президенти Жо Байден рақиби сўзларини хавфли деб атади. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел эса Европа давлатларини ўз мудофаа салоҳиятини оширишга чақирди, чунки «Америка соябони абадий очиқ қолмаслиги мумкин». 

ОАВ: Агар ғалаба қозонса, Трамп Россия ва Украинани тинчликка мажбурламоқчи 

15 феврал куни Bloomberg шунингдек, агар Доналд Трамп ноябр ойидаги сайловда ғалаба қозонса, у Россия ва Украинага тинчлик музокараларини бошлаши учун босим ўтказиш ниятида эканини маълум қилган. Шу билан бирга, Украинага босим ўтказиш дастаги ёрдамни олиб ташлаш таҳдиди, Россияда эса, аксинча, Киевга ёрдамнинг кўпайиши бўлиши мумкин, деди республикачи номзодга яқин манбалар журналистларга.

Аввалроқ Трамп агар сайланса, Украинадаги урушни имкон қадар тезроқ тугатишини бир неча бор таъкидлаган эди. 

Top