Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕЯТТ 500 нафар россиялик олим билан ҳамкорликни тўхтатади
ЕЯТТ ноябр ойидан бошлаб 500 га яқин россиялик олимлар билан ҳамкорликни тўхтатади, деди Европа ядровий тадқиқотлар ташкилоти вакили Арно Марсоле. Бу Россияда экспериментал физикага кучли зарба беради.
Европа ядровий тадқиқотлар ташкилоти (ЕЯТТ) ноябр ойида «ҳар қандай Россия ташкилоти билан алоқадор» 500 га яқин олимлар билан ҳамкорликни тўхтатади. Бу ҳақда 19 март, сешанба куни ташкилот расмий вакили Арно Марсоле маълум қилди, деб ёзади РИА «Новости».
Марсоленинг эслатишича, ЕЯТТ энди Россиядан молиялаштириш олмайди. «Ва биз келажакда Катта адрон коллайдеридаги вазифаларни бошқа гуруҳлар ўз зиммасига олишига тайёргарлик кўрмоқдамиз», дея қўшимча қилди у.
ЕЯТТ дунёдаги энг йирик юқори энергия физикаси лабораторияси бўлиб, унга 23 та аъзо давлат киради. Ташкилотнинг энг машҳур лойиҳаси Швейцария ва Франция чегарасида жойлашган заррача тезлатгичи Катта адрон коллайдеридир.
Россия 2018 йилда ЕЯТТ аъзолигидан воз кечди, аммо улар ўртасидаги яқин ҳамкорлик давом этди. 2022 йилнинг март ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужумидан сўнг ташкилот Россияни кузатувчи мақомидан маҳрум қилди ва ёзда 2024 йилда муддати тугаганидан кейин Москва ва Минск билан ҳамкорлик шартномаларини янгилаш ниятида эмаслигини билдирди.
Россия илм-фанига кучли зарба
ЕЯТТ тажрибаларида иштирок этаётган россиялик физик, исмини ошкор қилмаслик шарти билан The Insider нашрига берган интервюсида ҳамкорлик тўхтатилиши Россиядаги экспериментал юқори энергия физикасининг бутун соҳаси йўқ қилинишини англатишини айтди. «ЕЯТТ - бу дунёда бундай илм-фан бўлиши мумкин бўлган ягона жой. Коллайдер - ягона нарса. Фойдаланиш имкони йўқ бўлса - илм-фан йўқ бўлади», деди у.
The Insider суҳбатдошининг аниқлик киритишича, 500 га яқин олимлар «шунчаки Россия университетлари ва институтлари мутахассислари». Бироқ, унинг сўзларига кўра, ЕЯТТ билан Дубнадаги Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (БЯТИ)нинг 600 га яқин олимлари ҳам ишлайди. Манба таъкидлашича, ЕЯТТнинг у билан алоҳида келишуви бор, у ҳам ниҳоясига етмоқда, аммо бу борада қарор ҳали қабул қилинмаган.
Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси, Москва физика-техника институти (МФТИ) қошидаги юқори энергия физикаси лабораторияси мудири Тагир Аушев «Ведомости» газетасига берган шарҳида муносабатлар узилишининг илмий зарари ўзаро таъсирга эга бўлишини айтди, чунки россиялик мутахассислар, унга кўра, ЕЯТТ тажрибаларига катта ҳисса қўшган.
Мавзуга оид
19:29 / 22.09.2025
Россия ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга қодир – Путин
15:20 / 22.09.2025
Қрим «ҳокимияти» Украина Форосга зарба берганини маълум қилди
14:35 / 22.09.2025
Германия Болтиқ денгизидаги Россия самолёти туфайли қирувчиларини ҳавога кўтарди
12:25 / 22.09.2025