Жаҳон | 19:03 / 21.03.2024
10962
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда дунёдаги энг йирик электр станцияси қурилиши бошланди 

Станция Париждан беш баравар катта бўлади. У бутун Швейцарияни таъминлаш учун етарли энергия ишлаб чиқаради.

Фото: AFP/Getty Images

Ҳиндистон ғарбида дунёдаги энг йирик электр станцияси қурилиши бошланди. Лойиҳа Гужарат штатида амалга оширилмоқда, деб хабар берди CNN. 

Станция Париждан беш баравар катта бўлади. У бутун Швейцарияни таъминлаш учун етарли энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади. 

Лойиҳанинг қиймати тахминан 20 миллиард долларни ташкил қилади. Қурилиш ишлари беш йил ичида якунланиши режалаштирилган. Қайта тикланадиган энергия манбалари билан ишлайдиган электр станцияси Ҳиндистоннинг 16 миллион хонадонини тоза энергия билан таъминлайди. 

Қурилиш ишлари Adani Green Energy Limited (AGEL) компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Унинг эгаси Сагар Адани Осиёнинг энг бой иккинчи одами Гаутама Адани (бойлиги 100 млрд доллар) укаси ҳисобланади. 

Қайд қилинишича, станция Ҳиндистоннинг ифлосланиш даражасини пасайтириш ва иқлим бўйича мақсадларига эришиш, шу билан бирга дунёдаги энг зич жойлашган мамлакат ва энг тез ривожланаётган йирик иқтисодиётнинг ортиб бораётган энергия эҳтиёжларини қондириш учун жуда муҳимдир. Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 70 фоизи ҳали ҳам кўмир ҳиссасига тўғри келади. 

AGEL маълумотларига кўра, Ҳиндистон ва Покистонни ажратиб турувчи дунёнинг энг хавфли чегараларидан атиги 12 мил узоқликда жойлашган парк 200 квадрат милдан ортиқ майдонни эгаллайди ва энергия манбаларидан қатъи назар, сайёрадаги энг йирик электр станция бўлади. 

Парижда жойлашган Халқаро Энергетика Агентлиги (ХЭА) маълумотларига кўра, Ҳиндистон дунёда энергия истеъмоли бўйича учинчи ўринда туради, гарчи унинг аҳоли жон бошига энергия истеъмоли ва эмиссияси глобал ўртача кўрсаткичнинг ярмидан кам бўлса-да.

Мавзуга оид