Жаҳон | 12:16 / 21.03.2024
4642
3 дақиқада ўқилади

Ирландия бош вазири Лео Варадкар истеъфога чиқяпти

Варадкар ўз лавозимини тарк этиш қарорини «ҳам шахсий, ҳам сиёсий» сабаблар билан изоҳлади. Ирландия ҳукуматининг янги раҳбари 31 мартдан кейин тайинланиши керак.

Фото: Gareth Chaney/PA Wire/picture alliance

Ирландия бош вазири Лео Варадкар кутилмаганда ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди. 20 март, чоршанба куни берган баёнотида Варадкар қарорни «ҳам шахсий, ҳам сиёсий» сабаблар билан изоҳлади. Бундан ташқари, 45 ёшли сиёсатчи ҳукмрон либерал-консерватив «Фине гэл» партияси раиси лавозимини тарк этди.

Варадкарнинг ҳукумат раҳбари сифатидаги вориси шу йилнинг 31 мартида католик ва протестант черковлари нишонлайдиган Пасхадан кейин аниқланиши кутилмоқда. Давлат харажатлари вазири Паскал Донохю ва таълим вазири Саймон Хэррис бу лавозимга номзодлар қаторида кўрилмоқда. Ўз навбатида, Ирландиянинг савдо вазири ва собиқ ташқи ишлар вазири Саймон Коувени аллақачон RTÉ телеканалида бош вазир лавозимига даъвогарлик қилмоқчи эмаслигини маълум қилган. 

Таъкидланганидек, Лео Варадкарнинг истеъфога чиқиш қарори асли келиб чиқиши ирландиялик бўлган АҚШ президенти Жо Байден билан Вашингтондаги анъанавий учрашувидан кўп ўтмай эълон қилинди. Бу ҳукмрон коалиция бўйича Варадкар шериклари учун кутилмаган ҳодисага айланди. Либерал-консерватив «Фианна фойл» партиясидан Ирландия бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Михол Мартин эса, унинг партияси, «Фине гэл» ва «яшиллар» томонидан тузилган мамлакат ҳукумати ишлашда давом этишига ишонтирди. 

Лео Варадкар сўнгги етти йил давомида Ирландия бош вазири лавозимида ишлаган. Мамлакатда навбатдаги парламент сайловлари 2025 йил баҳорининг бошидан кечиктирмай ўтказилиши керак. Ўзининг истеъфога чиқиш мактубида Варадкар Ирландияни янада замонавий ва тенгроқ қилишда ўз ролини ўйнаганидан фахрланишини айтди. 

Ирландияда аёллар ва оила роли бўйича референдумлар муваффақиятсизлиги 

Ирландияда 8 март куни Варадкар ҳукумати ташаббуси билан аёлларнинг жамиятдаги ўрни, уй хўжалиги ва оилага ғамхўрлик қилиш бўйича ўтказилган қўшалоқ референдум муваффақиятсизликка учради. 

1937 йилда қабул қилинган Ирландия конституцияси 41-моддасига кўра, оила «жамиятнинг табиий ва асосий бўғинидир». Ушбу формулани қуйидаги сўзлар билан тўлдириш таклиф қилинди: «Оила - у никоҳ ёки бошқа узоқ муддатли муносабатларга асосланган бўлишидан қатъи назар». Ушбу тузатишнинг танқидчилари бундай сўзлар ноаниқлигини таъкидлади. Баъзилар, ҳаттоки, бу кўпхотинлиликни конституциявий даражада қонунийлаштириши ва Ирландияга ўз «оиласи» билан бирлашишга интилаётган мигрантлар оқимини рағбатлантириши ҳақида таъкидлади. Натижада плебисцит иштирокчиларининг 67,7 фоизи ташаббусга қарши овоз берди. 

Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни бўйича, иштирокчиларнинг 73,9 фоизи конституциядан «аёл ўз уй хўжалигидаги ҳаёти орқали давлатнинг таянчи, усиз умумий фаровонликни таъминлай бўлмайди» деган қоидани олиб ташлаш таклифини рад этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид