04:44 / 27.03.2024
22893

Украина ва Гуржистон ҳам Еврога чиқди. Бу гуржистонликлар учун илк катта турнир

Украина ва Гуржистон миллий жамоалари қўшимча саралаш турнири финалларида мос равишда Исландия ҳамда Грецияни мағлуб этган ҳолда Европа чемпионатига йўлланма олди.

Фото: PA

Гуржистон Грецияни пеналтилар сериясида мағлуб этиб (4:2), илк бор Европа чемпионатининг финал қисмига чиқди.

Тбилисидаги «Динамо Арена» стадионида кечган ўйиннинг асосий ва қўшимча вақтларида ҳисоб очилмади — 0:0.

Футбол лотореясидаги ғалабадан кейин эса фанатлар майдонга чопиб чиқишди.

Украина олдин ҳам катта футбол турнирларида иштирок этган — Европа чемпионатида ҳам, жаҳон чемпионатида ҳам. 2020 йилги Еврода жамоа чоракфиналгача етиб борган ва бўлажак финалчи Англияга ютқазганди.

Қўшимча саралаш турнири финалида Исландияга қарши кечган ўйинда украинлар Босния ва Герцеговинага қарши яримфинал ўйини сценарийсини такрорлашди: битта тўп ҳисобида мағлубиятга учралаётган ўйиннинг сўнгги қисмида ғалаба илиб кетилди.

Исландларнинг биринчи бўлимда урилган голига 54-дақиқада Испаниянинг «Жирона» клубида ёрқин ўйин намойиш этаётган Виктор Циганков жавоб қайтарди, 84-дақиқада эса «Челси» аъзоси Михайло Мудрик ғалаба голини урди.

Чемпионатнинг F гуруҳида Гуржистон Туркия, Португалия ва Чехия каби жамоаларга рақиб бўлади.

Украина Белгия, Словакия ва Руминия билан E гуруҳидан жой олди.

Қўшимча турнирнинг яна бир финалида Уэлс пеналтилар сериясида Полшага мағлуб бўлди. Жамоалар асосий вақтда ҳам, қўшимча бўлимларда ҳам гол ура олишмади, футбол лотореясида эса уэлсликлар сафида нуқтага бешинчи бўлиб келган Дэниэл Жеймснинг зарбасини дарвозабон қайтарди (4:5).

Шу тариқа, Британиянинг тўрт жамоасидан фақат иккитаси турнир финал қисмида ўйнайди: Англия ва Шотландия.

Европа чемпионати 2024 йилнинг 14 июнидан 14 июлига қадар бўлиб ўтади.

Ўйинларга Берлин, Дортмунд, Дюсселдорф, Франкфурт, Ҳамбург, Кёлн, Лейпциг, Мюнхен ва Штутгарт шаҳарларидаги стадионлар мезбонлик қилади.

Германиядаги чемпионат гуржистонликлар учун СССР парчаланганидан буён илк йирик халқаро турнир бўлади.

Гуржистон жамоасига Франция миллий жамоасининг собиқ футболчиси Вилли Саниол бош мураббийлик қилмоқда.

Евро-2024 саралашиПлей-оффФинал

Гуржистон  Греция 0:0
Пеналтилар
 серияси — 4:2.
26 март, «Динамо Арена»
Гуржистон – Мамардашвили, Какабадзе, Кашия, Кверквелия, Двали, Китейшвили (Квеквескири, 104), Кочорашвили, Чакветадзе (Давиташвили, 104), Кварацхелия (Квилитая, 109), Зивзивадзе (Микаутадзе, 74), Шенгелия (Цитаишвили, 86).
Греция – Влаходимос, Болдок (Рота, 60), Хацидиякос (Рецос, 105), Мавропанос, Цимикас, Бакасетас, Манталос (Бухалакис, 99), Курбелис (Сиопис, 67), Пелкас (Константелиас, 61), Масурас, Иоаннидис (Якумакис, 90).
Огоҳлантиришлар: Болдок (6), Хацидиякос (35), Зивзивадзе (42), Мавропанос (44), Кверквелия (50), Константелиас (90), Рота (90+3).

Украина  Исландия 2:1
Голлар: Циганков (54), Мудрик (84) — Гудмундссон (30).
Украина – Лунин, Конопля, Матвиенко, Забарний, Миколенко, Малиновский (Зинченко, 64), Судаков, Бражко, Мудрик, Циганков (Таловеров, 88), Яремчук (Довбик, 72).
Исландия – Валдимарссон, Паулссон, Ингасон, Гретарссон, Тораринссон (Финнссон, 63), Ҳаралдссон (Андерсон, 87), Гудмундссон, Траустасон, Гудмундссон, Гудёнсен (Оускарссон, 64), Торстейнссон (Эллертссон, 87).
Огоҳлантиришлар: Ҳаралдссон (21), Малиновский (42), Ингасон (56), Гудмундссон (90), Зинченко (90+2).

Уэлс  Полша 0:0
Пеналтилар
 серияси — 4:5.
Уэлс – Уорд, Робертс (Брукс, 84; Броудҳед, 112), Дэвис, Родон, Мифем, Уилямс, Ампаду, Уилсон, Жордан Жеймс, Жонсон (Дэниэл Жеймс, 70), Мур.
Полша – Шченсни, Давидович, Беднарек (Саламон, 80), Кивиор, Франковски, Залевски, Зелински (Шимански, 101), Петровски (Романчук, 105), Слиш, Левандовски, Свидерски (Пионтек, 80).
Огоҳлантиришлар: Петровски (50), Жеймс (55), Залевски (72), Мифем (98).
Четлатиш: Мифем (120+1).

Top