Қозоғистоннинг бир қанча ҳудудлари тошқинлар туфайли сув остида қолди
1400 нафардан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетди. Тошқинлар ҳаво ҳароратининг кескин ошиши ва бир неча кундан бери тўхтамаётган ёмғир туфайли экани таъкидланмоқда.
Қозоғистонда сув тошқини туфайли Абай, Ақтўбе, Қўстанай ва Ғарбий Қозоғистон вилоятлари аҳолиси эвакуация қилинмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд қилинишича, ҳозиргача 1400 нафардан ортиқ одам ўз уйини ташлаб кетган. Булар асосан ҳаво ҳароратининг кескин ошиши ва бир неча кундан бери тўхтамаётган ёмғир туфайли сув босган кичик аҳоли пунктлари аҳолисидир.
Кеча тунда Қўстанай вилоятининг Экидин, Оққиси, Қизилжулдиз, Янгиқала қишлоқлари ва тўққизта қўналға аҳолиси сув босган ҳудудлардан эвакуация қилинган. Операцияда Ми-171Ш, Ми-17 ва Ми-8 транспорт-жанговар вертолётлари экипажлари иштирок этмоқда.
Эвакуация қилинганларнинг барчаси Орқалиқ шаҳридаги эвакуация пунктларига етказилди, деб хабар қилди Қозоғистон Мудофаа вазирлиги.
Қўстанай вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Қайрат Қосим минтақадаги вазиятни изоҳлар экан, бундай сув тошқини 1990 йилдан бери бўлмаганини айтди.
«30 йилдан ортиқ ҳеч ким бунақасини кўрмаган! Ёғингарчилик жуда тез бошланди. Қор захираси тахминан 200 фоизни ташкил этди, ер юзи 40 см дан 1 метргача музлади, оқибатда сув сингмади ва аҳоли пунктларига оқди», деди у.
Мавзуга оид
12:47
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024