Ўзбекистон | 14:59 / 30.03.2024
5997
2 дақиқада ўқилади

1 апрелдан бошлаб Қўқон ва Мўйноқ аэропортларида парвозлар йўлга қўйилади

Қўқон — Тошкент, Мўйноқ — Нукус йўналишларидаги ҳаво қатновлари “Uzbekistan Airways” томонидан енгил Л-410 самолётларида амалга оширилади.

Фото: Uzbekistan Airways

1 апрелдан бошлаб “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг Қўқон — Тошкент, Мўйноқ — Нукус йўналишларида авиапарвозлари йўлга қўйилади. Қатновлар енгил Л-410 самолётларида амалга оширилади.

Қайд этилишича, Тошкент — Қўқон — Тошкент йўналишида қатновлар ҳар куни бўлади: Тошкентдан учиш соат 11:30 да, Қўқонга қўниш соат 12:30, Қўқондан учиш соат 13:00 да, Тошкентга етиб келиш соат 14:00 да амалга оширилади.

Нукус — Мўйноқ — Нукус йўналиши бўйича парвозлар эса ҳафтасига уч марта: душанба, жума ва якшанба кунлари қўйилмоқда. Нукусдан жўнаб кетиш соат 09:00 да, Мўйноққа етиб келиш 09:35, Мўйноқдан жўнаш соат 10:05 да, Нукусга етиб келиш 10:40 да бўлади.

Маълумот учун, яқинда Фарғонадаги маҳаллий Қўқон аэропортида реконструкция ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилганди. Таъмирлаш ишларига жами 156 млрд сўм сарфлангани айтилган эди.

2022 йил сентябр ойида “Uzbekistan Airways” Нукус – Мўйноқ – Тошкент йўналишида қатновлар йўлга қўйилаётганини маълум қилганди. Аммо АЖнинг онлайн чипта олиш мумкин бўлган сайтида бу йўналишдаги парвозлар мавжуд эмас.

Шунингдек, президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил мартдан бир қанча йўналишлар қаторида Самарқанд – Мўйноқ йўналишида ҳам мунтазам авиақатновлар бошланиши керак эди. Лекин бу ҳам ҳозиргача амалга ошгани йўқ.

Дилшода Шомирзаева
Тайёрлаган Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид