Жаҳон | 07:50 / 01.04.2024
9439
2 дақиқада ўқилади

Имомўғли Истанбулдаги сайловларда ғалаба қозонганини эълон қилди

Истанбул, Анқара ва Измир шаҳарлари мэри сайловларида, овозларни санаб чиқиш дастлабки натижаларига кўра, мухолифат номзодлари ғалаба қозонмоқда.

Экрем Имомўғли Фото: ANKA

Туркиянинг муҳим шаҳарлари, жумладан Истанбул, Анқара ва Измирда мэр сайловларида мухолифатдаги Халқ-республика партияси (ХРП) номзодлари етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда турк ОАВ 31 март, якшанба куни бўлиб ўтган овоз беришнинг дастлабки натижаларига таяниб хабар берди. 

Daily Sabah газетасининг ёзишича, мухолифатдан бўлган Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли бюллетенларнинг 99,86 фоизи санаб чиқилгач, 51,05 фоиз овоз тўплади. Иккинчи ўринда ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) номзоди Мурат Курум 39,6 фоиз овоз билан. 

Анқарада сайлов бюллетенларининг 99,66 фоизи қайта ишлангач, 60,34 фоиз овоз билан амалдаги мэр, мухолифатчи Мансур Яваш етакчилик қилаётгани маълум бўлди. Унинг асосий рақиби, АТП вакили Турғут Олтинок 31,73 фоиз овоз тўплади. 

Измирдаги сайловларда, бюллетенларнинг 99,09 фоизи қайта ишлангач, мухолифат вакили Жемил Тугай 48,88 фоиз овоз билан биринчи ўринни эгаллади. Агар у ғалаба қозонса, шаҳар мэри лавозимида партиядоши Тунч Сойерни алмаштиради. АТП номзоди Ҳамза Даг 37,11 фоиз овоз олди. 

Имомўғли, Яваш ва Тўгай мансуб бўлган ХРП номзодлари мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ вилоятда умумий дастлабки ўринларда. Туркияда муниципал сайловларда сайловчиларнинг иштироки 78,4 фоизни ташкил этди. 

Истанбул мэри сайловда ғалаба қозонганини эълон қилди 

60 миллиондан ортиқ Туркия фуқаролари мэрлар ва бошқа муниципал сиёсатчилар сайловида қатнашиш имконига эга бўлди. Овоз бериш 20 йиллик ҳокимиятдан сўнг ўтган йили қайта сайланган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг сайловчилар ўртасидаги машҳурлиги синови сифатида кўрилмоқда. 

Имомўғлининг Истанбул мэрлиги сайловларида ғалаба қозониши унинг бўлажак президентлик сайловларида Эрдўғаннинг эҳтимолий рақиби сифатидаги мавқейини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Имомўғли аллақачон шаҳар раҳбари этиб қайта сайланганини маълум қилган. «Биз миллиондан ортиқ овоз билан биринчи ўриндамиз... Сайловда ғалаба қозондик», деди у журналистларга. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид