Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россия жосуслиги сабабли Австрияда миллий хавфсизлик кенгаши чақирилади
Австрия канцлери «ФСБ» учун жосуслик қилган бўлиши мумкин бўлган собиқ разведкачи Эгисто Отт қўлга олинганидан кейин миллий хавфсизлик кенгашини чақиради.
Австрия канцлери Карл Нехаммер Конституцияни ҳимоя қилиш ва терроризмга қарши кураш бўйича федерал идора (BVT) собиқ ходими Эгисто Отт Россия Федерацияси фойдасига жосусликда гумонланиб ушланганидан кейин миллий хавфсизлик кенгашини чақиртирди. Бу ҳақда 1 апрел, душанба куни dpa агентлиги хабар берди.
«Россия жосуслик тармоқлари сиёсий партиялар ёки бирлашмаларга кириб бориш ёки уларни эксплуатация қилиш орқали мамлакатимизга таҳдид солмоқда», деди канцлер. Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши 9 апрелга белгиланган.
«Жосуслик бўйича жиддий айбловлар бор. Бир томондан, бу айбловлар суд томонидан аниқлаштирилиши керак, иккинчи томондан, бу айбловларнинг Австриядаги хавфсизлик ҳолатига таъсирини баҳолаш ва тушуниш зарур. Шунинг учун 9 апрел куни мен миллий хавфсизлик кенгашини чақиртираман», - деб ёзди Нехаммер X ижтимоий тармоғида.
Россияга жосусликда гумонланган махсус хизмат собиқ ходимининг ушланиши
Эгисто Оттнинг қўлга олингани март ойи охирида маълум бўлди. У ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда ва Австрия манфаатларига зиён етказувчи махфий разведка ишларини олиб борганликда гумон қилинмоқда, дея хабар бермоқда ҳуқуқ-тартибот идоралари. Der Standard газетасининг ёзишича, Отт, хусусан, Австрия Ички ишлар вазирлигининг уч нафар юқори мартабали амалдори телефонларидан маълумотларни Россия «ФСБ»га узатганликда гумон қилинмоқда.
Ушбу маълумотлар 2022 йилнинг ёзида кўп йиллар давомида Австрия Ички ишлар вазирлиги раҳбари офисига раҳбарлик қилган Михаэл Клойбмюллер, Федерал полиция директори Михаэл Такач ҳамда Иммиграция бўйича федерал идора бошлиғи бўлган Гернот Майер қурилмаларидан ўғирланган.
Март ойи бошида собиқ разведкачининг исми Der Spiegel ва The Insider нашрларининг Wirecard молиявий компанияси собиқ директори Ян Марсалек ҳақидаги суриштирувида пайдо бўлди. У, ОАВ хабарларига кўра, кўп йиллар давомида Россия махсус хизматлари учун ишлаган. Журналистлар сўзларига кўра, Отт Марсалекка Россия разведка хизматлари учун жосуслик бўлими яратишда ёрдам берган, шунингдек, россиялик сиёсатчи Алексей Навалнийнинг «ФСБ» ходимлари томонидан заҳарланиши бўйича суриштирувни чоп этганидан сўнг журналист Христо Грозевни кузатишда ёрдам берган.
Мавзуга оид
08:51 / 04.06.2026
Германия фуқаролигини олган чет элликлар сони рекорд даражага етди
19:52 / 03.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия федерал канцлери билан учрашди
22:50 / 01.06.2026
Саида Мирзиёева Австрия ва БМТ раҳбарияти билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
20:19 / 01.06.2026