Ўзбекистон | 14:17 / 03.04.2024
3487
2 дақиқада ўқилади

«Менинг боғим» лойиҳасини молиялаштириш тартиби тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тасдиқланди.

Қонунчиликка асосан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда Республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағларнинг камида 50 фоизи “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш учун “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтирилади.

Бунда “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни ташкил қилиш бўйича ер майдони манзили ва расмлари кўрсатилган ҳолда, қиймати 250 млн сўмдан ошмаган ташаббус билдирилади. “Менинг боғим” лойиҳаларига овоз бериш жараёни ҳар йили январ-феврал ойларида ўтказилади.

Ажратиладиган маблағлар миқдорига лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида аниқлик киритилади. Аниқлик киритилган миқдордан ошган тақдирда лойиҳага бошқа лойиҳаларда иқтисод қилинган маблағлар ажратилади. Шунингдек, лойиҳаларга вилоятлар ва пойтахт кенгашларининг қарорлари асосида маҳаллий бюджетларнинг қўшимча маблағлари сарфланади.

Ҳужжат билан Жамоатчилик фикри асосида ишлаб чиқилган "Менинг боғим" лойиҳаларини шакллантириш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни назарда тутади:

  • “Менинг боғим” лойиҳаларини молиялаштириш тартиби;
  • лойиҳаларни шакллантириш, саралаб олиш ва ғолибларни аниқлаш;
  • ғолиб лойиҳаларни молиялаштириш ва амалга ошириш;
  • ҳисобдорлик ва очиқликни таъминлаш;
  • жавобгарлик ва лойиҳаларни амалга ошириш устидан назорат.

Мавзуга оид