Байден Исроилга ҳарбий ёрдамни чеклаш билан таҳдид қилди
Оқ уй Исроилдан гуманитар колоннага қилинган ҳужумдан сўнг Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун янги чоралар кўришни талаб қилди.
АҚШ президенти Жо Байден Исроилдан Ғазо секторида гуманитар ташкилотлар ходимлари ва тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун «яқин соатлар ва кунларда» янги чоралар кўришни талаб қилди. Бу чора-тадбирлар АҚШнинг ушбу сектордаги ҳарбий амалиётларини кейинги қўллаб-қувватлаши учун асос бўлиши керак, деди Америка етакчиси 4 апрел, пайшанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатда, деб ёзади Reuters.
Агентлик қайд этишича, бу Вашингтоннинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётлар чоғида Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласидан Қуддусга босим ўтказиш дастаги сифатида фойдаланишга биринчи уриниши бўлди. Сўнгги ойларда Исроил урушни давом эттириш учун АҚШдан катта миқдорда артиллерия ўқ-дориларини олмоқда.
Байден «Исроил фуқароларга зарар етказмаслик, гуманитар ёрдам ходимлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бир қатор аниқ қадамларни эълон қилиши ва амалга ошириши кераклигини айтди», дейилади Оқ уй матбуот баёнотида. Шу билан бирга, Америка етакчиси Исроилни ҲАМАСга қарши курашда қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади.
АҚШ президенти, шунингдек, Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан ўғирлаб кетилган гаровга олинганларни Исроил қамоқхоналаридаги маҳбусларга алмашиш мумкин бўлган масалаларни ҳал қилишга чақирди. Аввалроқ Исроил келишув бўйича кейинги музокараларга айнан ҲАМАС халақит бераётгани ҳақида хабар берган эди.
Байдендан колоннага зарбадан сўнг Исроил бўйича қарор талаб қилинмоқда
Байденнинг Нетаняҳуга берган огоҳлантириши Исроил аскарлари Ғазо секторида World Central Kitchen (WCK) гуманитар ташкилоти карвонига ҳаво ҳужуми уюштирганидан кейин янгради. Натижада WCK етти нафар кўнгиллиси ҳалок бўлди, улар орасида Австралия, Британия ва Полша фуқаролари ҳам бор. Исроил ҳужумни «хато» деб атади.
Ҳодиса америкалик демократларнинг Байденга Исроилга ҳарбий ёрдам кўрсатиш шартларини белгилаш бўйича янги чақириқ билан чиқишга туртки берди, деб ёзади Reuters. Яқин Шарқдаги можаро авж олишда давом этар экан, АҚШ президенти «демократларнинг чуқур ғазабига дучор бўлмоқда», бу эса ноябр ойида бўлиб ўтадиган сайловларда унинг қўллаб-қувватланишини камайтириши мумкин. Шу билан бирга, Байденнинг асосий эҳтимолий рақиби, АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ҳам Исроилнинг ҲАМАС ҳужумига ва гуруҳ жангчилари томонидан 2023 йил 7 октябрда 200 дан ортиқ исроилликни ўғирлаб кетишига муносабатини қўллаб-қувватлайди.
Исроил Ғазодаги вазият туфайли қўллаб-қувватловни йўқотмоқда
Гуманитар карвонга ҳаво ҳужуми билан боғлиқ воқеа Ғазо секторида қарийб олти ойдан бери давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли Исроил сўнгги пайтларда дуч келган танқидлар давом этишига сабаб бўлди.
Март ойи охирида БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери биринчи марта Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат учун 14 давлат овоз берди, АҚШ бетараф қолди.
Бундан ташқари, март ойи охирида ЖАРнинг Исроилга қарши геноцид айблови бўйича даъвосини кўриб чиқаётган БМТ Халқаро суди Қуддусга Ғазо секторида тинч аҳоли ҳуқуқларини бузмаслик ва гуманитар ёрдам етказилишига аралашмаслик ҳақида буйруқ берган эди. БМТ суди аввалроқ Исроилдан секторнинг тинч аҳолисини ҳимоя этишни талаб қилганини, бироқ у ерда яшаш шароити ёмонлашишда давом этганини қайд этди.
Исроилнинг ўзида ҳам ҲАМАС томонидан ўғирлаб кетилган исроилликларни озод қилиш чораларини кўриш талаби билан намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар бошқа нарсалар қатори ҳукумат истеъфосини ва мамлакатда муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
09:17
Исроил Байрутга зарба берди. Камида 20 киши ҳалок бўлган
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024