Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғарб Арманистонга кўп миллионлик грантлар ва инвестициялар ваъда қилди
Арманистон Ғарбга яқинлашмоқда. Бош вазир Пашинян билан Брюсселда бўлиб ўтган учрашувда ЕИ ва АҚШ вакиллари янги ҳамкорлик дастури ҳамда ёрдам оширилишини эълон қилди.
5 апрел, жума куни Брюсселда Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Арманистон ва Ғарб ўртасидаги кейинги яқинлашувни муҳокама қилди. Ушбу учрашув 2023 йил 5 октябрда Гранадада бўлиб ўтган Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида ўтказилиши режалаштирилган эди.
Урсула фон дер Ляйен ЕИ ва Арманистон ўртасида «янги улкан ҳамкорлик дастури», жумладан, «Арманистон иқтисодиёти ва жамиятини кучлироқ ҳамда мустаҳкамроқ қилиш» учун Ереванга тўрт йил давомида 270 миллион евро миқдорида грантлар ажратиладиган режани эълон қилди. Ушбу маблағлар бизнесни қўллаб-қувватлаш, бозорларни модернизация ва диверсификация қилиш учун мўлжалланган. Бундан ташқари, Еврокомиссия раҳбари Қора денгиз электр кабели, Арманистоннинг қайта тикланадиган энергетика сектори ва Гуржистон билан алоқаларини яхшилаш каби инфратузилма лойиҳаларига янги сармоя киритишга ваъда берди. Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, ЕИ ва Арманистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик аллақачон ярим миллиард евродан ортиқ инвестицияларни жалб қилиш имконини берди.
Ўз навбатида, Энтони Блинкен Қўшма Штатлар Арманистон ҳукуматини бошқаруви ва иқтисодий ислоҳотларга мос келадиган саъй-ҳаракатларига сармоя киритаётганига ишонтирди. Вашингтон Ереванга бюджет маблағлари ҳисобидан 65 миллион доллардан ортиқ ёрдам беришни режалаштирмоқда, бу аввалги ажратилган маблағдан 50 фоиздан кўпроқдир. АҚШ Давлат департаменти раҳбари Арманистоннинг демократик ва иқтисодий барқарорлигини қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
Пашинян: Савдони ривожлантириш вақти келди
Никол Пашинян Арманистоннинг «ўз халқи манфаати учун ишлайдиган янада шаффоф ва фуқароларга йўналтирилган давлат институтларини» яратиш истагини таъкидлади. «Арманистон Республикаси кучлироқ, хавфсизроқ ва ривожланган мамлакатни барпо этиш учун адлия ва давлат секторидаги ислоҳотларни илгари суришга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди, - деди у. - Энди иқтисодий ҳамкорлигимизни мустаҳкамлаш ва савдони ривожлантириш вақти келди». Пашинян янги бозорларга чиқиш ва мамлакатдаги сармоявий муҳитни яхшилаш учун Арманистон хусусий секторининг рақобатбардошлигини ошириш қатъияти тўғрисида маълум қилди. Ереван инфратузилмани модернизация қилиш, бизнес алоқаларини йўлга қўйиш ва Тоғли Қорабоғдан қочқинлар интеграциялашувида ғарблик ҳамкорлардан ёрдам кутмоқда.
Тоғли Қорабоғдан кўчиб кетган арманларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш устуворлиги барча йиғилиш иштирокчилари томонидан қайд этилди. Уларга кўра, Ғарб улар интеграцияси ва фаровонлиги учун бундан ҳам кўпроқ нарсани қилишга тайёр.
Арманистон бош вазири, шунингдек, 1991 йилдаги Олмаота декларациясига мувофиқ, бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ўзаро тан олиш асосида Озарбойжон билан муносабатларни нормаллаштириш тарафдори эканини таъкидлади.
ЕИ санкцияларини четлаб ўтишга қарши чоралар
Фон дер Ляйен Арманистоннинг Евроиттифоқнинг РФга қарши санкцияларини четлаб ўтишга қарши кўрган чора-тадбирларини олқишлади, бу, хусусан, «ҳалокатли ускуналар ва технологиялар Россия ҳарбийлари қўлига тушмаслигини таъминлаш учун қилинди». «Бу ЕИ ва Арманистоннинг қадриятлари ва манфаатлари тобора мослашиб бораётганидан далолат беради», деди Еврокомиссия раҳбари.
Блинкеннинг таъкидлашича, АҚШ ҳам, ЕИ ҳам минтақа ва дунёга боғланган қўшнилари билан тинчликда яшовчи кучли мустақил давлатга айланиш йўлида Арманистонга шерик бўлишни хоҳлайди.
Мавзуга оид
09:45 / 15.06.2026
Арманистон собиқ президентига мамлакатдан чиқиш тақиқланди
15:04 / 13.06.2026
Шавкат Мирзиёев Никол Пашинянни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
10:45 / 13.06.2026
Арманистонда сайлов овозлари қайта саналди
16:23 / 11.06.2026