Жаҳон | 20:47 / 08.04.2024
28725
7 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда собиқ вазир судланмоқда: у ўз рафиқасини ўлдирганликда айбланмоқда

Остона шаҳар судида Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Қувандиқ Бишимбаев устидан очилган иш кўриб чиқилмоқда. Тергов версиясига кўра, собиқ амалдор ўз рафиқаси Салтанат Нукеновани рестораннинг VIP кабинасида шафқатсизлик билан ўлдирган.

Қувандиқ Бишимбаев суд ўриндиғида. Фото: tengrinews.kz

43 ёшли Бишимбаевнинг ўзи айбини тан олмаяпти. Унинг айтишича, хотини ўша куни спиртли ичимлик ичиб, «жазаваси» билан уни «провокация» қилган. Собиқ вазирнинг бу сўзлари нафақат Қозоғистонда, қўшни давлатларда ҳам жамоатчилик резонансини келтириб чиқарган. Судланувчилар ўриндиғида унинг амакиваччаси Бахтжан Байжанов ҳам бор.

Суд ҳакамлар иштирокида ўтказилмоқда, буни Бишимбаевнинг ўзи илтимос қилган. Уни 31 ёшли шаръий никоҳдаги рафиқаси Салтанат Нукеновани шафқатсизлик билан қийнаб ўлдирганда айблашмоқда.

Тергов версиясига кўра, ўтган йилнинг 9 ноябрга ўтар кечаси Бишимбаев рафиқасини ресторанда ўласи қилиб калтаклаган ва VIP кабинанинг полида 6–8 соатга қаровсиз қолдирган.

Собиқ вазирнинг амакиваччасини эса жиноятни яширганлик ва ўз вақтида хабар бермаганликда айблашмоқда — унинг топшириғи билан кузатув камераларидаги ёзувлар ўчириб ташланган.

«Тез ёрдам ўрнига фолбинга қўнғироқ қилган»

3 ва 4 апрел кунлари судда Бишимбаев сўроққа тутилди. У Нукенова ўлган кундаги воқеалар бўйича ўз версиясини сўзлаб берган. Унинг сўзларига кўра, ўша кеча хотини у билан уч шиша ўйноқ шароб ичган ва ўрталаридаги муносабатга «ойдинлик киритиш»га ҳаракат қилган.

Айбланувчининг ҳикоя қилишича, баҳс-жанжал асносида Нукенова уни болохонадор қилиб ҳақорат қилган ва ўзи совға қилган қимматбаҳо тилла тақинчоқларни унитазга оқизиб юборган.

Салтанат Нукенова. Фото: bizmedia.kz

«У унитазга юзтубан, менга орқа ўгириб энгашди. У мени ушлайди деб ўйлади ва қаттиқ юлқиниб қўлимдан чиқиб кетди, мен уни қўйиб юбордим ва юзи билан унитазга йиқилди. Қаттиқ йиқилди», — дея ҳикоя қилган Бишимбаев жувоннинг юзидаги жароҳатларни тушунтириб.

Унинг сўзларига кўра, аёл тураётиб «ҳожатхонанинг кафелли полига юзтубан йиқилган». Собиқ вазир хотинини ўзига келтириш учун уч-тўрт марта тепганини тан олган. Лекин у зарбалар асносида «ҳеч қандай ҳаётий муҳим аъзоларга зарар етказмагани»ни таъкидлаган.

Сўроққа тутиш асносида Бишимбаев хотини ҳушини йўқотиб, ўзига кела олмаётган чоғда фолбинга қўнғироқ қилганини тан олган.

«Мен қаттиқ ҳаяжонланиб, таниш фолбинга қўнғироқ қилдим. «У уйғонмаяпти, юзлари кўкарган», дедим. Фолбин «у чарчаган бўлиши керак, сал ўтиб ўзига келади ва уйга қайтасизлар», деб айтди. Шунда кўнглим хотиржам бўлди», — деган собиқ вазир.

Алалоқибат Бишимбаев тез ёрдамга қўнғироқ қилмайди. У амакиваччаси Бахтжан Байжановни чақиради ва аспирин ва кетонал дориларини олиб келишни тайинлайди.

Суддаги сўроқлар асносида Бишимбаев қариндошидан жанжал Телеграм каналларга чиқиб кетмаслиги учун видеокамера ёзувларини ўчириб ташлашни ҳам илтимос қилади. Собиқ вазир геолокацияни қариндошларидан яшириш мақсадида Нукенованинг телефонини ҳам Байжановга беради.

Зарғалдоқ чизиқ

Экспертиза ва видеотасвирлар Бишимбаевнинг кўрсатмаларини рад этади.

Суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, Нукенова ёпиқ бош чаноғи ва мия жароҳати натижасида вафот этган. Унинг бурни синган, бошида эса кўплаб моматалоқлар ва жароҳатлар бўлган.

Экспертизанинг хулосасига кўра, Нукенованинг жароҳатлари айбланувчи таъкидлаганидек, йиқилиш натижасида ҳосил бўлиши мумкин эмасди.

Боз устига, давлат қораловчиси судда кузатув камераларидан ёзувни ҳам намойиш этган. «Бишимбаев Нукеновани сочидан ушлаб, оёқлари билан тепган, сўнгра юзига муштлаган. Шундан сўнг уни VIP кабинага судраб киришга уринган», — дея шарҳлаган видеони прокурор.

29 март куни бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида маълум бўлишича, ресторан ходимлари Бишимбаевнинг амакиваччаси Байжановнинг талаби билан видеоёзувларнинг бир қисмини ўчириб ташлаган.

Ўша куни давлат қораловчиси барменнинг кўрсатмаларини ҳам ўқиб эшиттирган. Унинг ҳикоя қилиб беришича, полиция келгунга қадар Бишимбаев қўлида пичоқ ушлаб юрган.

Прокурор Айжан Аймаганова. Фото: informburo.kz

«Биз унинг қўлларидан ушлаганимизда, Бишимбаев хотинини ўлдириб қўйгани ва аёл кабинада ётганини айтди. Афтидан, шу туфайли у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлаётган эди», — дея гувоҳнинг кўрсатмаларини ўқиб берган прокурор Айжан Аймаганова. 

Нега иш жамоатчилик резонансини қўзғади?

Бишимбаевнинг кўрсатмалари ва ўз айбини тан олмаслиги Қозоғистон ва бошқа давлатларда кучли резонанс келтириб чиқарди. Ижтимоий тармоқларда зўравонлик қурбонини қўллаш учун #заСалтанат ҳэштеги оммалаша бошлади. Бишимбаев виктимблейминг (қурбоннинг ўзини айбдор қилиш) ва ахборотларни манипуляция қилишда айблана бошланди.

Бишимбаевга қарши бўлганлар собиқ вазирга умрбод қамоқ жазоси тайинланишини талаб қилишмоқда.

«Айнан Бишимбаев шахсига нисбатан диққат кучли, чунки бу рецидив. У аввал ҳам жиноий жавобгарликка тортилган, лекин бошқа моддий — коррупцион найранглар бўйича. Президент уни шартли равишда муддатидан аввал озод қилганди, у яна қонунни бузди. Бу марта воқеа ўта шафқатсизлик билан амалга оширилди», — деган «Кризи марказлари иттифоқи» раҳбари, ҳуқуқбон Зулфия Байсақова.

Бишимбаев суд залида ўз адвокати билан маслаҳатлашмоқда. Фото: Қозоғистон олий суди

Боз устига, бу ҳакамлар иштирокида кўриб чиқилаётган оилавий зўравонлик тўғрисидаги дастлабки иш.

Айни пайтда суд номаълум муддатга қолдирилгани маълум қилинган. 

Қозоғистонда оилавий зўравонлар қандай жазоланади?

Қозоғистон бош прокуратурасининг маълумотларига кўра, ҳар куни полицияга 300 дан ортиқ оилавий зўравонлик фактлари бўйича аризалар келиб тушади. Йилига энг камида 80 та аёл ўлдирилади.

«Маиший зўравонликни профилактика қилиш тўғрисида»ги қонунга кўра, полиция зўравонга ҳимоя билдиришномаси ёзиб бериши мумкин, унга кўра зўравон қурбонга 30 кун яқинлаша олмайди. Ҳимоя билдиришномасини бузган зўравон 10 суткага қамалади.

Қозоғистонда айни пайтда оилавий зўравонларга нисбатан жазони кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда. Ҳукумат оилавий зўравонларга маъмурий жазо белгилашда фойдаланиб келинган «саломатликка енгил зарар етказиш» ва «калтаклаш» моддалари учун жиноий жавобгарлик белгилашга қарор қилган.

2024 йилнинг февралида қонун лойиҳаси парламентнинг қуйи палатасида қабул қилиниб, тасдиқлаш учун Сенатга узатилган.

Гарчи моддалар Жиноят кодексига кўчирилаётган бўлса-да, жазо турлари қамоқ ва жарима ўша ҳолича қолдирилган ва шунчаки миқдори кўпайтирилган. Масалан, калтаклаш учун жарима миқдори 80 доллардан 650 долларгача кўпайтириляпти.

Мавзуга оид