Жаҳон | 16:28 / 15.04.2024
47473
14 дақиқада ўқилади

Якуза – сокинлик ичра қўним топган қора шарпалар

Япония деганда кўпчилигимиз фақат яхши нарсаларни тасаввур қиламиз: японлар ҳаммаси маданиятли, қонунга бўйсунади, тўғри ишлайди деб ўйлаймиз. Аммо, ундай эмас. Kun.uz Япониядан тайёрлаган навбатдаги кўрсатувида кунчиқар юртнинг қора томони – япон мафияси билан таништиради.

Қуёшнинг қора томони”

Японияга сафар қилиш олдидан, унинг фақатгина ёруғ томонини эмас, тескари тарафини ҳам кўрсатишни истадим. Чунки бу мамлакатдаги 15 йил кечирган умрим давомида, унинг яхши ва ёмон томонини ҳам кўришга улгурдим...

Бир бошидан бошлаймиз.

Бу орол мамлакат ўтган асргача ёпиқ мамлакат бўлган. Ёпиқлик – мамлакат маданияти, урф-одатлари, қадриятларини ташқи таъсирлардан сақлаб келган.

Шу сабабли, японларнинг маданияти ва баъзи тарафлари ташқи олам учун ҳануз сирли бўлиб келмоқда. Бу ерга келиб бир муддат яшаган одам ўзга сайёрага тушгандек бўлади. Яхши маънода албатта. Аммо, юқорида айтилганидек, Япониянинг қора тарафи ҳам бор.

Япон мафияси – якузалар

Сокин ва обод Япониянинг ичида қўним топган қора шарпалар. Ёвуз, аммо ўзларини адолатли деб ҳисоблайдиган, шаҳарларнинг энг ҳимоясиз қисмларини даҳшатга соладиган куч. Оддий японлар “якуза” сўзини шивирлаб айтишади ёки... ишора билан кўрсатишади.

Ким улар – якузалар?

Уларнинг ёпиқ, оммага кўринмайдиган жамияти бор. Деярли барчасининг танасида татуировка бор ва баъзиларининг бармоқлари йўқ…

Якузалар ҳақида репортаж қилмоқчилигимизни айтганимизда, биз билан ҳамкорлик қилган япон дипломатлари “улар билан алоқа қилмасликни тавсия қиламиз”, дейишди. Аммо биз ниятимиздан қайтмадик.

Уларни қандай топишни ҳам билмасдик. Якузанинг ички қоидаси бўйича, якуза аъзоси ўзи мансуб бўлган оила ҳақида ташқарида гапириши мумкин эмас – жазоси қаттиқ. Бошлиқларни хатлаб ўтиб, ўзбошимчалик билан иш қилишнинг жазоси эса – ўлим.

Кичикроқ айб учун узр сўраш йўли – бармоқ билан қурбонлик қилиш. Кинолардаги даҳшатли саҳналарни кўрган бўлсангиз керак.

Шунинг учун гуруҳдан чиқиб, ҳозирда эркин жамият вакилига айланган собиқ якузаларни қидира бошладик. Изланиш беҳуда кетмади…

Kun.uz оператори қатори мен ҳам ҳақиқий якуза билан илк бор учрашдим. Оиланинг собиқ вакили билан таништиришдан олдин Якуза ҳақида икки оғиз маълумот.

Якуза – дунёдаги энг машхур жиноий синдикатлардан бири. Айтишларича, уларнинг йиллик даромади 100 млрд доллардан ошади. Таққослаш учун, Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти – 90 млрд доллар. Якузалар қимор, гиёҳванд моддалар савдоси, бизнесга ҳомийлик қилиш ва ҳоказолар билан шуғулланади. Гуруҳнинг келиб чиқиши ҳақида тахминлар мавжуд.

  • Биринчи фараз. Ўтган асрларда хўжайинидан айрилган, ишсиз қолган самурайлардан келиб чиққан.

  • Иккинчи фараз. Олди-қочди сифатсиз маҳсулотларни сотиб юрган кўчманчи майда савдогарлардан, Текия ва Бокудо исмли савдогарлар гуруҳидан бошланган.

  • Учинчи фараз. Улар қадимги япон Робин Гуди – қишлоқларни ва деҳқонларни ҳимоя қилган Мачи Яконинг издошлари.

Якузанинг таъсир доираси Япония билан чекланмайди. Улар ўзларини “жиноятчиликни назорат қилувчи куч” деб биладилар. 70-80-йилларда улар бизнес бошқаруви, иқтисодиёт, хавфсизлик, сиёсат ва ҳатто парламентга таъсир қила бошлашди.

1990-йиллар ўрталаридан бошлаб Япония ҳукумати “тозалаш ишлари”ни бошлади. Якуза кирдикорлари жамоатчиликка ошкор қилинди, жамиятда уларга нисбатан нафрат ҳисси пайдо қилинди, вакилларига бизнеси билан шуғулланиш, банкда ҳисобрақам очиш, уй сотиб олиш соҳаларида чекловлар жорий қилинди. Якуза аъзоси ҳатто гуруҳдан чиққанидан кейин камида 5 йил давомида банкҳисобини очиши ёки ижара шартномасини тузиши мумкин эмас. Баданида якуза татуировкаси борларни жамоат ҳаммомлари, ресторанлари ва нуфузли давлат ташкилотларига киргизиш тақиқланди. Японлар татули ёки бармоғи ярмидан кесилган одамни кўришса, уни четлаб ўтишга ҳаракат қиладиган бўлишди.

Бу – гангстерлар оламида кимлар яшайди? Инсонни шайтон билан шартнома тузишга нима мажбур қилишини тушуниш учун мен якузалар дунёсига киришга ҳаракат қилдим. Менга собиқ якуза аъзоси билан учрашиш насиб қилди. У менга ўтмиши ҳақида гапириб бераркан, кўзларида нафақат қўрқувни, балки қайғуни, айбдорлик ва афсусланиш ҳиссини ҳам пайқадим. Йўқотилган имкониятлар, умр, умидлар...

Унинг илтимоси билан исмини ўзгартириб айтаман. У – бир вақтлар Нагоянинг Сакая шаҳар ҳудудини “ушлаб қўйган” мафия оиласини бошқарган собиқ якузалардан.

Ямаучи Сан, интервюга розилик беришингиз қийин бўлганини биламиз. Розилигингиз учун ташаккур. Оиладан чиқиш қийин бўлмадими?

– Оиладан чиққанимга 10 йил бўлмади. Асосий қарорни қолган умримни қилган ёмонликларимни яхшилик қилиб ўчириш, одамларга ёрдам бериш, оддий одамлар қатори яшаш истаги устунлик қилгани учун қабул қилдим. Осон бўлмади...

Виждон азоби демоқчимисиз? Қийин бўлмади деяпсиз. Оила қаршилик қилмадими?

– Виждон азобими, ёки ичимдаги яхшилик қилиш ҳисси кучлилик қилдими… Лекин, бунинг учун якузалар томонидан босим сезмаганман. Чиққанимдан кейин ортга йўл йўқлигини билардим. Бу менинг мустақил қарорим.

Айтинг-чи, якузалар ким, япон жамиятида қандай ўринда туради?

– Якуза бўлишнинг асосий қоидаси бу – итоат қилиш.

Якуза жамиятининг механизми – ўзингдан юқори турган раҳбарга сўзсиз итоат қилишга қурилган. У яхши ёки ёмон топшириқ берса ҳам, албатта бажариш керак. Ўз фикрингизни айтишга ҳаққингиз йўқ. Бажарасиз, тамом.

Бажармаса нима бўлади?

– Ўлим. У билан хайрлашилади.

Агар билмасдан қилса-чи, хато қилса-чи?

– Юбитсуме, яъни бармоғини кесиб узр сўраши лозим. Сизга бўйсунадиган якузанинг айби билан бўлса ҳам, сиз жавобгарсиз.

Сизнинг бармоғингиз кесилмаган, демак хато қилмагансиз.

– Шундай.

Узр сўраш учун бошқа йўллари ҳам борми?

– Пули бўлса, бадалини тўлаш билан ҳам узр сўраши мумкин. Масалан, 1 млн, 10 миллион иена. Бу – хатонинг катта-кичиклиги ва ўзидан катта раҳбарнинг қарорига боғлиқ.

Ҳозир нима иш қиласиз?

– Мен якузалар тўдасида иккинчи одам эдим. Бу гуруҳдан чиқиб, ҳозир бандлик соҳасида ишлайман. Ишсизлар ишга жойлашишига ёрдам берадиган HR компанияни бошқараман.

Якузалардан японлар қўрқишади. Чиндан ҳам улар шунчалик қўрқинчли – ёмонми?

– Йўқ, ундай эмас. Якузалар хиёнат қилмайди. Доимо садоқат билан итоат қилади.

Сиз ҳозир уларни ҳимоя қилмаяпсизми?

– Йўқ. Албатта, ҳар қандай ёмон ва қонунга хилоф ишларни қилганмиз. Аммо биз буни хоҳлаганимиз учун эмас, шу йўлни танлаганимиз учун ва бошлиқнинг айтгани бизга қонун бўлгани учун қилганмиз.

Сиз бу гуруҳга қандай кириб қолгандингиз?

– Ота-онам бўлмаган, кўчада ўсганман. Шунинг учун ўзим ҳурмат қилган одамга эргашганман. У якуза бўлган. Ва бу йўлга ўз-ўзидан кириб қолганман.

Якуза ташкилотида кечирилмайдиган бир қатор гуноҳлар бор:

1. Хиёнат: Хиёнатнинг ҳар қандай кўриниши – жиноят. Жумладан, полиция ёки рақобатчилар билан мулоқот қилиш. Бу ўта қаттиқ жазоланади.

2. Қоидаларни бузиш. Якузада шараф кодекси ва хулқ-атвор қоидалари мавжуд. Уларни бузиш жазоланиши мумкин. Катталарнинг розилигисиз иш қилиш, кўрсатмаларига риоя қилмаслик шулар жумласидан.

3. Обрўни тушириш. Якузалар дунёсида обрў катта рол ўйнайди. Гуруҳ ёки аъзоларнинг обрўсига путур етказадиган ҳаракат жиддий айб ҳисобланади. Можарода ўз гуруҳини қўллаб-қувватламаслик ёки гуруҳни камситувчи вазиятларда иштирок этиш мумкин эмас.

4. Қарзларни тўламаслик. Якузалар дунёсида қарзлар муқаддас саналади – қарзни тўлаш керак. Тўламаслик ишонч ва ҳурматни бузиш бўлади.

Ушбу қоидалар якуза дунёсида қатъий иерархия ва интизомни сақлашга ёрдам беради.

Эшитишим бўйича якузалар фаолиятининг яна бир йўналиши бу – одам савдоси, одамларни, хусусан муҳожирларни ноқонуний ишлатиш. Одамларнинг паспорти ҳам олиб қўйиладими?

– Ҳа, албатта, олиб қўйилади. У қочиб кетолмайди. Япониядан чиқиб кетиши имконсиз. Лекин, якузалар бу ишларни ўзлари бажармайдилар, алоқадор расмий фирмалар орқали амалга оширилади. Якузаларнинг алоқасини бу жараёнда топиш қийин.

Лекин барибир бунинг орқасида якузалар туради, шундай эмасми?

– Ҳа бу мураккаб механизм, аммо шундай.

Агар у қочиб кетса-чи? Ёки бўйсунмаса?

– Унда у билан хайрлашишга тўғри келади, жазоси оғир. Чунки айб унинг ўзида: ноқонуний ишлаш йўлини ўз ихтиёри билан танлаган. Шунга, бадалига ҳам тайёр туриши керак.

Якуза меҳнат мигрантларидан турли йўлда фойдаланади – контрабанда ва бошқа ноқонуний фаолият учун ишлатади. Эксплуатация қилишнинг баъзи турлари:

1. Меҳнатга мажбурлаш. Якуза меҳнат муҳожирларини қурилиш, тозалаш ёки саноат ишлари каби ишларни бажариш учун ноқонуний ёллаши мумкин. Зўравонлик, шантаж билан уларни минимал маош эвазига ёки умуман иш ҳақи бермасдан ишлатади.

2. Фоҳишалик. Якуза меҳнат муҳожирларини юқори маош ваъда қилиб, фоҳишаликка тортади. Кейин эса уларни таҳдид, зўравонлик ва гиёҳвандлик моддалари орқали назорат қилиши мумкин.

3. Контрабанда ва одам савдоси. Меҳнат муҳожирларидан гиёҳвандлик моддалари, қуроллар каби ноқонуний мулкни чегарадан олиб ўтиш учун, шунингдек одам савдосида фойдаланиши мумкин. Мигрантларнинг ўзларини ҳам сотиб юборишлари мумкин.

4. Қарз қуллиги орқали. Якуза меҳнат муҳожирларига юқори фоизли кредитлар бериши ва кейин уларни қарз қули қилиб олишлари мумкин. Бу вазиятда фақат битта умид – ҳуқуқ-тартибот идоралари, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ва элчихоналардан ёрдам сўраш. Аммо бу учун куч топиш керак. Бу қўрқинчли қадам, бироқ қулликдан озод бўлишнинг ягона йўли.

Сиз китоб ўқийсизми?

– Ўқийман.

Қандай китобни яхши кўрасиз?

– Ҳар хил. Ҳаётий ва тарихий китобларни ёқтираман. Баъзида китоб жуда қизиқарли бўлгани учун қайта-қайта ўқийвераман.

Севимли машғулотингиз борми?

– Олдинлари мотоцикл ҳайдаш эди. Ҳозир йўқ.

Агар Худо сизга яна бир умр берса, қандай инсон бўлишни хоҳлайсиз?

– Оддий офис ходими бўлиб ишлашни истардим.

Жаноб Ямаучи якузага қўшилганидан афсусдами?

– Йўқ.

Бахтлимисиз?

– Ҳа, бахтлиман дея оламан, чунки эркинман, хоҳлаган ишимни қила оламан, инсонлар билан кўриша оламан.

Ўзингиз билан фахрланадиган жиҳатларингиз қайси?

– Мен дўстликни қадрлайман ва дўстликка содиқман.

Оилангиз борми?

– Йўқ.

Оила қурмоқчимисиз?

– Йўқ.

Ҳаётингизда кўзингизга ёш келадиган энг қайғули нарса нима?

– Менда ундай вазият бўлмаган.

Йиғламаганмисиз?

– Йўқ.

Умуман?

– Умуман йиғлаганимни эслолмайман. Менда хафа бўлиш, ўзимга ачиниш, ёки бировга ачиниш ҳисси йўқ. Бўлиши керак нарса бўлади. Бўлиб ўтган нарсани қайтариб бўлмайди. Йиғласангиз ҳам қайтиб келмайди. Вазиятга қандай кўз ва ҳиссиёт билан қарашингизга қараб кўзга ёш келади ёки келмайди. Баъзан қайғули вазиятга бошқа тарафдан назар солсангиз, вақт ўтиши билан у сизга аслида яхши ва хайрли бўлганини англайсиз. Бу дунёда ҳамма ёмон нарсанинг яхши сабаби бор. Буни кўра олган одам ачинмайди, тақдирга тан беради.

Биз якузалар оламидан чиқиб, ҳозирда оддий одамлар орасида яшаётганлардан яна бири суҳбатлашдик.

“Биласизми, биз кўпроқ иқтисодий махинациялар билан боғлиқ ишларни қилдик. Масалан, биз юқори фоизга қарзга пул берардик ва шу орқали бизнесларни бўйсундирардик. Казино ва шунга ўхшаш нуқталарни ҳимоя қилиб, улуш олардик. Компанияларнинг заиф томонларини топиб, шантаж қилардик”, – дейди у.

Якузалар Япониянинг қоронғи томони бўлса-да, бу гангстерлар баъзан жамиятга манфаатли ҳаракатини ҳам кўрсатишга қодир. Масалан, улар зилзиладан кейинги оғир кунларда юртдошларига бебаҳо ёрдам кўрсатдилар. Улар энг зарур бўлган пайтда фалокат марказида бўлишди: вайроналар остидан одамларни олиб чиқишди, озиқ-овқат ва сув тарқатишди, вайрон бўлган ҳудудларни тиклаш учун каттагина маблағ беришди.

Биз якузалар оламига жиндек мўраладик, холос. Ва қоронғи туннел тубида доим ёруғлик борлигини яна бир бор эсладик. Ҳар қандай инсон ва ҳар қандай жамиятнинг ёруғ ва қоронғи томонлари бор, танлов эса – ҳар кимнинг ўз измида.

Дилафруз Икромова

Мавзуга оид