Машҳур жарроҳ Тимур Ҳайдаров клиникасида тинтув ўтказилди, жиноят иши очилди
Ўзбекистонда туғилган, ҳозир Россияда фаолият юритувчи пластик жарроҳ Тимур Ҳайдаровнинг клиникасида ўтказилган жарроҳлик операциясидан кейин бемор ўлими юз бергани сабабли жиноят иши очилди.
Москва шаҳри Тергов қўмитаси томонидан «Истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган, ўлимга олиб келган хизматлар кўрсатиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Қайд қилинишича, полиция клиникада, шунингдек, «клиниканинг амалдаги бошқарувчиси», ижрочи директори, бош шифокор, жарроҳ, ассистент ва анестезиологнинг уйида тинтув ўтказган. Суд-тиббий экспертизалари, жумладан, санитария-эпидемиология экспертизалари тайинланган.
Қайд қилинишича, бунга тадбиркор Пётр Гавриловнинг IQ Plastique клиникасида ошқозон резекциясидан сўнг вафот этгани сабаб бўлган. Жарроҳлик операциясидан кейин 35 ёшли продюсернинг соғлиғи ёмонлашган ва у яна клиникага мурожаат қилган. Шунда унда такроран жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бироқ беморнинг аҳволи ёмонлаша бошлаган ва шу сабабли у бошқа тиббиёт муассасасига ётқизилган ва у ерда комага тушиб, вафот этган.
Тергов давомида IQ Plastique клиникаси бенефициари Тимур Ҳайдаров экани аниқланган. Журналистларнинг ёзишича, ҳозир беморларнинг кўплаб бошқа шикоятлари текширилмоқда ва суд-тиббий экспертиза тайинланган.
Пластик жарроҳ Тимур Ҳайдаров дастлаб Пётр Гавриловнинг ўз клиникасида вафот этгани ҳақидаги хабарларни рад этди. Унинг таъкидлашича, IQ Plastique ошқозонни резекция қилиш операцияларини бажармайди.
Бироқ, кейинчалик Ҳайдаров Гавриловнинг операциясини IQ Plastique клиникаси шифокори Иля Елагин амалга оширганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, мутахассис 300 мингдан ортиқ шу каби жарроҳлик амалиётини бажарган.
Адвокат Александр Добровинский сўзларига кўра, содир бўлаётган воқеалар Ҳайдаровнинг обрўсига путур етказишга уринишдир.
Аввалроқ, бир қанча россиялик юлдузлар Тимур Ҳайдаров томонидан амалга оширилган пластик операциялар сифати бўйича шикоят қилишган эди. Жумладан, хонанда Слава (Анастасия Сланевская) Ҳайдаров операциясидан сўнг, бир йилдан ортиқ стресс ҳолатида яшаганини ва ўзини кўзгуда кўра олмаслигини айтди. Бунинг сабаби юз терисини тортиш ва маммопластика бўйича муваффақиятсиз операция эди.
Актриса Любов Успенская ҳам маммопластика муваффақиятсиз ўтганини, оқибатда турли муаммоларга дуч келганини айтди.
Собиқ бемор, юз-жағ жарроҳи Александр Вдовин унга таҳдид қила бошлаганидан сўнг, Ҳайдаров полицияга мурожаат қилишга мажбур бўлди. Вдовин сўзларига кўра, Ҳайдаров клиникасида думба имплантацияси операцияси соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларга олиб келган. Вдовин Ҳайдаровдан 10 миллион рубл товон пули талаб қилди.
Пластик жарроҳ Тимур Ҳайдаров россиялик шоу-бизнес вакиллари орасида машҳур саналади. Турли вақтларда Яна Рудковская, Ирина Дубцова, DAVA, Инстасамка, Филипп Киркоров ва бошқалар унинг хизматидан фойдаланган.
Тимур Ҳайдаров Ўзбекистонда туғилган ва олий тиббий маълумотни шу ерда олган. Жарроҳнинг шахсий веб-сайтида унинг дипломлари сканерларини топиш мумкин, шу жумладан энг биринчиси - Самарқанд давлат тиббиёт университетининг умумий амалиёт шифокори дипломи.
Ҳайдаров онаси жарроҳ бўлгани сабабли шу касбни танлагани таъкидланади. Ўзбекистондан Россияга кўчиб ўтгач, шифокор ўқишни давом эттирган. У РУДН Тиббиёт институтида пластик жарроҳлик мутахассислиги бўйича касбий қайта тайёрлашдан ўтган. 2015 йилда Ҳайдаров касбий фаолият билан шуғулланишга рухсат берувчи жарроҳ сертификатини Курск тиббиёт университетида олган. Украинадаги Шупик номли Миллий тиббиёт академиясида қайта тайёрлаш курсини тамомлаган.
Мавзуга оид
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва Россия Каспий денгизи орқали янги йўналишлардан фойдаланмоқчи
21:03 / 19.11.2024