Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Еврокомиссия Украина тақдим этган ислоҳотлар режасини маъқуллади
«Украинанинг ислоҳот ва сармоя бўйича стратегияси тикланиш даврида Европа Иттифоқига кириш йўлида янада замонавий ва гуллаб-яшнаган Украинани қуриш учун мустаҳкам асос яратади», деди ЕК раҳбари.
Европа комиссияси Киев томонидан тақдим этилган Украинадаги ислоҳотлар режасини маъқуллади, у келгуси тўрт йил давомида - 2024 йилдан 2027 йилгача бу мамлакатга 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам беришнинг зарурий шартидир. Бу ҳақда 15 апрел, душанба куни ЕК матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Европа комиссиясининг Украинани ислоҳ қилиш режасини маъқуллагани «Ukraine Facility дастури доирасидаги мунтазам тўловлар учун йўл очиб берган». Ушбу дастур доирасидаги маблағлар Киевга «маъмурият фаолиятини сақлаб қолиш, иш ҳақи ва пенсияларни тўлаш, асосий давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда ўзини Россиядан ҳимоя қилишда давом этаётган Украинани тиклаш ва қайта қуришни қўллаб-қувватлашга» ёрдам бериш учун мўлжалланган.
Украина режаси бўйича молиявий ёрдам Украина «самарали демократик механизмларни қўллаб-қувватлаш ва ҳурмат қилишда давом этиши» шарти билан тақдим этилади, деб таъкидлайди Европа комиссияси.
Украина ислоҳот режаси
Аниқлик киритилишича, Украина режаси 69 та ислоҳот ва 10 та сармояни белгилаб беради, улар 146 миқдорий ва сифат кўрсаткичларига бўлинган. Бу ислоҳотлар энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт, рақамлаштириш ва яшиллаштириш, инсон капитали, шунингдек, давлат корхоналари, ишбилармонлик муҳити, давлат молияси ва марказсизлаштириш каби 15 та соҳани қамраб олади.
«Украинанинг ислоҳот ва сармоявий стратегияси Европа Иттифоқининг тикланиш йўлида янада замонавий ва гуллаб-яшнаган Украинани қуриш учун мустаҳкам асос яратади, - деди Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен. - Бугунги таклиф билан биз буни яна бир бор кўрсатамиз. Европа Украинани қанча вақт керак бўлса, шунча қўллаб-қувватлайди ва биз жуда зарур молиявий ёрдам беришга тайёрмиз».
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар энди бир ой давомида макромолиявий ёрдамни тўлаш учун зарурий шарт бўлган Украинани ислоҳ қилиш режасини миллий даражада тасдиқлаши керак. Кейин ислоҳот режасини амалга ошириш билан боғлиқ мунтазам тўловлар бошлангунга қадар 1,89 миллиард еврогача олдиндан молиялаштиришни тақдим этиш мумкин бўлади.
ЕИнинг Украинага макромолиявий ёрдами
Украинанинг тикланиши ва модернизациясини қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган 50 миллиардлик макромолиявий ёрдам пакетининг 33 миллиарди Киевга кредит шаклида берилади. Қолган маблағ тўлашни талаб қилмайдиган грантлар шаклида ажратилади. Март ойи охирида Украинага аванс сифатида 4,5 миллиард евро тўланган. Ukraine Facility дастури доирасидаги макромолиявий ёрдам пакетидан қолган миқдорни тўлаш режада кўрсатилган ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ.