Хавфли ҳудудларда ишлаётган «Оқ фаришталар» ва Лвивда дафн маросими. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 783-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Зеленский сафарбарлик тўғрисидаги қонунни имзолади.
- Зеленский АҚШ томонидан қўллаб-қувватлов тикланмаса, Украина бу урушда ғалаба қозона олмаслигини айтган.
- Украина президентининг сўзларига кўра, Триполская ИЭС Россия ҳужуми вақтида украин ҳарбийларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталари тугаб қолгани туфайли вайрон бўлган.
- АҚШ конгрессида Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида қонун лойиҳаларини қабул қилиш таклиф этилди.
- АҚШ Исроилни Эрон ҳужумидан ҳимоя қилганидаги каби Украинага ракета ва дронларни уриб туширишда ёрдам кўрсата олмаслигини маълум қилди.
Кун кадри. Мариупол
Россия қўшини Мариуполни 2022 йил баҳорида оккупация қилганди. Жанглар вақтида Украинанинг энг йирик шаҳарларидан биридаги биноларнинг 90 фоизи у ёки бу даражада шикастланган. 2022 йил августида Россия қурилиш вазирлиги Мариуполни уч йил ичида «тиклаш» режаси ҳақида маълум қилганди. «Бумага» нашри хабарига кўра, вайрона шаҳардаги қурилиш ишларида Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти фаол иштирок этмоқда. Немис журналистлари аниқлашича, Мариуполдаги қурилишларда Германия компанияларининг ҳам иштироки мавжуд. Human Rights Watch ташкилоти ходимлари шаҳарнинг сунъий йўлдош тасвирларини ўрганган ҳолда 2022 йил мартидан 2023 йил февралига қадар Мариуполда камида саккиз минг киши ҳалок бўлган деган хулосага келишган. Уларнинг ҳисоблашича, қурбонлар сони бундан ҳам кўпроқ, чунки биродарлик қабрларига бирданига бир неча киши кўмилган, кўплаб жасадлар эса кейинроқ отишмалар вақтида ер билан битта бўлган уйларда қолган бўлиши мумкин. 16 апрел куни олинган фотода Мариуполдаги районлардан бирида ҳали ҳам «тиклаш» ишлари бошланмаганини кўриш мумкин.
Донецк областидаги Очеретино қишлоғи
Донецк областидаги Очеретино қишлоғи Россия қўшини 2024 йил февралида эгаллаб олган Авдийивка шаҳри яқинида жойлашган. РФ қуролли кучлари бу йўналишдаги юришини ривожлантиришга уринмоқда, украин ҳарбийлари мудофаани ушлаб турибди, жумладан Очеретино ҳудудида ҳам — бу ерда Украина қуролли кучлари истеҳкомларидан бири жойлашган.
Украина армиясининг Часив Яр яқинидаги тиббиёт пункти
Фронтнинг нисбатан шиддатли жанглар кетаётган участкаларидан бири Донецк области Часив Яр шаҳри яқинида жойлашган. Жанг майдонида яраланган украин ҳарбийларига биринчи ёрдам фронт яқинида жойлаштирилган барқарорлаштириш пунктларида кўрсатилади. Бундай пунктлардаги тиббиёт ходимларининг вазифаси — келгуси даволаниш учун ҳоспиталга юборишдан олдин ярадорларнинг ҳолатини барқарорлаштириш ҳисобланади. «Агар зарурат бўлса, эвакуация босқичида жони узилмаслиги учун ярадорнинг ҳолатини бир-икки соат давомида барқарорлаштирамиз. Уч соат барқарорлаштиришга тўғри келган паллалар ҳам бўлган. Кейин эса жўнатамиз», — деган FREEДОМ телеканалига берган интервюсида Украина қуролли кучлари 17-алоҳида танк бригадаси врач-анестезиологи, Донецк областидаги барқарорлаштириш пунктларидан бирида ишловчи Сергей.
Лвивда украиналик сержантларнинг дафн маросими
Лвивдаги Авлиё ҳаворийлар Пётр ва Павел ибодатхонаси (Иезуитлар черкови сифатида ҳам танилган) 2011 йилда мустақил Украина тарихидаги илк гарнизон ибодатхонасига айланганди. РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқини бошлангач, ибодатхона ҳарбий капелланларини фронтга юбора бошлади, улар ҳарбий хизматчиларга руҳий мадад бериш, шунингдек моддий ёрдам кўрсатиш, масалан, каска ва зирҳли нимчалар, исиниш воситалари ҳамда генераторлар, дронлар ва автомобиллар тарқатиш билан шуғулланиб келмоқда, деб ҳикоя қилган гарнизон ибодатхонаси капеллани Роман Ментух ота. Бундан ташқари, ибодатхона ҳарбийларга реабилитация ва протезлашда ёрдам кўрсатади, шунингдек Украина қуролли кучлари ҳарбийларининг оилаларига ғамхўрлик қилади. Ибодатхонада фронтда ҳалок бўлган украин ҳимоячиларининг дафн маросимлари ҳам ўтказилади. 16 апрел куни гарнизон ибодатхонасида ҳалок бўлган сержантлар Михайло Томкевич ва Олександр Крилю билан видолашув маросими бўлиб ўтди.