Жаҳон | 22:26 / 19.04.2024
5545
3 дақиқада ўқилади

«Тотальный диктант-2024» ўзбек ва қорақалпоқ тилида ҳам ўтказилади 

Анъанавий саводхонлик тадбири фақат Нукус шаҳридаги тадбир доирасида амалга оширилади. 

Фото: vk.com/Тотальный диктант

20 апрел куни анъанавий «Тотальный диктант-2024» саводхонлик тадбири ўтказилади, баъзи миллат вакиллари уни она тилида ҳам ёзиши мумкин бўлади. 

«Биз «Тот.Язык» лойиҳасини ишга туширдик, унинг доирасида диктант матнининг бир қисми турли миллий тилларга, жумладан, Россия халқларининг кичик тилларига таржима қилинади. Бу лойиҳа Россиянинг тил хилма-хиллигини қўллаб-қувватлашга, шунингдек, халқлар ўртасидаги маданиятлараро мулоқотни сақлашга қаратилган», деди «Тотальный диктант» жамғармаси директори Вячеслав Беляков. 

Қайд қилинишича, «Тотальный диктант»ни ўзбек ва қорақалпоқ тилида ҳам ёзиш мумкин. Бу фақат Нукус шаҳридаги тадбир доирасида амалга оширилади. 

Бундан ташқари, қуйидаги шаҳарларда рус тилидан бошқа тилда диктант ёзиш мумкин бўлади: Москва — беларус; Томск - немис, селкуп, татар; Ростов-на-Дону - арман, осетин; Ижевск — удмурт; Йошкар-Ола — марий; Чебоксари — чуваш; Махачқалъа - агул, авар, табасаран (барчаси Россия шаҳарлари); Риддер ва Уст-Каменогорск (Қозоғистон) — қозоқ. 

«Тотальный диктант-2024» 20 апрел куни 41 мамлакатда, 700 га яқин шаҳарда бўлиб ўтади. Лойиҳа Россия Фанлар академиясининг Тилшунослик институти билан биргаликда Россия тилларини сақлаш бўйича ишлар доирасида амалга оширилмоқда. Бу йилги тадбирнинг пойтахти Россиянинг Томск шаҳри бўлди. 

«Тотальный диктант» - бу саводхонликни оммалаштириш мақсадида 2004 йилдан бери Россияда ва бутун дунёда ўтказилаётган бутунжаҳон таълим тадбиридир. Диктант ҳар кимга ўз она тилида (қоида тариқасида рус тилида) билимини синаб кўриш имконини беради. Анъанага кўра, у дунёнинг турли шаҳарларида бир вақтнинг ўзида бўлиб ўтади. 

Илк диктантлар классиклар: Л.Н.Толстой, Н.В.Гогол, Р.Киплинг, В.Биков ва бошқалар асарларидан намуналар эди. 2010 йилдан бошлаб «Тотальный диктант» учун матнлар замонавий муаллифлар томонидан ёзилмоқда. 

2023 йилда «Тотальный диктант»да қарийб 457 минг киши иштирок этди, шулардан 3 минги хорижликлар бўлди. Чет элликлар орасида энг кўп иштирокчини Нукус шаҳри тўплади – 560.  

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид