Нима учун субсидиялашган тарифлардан бозор механизмларига ўтиш керак?
2023 йилда электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқроқ субсидия берилган. Таққослаш учун, ўтган йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини молиялаштириш учун 4,3 триллион сўм ажратилган. Энергетика тизимида бозор механизмлари жорий қилинса, давлат бюджетига юклама камайиб, муҳим ижтимоий лойиҳаларга кўпроқ маблағ ажратишга имконият пайдо бўлади.
Энергетика секторини субсидиялаш
Ўзбекистонда нарх шаклланишининг бозор механизмлари йўқлиги сабабли давлат энергетика соҳасини субсидиялашга мажбур бўляпти. Масалан, бугун 1 kWh электр энергиясининг таннархи 990 сўм. Демак, бир ойда ўртача 200 kWh электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам, давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 139 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги аҳоли истеъмолчилари сони эса 6,1 миллион хонадонни ташкил этади.
Худди шундай, 1 куб метр газ таннархи 1961 сўм бўлган ҳолда, иситиш мавсумида 750 куб метр газ ёқадиган битта оила ўртача 1 миллион 185 минг 750 сўм субсидия олмоқда. Айни пайтда аҳоли газ истеъмолчилари жами сони 3,5 миллион хонадонни ташкил қилади.
Соҳанинг зарар билан ишлаётгани ҳисобига уни давлат бюджетидан субсидиялаш камомадга олиб келмоқда. Бу эса ижтимоий соҳага кўпроқ маблағ йўналтиришга имкон бермаяпти.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан олинган маълумотларга қараганда, 2021 ва 2022-молия йилларида ушбу мақсадларга 6 триллион сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилган. 2023 йилда эса аҳолига электр энергияси ва табиий газ учун 14 триллион сўмдан ортиқроқ субсидия берилган.
Таққослаш учун, 2023 йилда «Ташаббусли бюджет» лойиҳаларини молиялаштириш учун 4,3 триллион сўм ажратилган.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 15-20 фоизи истеъмолчиларга етиб бормаяпти
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 15-20 фоизи электр узатиш тармоқларининг эскиргани оқибатида истеъмолчиларга етиб бормай йўқотилмоқда. Хусусан, 2023 йилда ишлаб чиқарилган 78 млрд kWh электр энергиясининг 12 млрд kWh ҳажмдагиси ёки 15,3 фоизи истеъмолчиларга етиб бормаган. Халқаро стандартлар бўйича электр энергияси етказиб беришдаги техник йўқотишлар ўртача 7-8 фоизни ташкил этиши керак.
Ҳозирда ортиқча йўқотилаётган 6 млрд kWh электр энергияси ойига ўртача 350 kWh ток ёқадиган 2,5 миллиондан ортиқ истеъмолчининг 7 ойлик истеъмолига тенг.
Электр узатиш тармоқлари, трансформаторлар ва бошқа инфратузилмани модернизация қилиш энергетика тизимига бозор механизмларини жорий этишнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади.
Электр энергиясини ҳамда табиий газ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларини қоплаш мақсадида нархларни мақбуллаштириш лозим. Бу бир қанча жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга:
- субсидияларнинг асосий қисмини ажратиш тўхтатилади;
- бюджет тақчиллиги кескин қисқаради;
- тармоққа бозор иқтисодиёти механизмлари жорий этилади;
- истеъмолчиларга энергия ресурсларини етказишда узилишларга барҳам берилади;
- энергетика тизимида хусусий секторнинг иштирокини таъминлашга қаратилган институционал ислоҳотлар ўтказилади;
- энергия тақсимотини хусусийлаштириш эса тизимдаги йўқотишларнинг олдини олади;
- мавжуд сервис ва техник имкониятлар модернизация қилинади;
- электр энергияси ишлаб чиқариш ва табиий газ қазиб чиқариш ҳажми кўпаяди;
- электр энергияси ва табиий газ етказиб беришнинг сифати яхшиланади;
- юқори самарадорлик кўрсаткичлари қайд этилади;
- муваффақиятли макроиқтисодий барқарорлашув натижасида нархларнинг инфляцияга таъсири юмшатилади.
Агар соҳага бозор қонунлари жорий қилинса, эртага бу маблағлар тежалади. Натижада тежалган маблағни ижтимоий соҳани ривожлантиришга, янги мактаблар, тиббиёт муассасаларини қуришга, ҳар бир соҳада ишлаб чиқаришни тараққий эттириш учун замонавий технологияларни олиб киришга, қолаверса, энергетика тизимини чуқур модернизация қилишга ҳам сарфлаш мумкин.
Бундан ташқари, яшаш учун зарур бўлган бошқа товарлар сингари энергия борасида ҳам бозор қоидалари билан яшаш истеъмолчилик маданиятини, ортиқча исроф қилмасликни, харажатларни мустақил назорат этиш ва оқилона тақсимлаш каби ҳаётий кўникмаларни шакллантириш ҳамда ривожлантиришга ҳам туртки бўлади.
Мавзуга оид
15:57
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40
201 та суюлтирилган газ баллонини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди
22:19 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
20:11 / 19.12.2024