Жаҳон | 07:21 / 20.04.2024
6822
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг чегараолди ҳудудларига дронлар ҳужум қилди, қурбонлар бор

Белгород вилоятида дронлардан портловчи мосламалар тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди, дея маълум қилди вилоят губернатори ҳужумда Украина Қуролли кучларини айблаб. УУА ҳужумлари Россиянинг бошқа бир қанча чегарадош ҳудудларида ҳам қайд этилган.

Фото: AP

Белгород вилоятида дрон ҳужуми оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 20 апрел, шанбага ўтар кечаси вилоят губернатори Вячеслав Гладков баёнот бериб, ҳужумда Украина Қуролли кучларини айблади.

«Украина қуролли кучлари томонидан Грайворонский шаҳар округидаги Пороз қишлоғига иккита портловчи мосламанинг тушиши натижасида икки нафар тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди - сон суяги синган ҳолда ётган аёл ва унга ғамхўрлик қилаётган эркак. Марҳумнинг ўғли сўнгги лаҳзада ёнаётган уйдан қочиб чиқишга муваффақ бўлди», — деб ёзди Гладков ўзининг Telegram-каналида.

Унинг қўшимча қилишича, дастлабки маълумотларга кўра, хусусий уй ва молхона тўлиқ ёниб кетган, яна бир турар жой биноси жиддий шикастланган. 

Россиянинг яна бир қанча чегарадош вилоятлари расмийлари дрон ҳужумлари ҳақида хабар берди 

Брянск вилояти губернатори Александр Богомазнинг маълум қилишича, 20 апрелга ўтар кечаси минтақа узра олтита дрон уриб туширилган. Вигоничи туманида бундай учувчисиз учоқлардан бири қулаганида, «энергетика инфратузилмаси объекти ёниб кетди», дея қўшимча қилди Богомаз тафсилотларни келтирмасдан. ASTRA Telegram-каналининг ёзишича, Вигоничида дрон зарбасидан кейин нимстанция ёнмоқда. 

Калуга вилояти губернатори Владислав Шапшанинг сўзларига кўра, вилоятнинг Малоярославец туманидаги электр нимстанцияси ҳудудида УУА портлаши натижасида энергетика инфратузилмаси «бироз зарар кўрган». 

Смоленск вилояти губернатори Василий Анохин Украина учувчисиз учоқлари томонидан минтақага ҳужум қилишга уринилгани, натижада ёнилғи-мойлаш материаллари солинган контейнер ёниб кетгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги очиқ оловни бартараф этмоқда, жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Курск вилояти губернатори Роман Старовойт минтақа осмонида Украинанинг иккита учувчисиз учоғи йўқ қилинганини маълум қилди.

Россия Одесса ва Сумига ракета зарбалари берди

Бир кун олдин, 19 апрел куни Россия Одесса яқинидаги Южний портига ракета ҳужумини амалга оширди. Натижада Осиё ва Африка мамлакатларига экспорт қилиш учун мўлжалланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари йўқ қилинди, деб хабар берди Киев. Уларнинг қўшимча қилишича, кенг кўламли уруш даврида бу Одесса вилоятидаги порт инфратузилма объектларига Россиянинг 39-ҳужумидир. Ушбу ҳужумлар натижасида 215 та объект зарар кўрган ва қисман вайрон қилинган, 26 нафар тинч аҳоли жабрланган.

19 апрел куни кечқурун Россия Суми шаҳридаги фуқаролик инфратузилмасига ҳам ракеталар билан ҳужум қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ, деб хабар қилди Суми вилояти ҳарбий бошқармаси. 

Мавзуга оид