Жаҳон | 07:32 / 20.04.2024
6056
3 дақиқада ўқилади

Шолц: Россияга яқин давлатлар урушга шубҳа билан қараяпти

Россия Федерациясига яқин давлатлар ҳам Украинадаги уруш Россия учун қандайдир маънога эга эканлигига шубҳа қилмоқда, деди Германия канцлери Олаф Шолц Хитойдан қайтгач. Бироқ, у бу уруш йиллар давом этишини истисно қилмади. 

Фото: Reuters

Москва билан яқин алоқада бўлган давлатлар ҳам Украинада уруш ўтказиш мақсадга мувофиқлигига шубҳа билан қараяпти, деди Германия федерал канцлери Олаф Шолц. «Бу уруш Россия учун қандайдир маънога эга, деб ҳисоблайдиган ҳукумат раҳбари деярли йўқ», деди у 19 апрел куни Чемницда бўлиб ўтган тадбирда

Шолцнинг бу сўзлари Германия канцлери 14-17 апрел кунлари расмий ташриф билан бўлган Хитойдан қайтганидан кейин айтилди. Германия ҳукумати раҳбари Хитой Украинадаги урушни тугатиш бўйича дипломатик жараёнда иштирок этишга тайёрлигини очиқ эълон қилганини таъкидлади. Бундан ташқари, Шолцнинг сўзларига кўра, Пекин июн ойи ўрталарида Швейцарияда режалаштирилган Украина бўйича тинчлик саммитини ижобий баҳолаган. «Бу - эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган натижа. Ва бу уч ёки олти ой олдин кутилганидан ҳам кўпроқ». 

Хитойга ташрифи чоғида Шолц Хитой раҳбари Си Жинпингни Украинадаги урушни тугатиш учун Россия президенти Владимир Путинга таъсир ўтказишга чақирди. «Хитойнинг сўзи Россияда муҳим ўринга эга. Шунинг учун мен Сидан Россияга босим ўтказишни сўрадим, токи Путин ниҳоят ўзининг кампаниясини тўхтатиб, қўшинларини олиб чиқиб, бу урушни тўхтатсин», деб ёзди Шолц 16 апрел куни X ижтимоий тармоғида. 

Олаф Шолц: Украинадаги уруш йилларга чўзилиши билан таҳдид қилмоқда 

19 апрел куни Хемницда бўлиб ўтган ўша тадбирда Олаф Шолц Украинадаги уруш яна бир неча йил давом этиши мумкинлигини ва Владимир Путин «ундан қутулиб қолмаслигини» айтди. Канцлер Германия Киевга ҳарбий ёрдам беришда давом этишини тасдиқлади, бироқ айни пайтда дипломатик саъй-ҳаракатларнинг муҳимлигига эътибор қаратди. 

Шу билан бирга, Шолц яна Украинадаги урушни Путин билан телефон орқали муҳокама қилиши мумкинлигини истисно этмади. «Аммо, албатта, биз нима ҳақида гаплашишимиз аниқ бўлиши керак», деди у. Германия канцлери яна бир бор Россия президентини империалистик мақсадларга интилаётганликда ва Украинанинг мавжудлигини шубҳа остига қўймоқчи эканлигида айблади.

Мавзуга оид