Жаҳон | 21:12 / 22.04.2024
21268
7 дақиқада ўқилади

АҚШ нега Фаластинни БМТга киргизмади?

Ўтган ҳафта Яқин Шарқда икки муҳим сиёсий воқелик юз берди: Исроил Эронга зарба йўллаган бўлса, АҚШ БМТда кузатувчи мақомидаги Фаластиннинг ташкилотга тўла ҳуқуқли аъзо бўлишига вето қўйди. “Геосиёсат” бу жараёнлар ҳақидаги саволлар билан Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга юзланди.

— Исроилнинг Эронга қарши амалга оширилган зарбаларининг мақсади нима эди, натижалари қандай бўлди?

— Исроилнинг икки мақсадини алоҳида кўрсатиш мумкин. Биринчиси – расмий ҳукумат сайловчилар олдида ўзини оқлаши, ички жамиятга сигнал бериб, бемалол Эронга қарши туроламиз, дейиши. Чунки Исроил ички жамиятида барқарорлик бор деб бўлмайди, ҳарбийлар ичида ҳам, жамият ичида ҳам намойишлар бўлиб турибди, бу эса вазиятни чигаллаштиряпти. Шундай бир ҳолатда Исроил ҳукумати учун халқ диққати қаратиладиган бирор воқелик керак эди. Ғазодаги ишлари шундоқ ҳам ичкарида норозиликка сабаб бўлаётгани учун бу билан чалғита олмаяпти. Эрон масаласи чиқди энди, одамларни шунга сафарбар қилиш орқали ўзининг сиёсий умрини узайтириш сифатида баҳолаган бўлардим.

Иккинчи сабаб – Эронга нисбатан ҳам сигнал. Яъни биз сендан қўрқмаймиз, сендан ҳам қудратлироқмиз, охирги зарбани биз берамиз деган ёндашув. Атрофда Исроилни қўллаётган давлатлар бор, уларнинг ҳам ишончидан чиқиб кетмаслик масаласи бор.

Лекин бу катта талафот етказувчи ҳужум бўлмади. Ҳатто Эронда бу ахборот ҳужуми эди, ҳарбий ҳужум бўлгани йўқ, дейишди. Умуман, ҳозир Исроил ва Эрон кўпроқ информацион уруш олиб боряпти. Информацион урушда ким ғалаба қозонса, давлат ичидаги барқарорликни таъминлаши мумкин бўлади.

Эрон ичидаги ҳолат ҳам у қадар яхши деб бўлмайди. Беқарорлик келтириб чиқармоқчи бўлган кучлар бор, инқилобдан олдин шаклланган эски элита бор. Шундай бир ҳолатда ичкарида ҳам беқарорлик бўлиши Эрон учун хавфли. Шу сабаб ҳам Эрон тез-тез бундай ахборот урушларига киришиб туради ва бу орқали ички жамиятни бирлаштиради.

— Ахборот уруши десак, бу ҳолатда якуний зарбани берган Исроилнинг қўли баланд келди, дейиш мумкинми?

— Ютди ёки ютқазди дейиш учун катта ҳужум бўлгани йўқ. Лекин дунё ҳамжамияти ичида Исроил ютқазгани аниқ. Исроилнинг ҳарбий қудрати ҳақидаги стереотиплар синди. Бу бошқа минтақа давлатлари учун ҳам “қўрқманг” деган сигнал бўлади. Бу эса минтақа араб давлатлари ҳам алоҳида ҳарбий қудрат бўлишига ишончини оширади, тўғри, бироз вақт олади бу жараён. Стереотиплар синиши Исроилга бўладиган босимларни кучайтиришга ёрдам беради.

Битта АҚШ омили бор. Агар АҚШ бўлмаганда бу босимлар Исроилни аллақачон босиб қўйган бўларди. Лекин АҚШ ҳам Исроилнинг бугунги сиёсатига қўшилмаяпти, бора-бора Қўшма Штатлар ҳам Исроилга чора кўриши мумкин. Умуман, стратегик жиҳатдан, Исроил – АҚШнинг катта лойиҳаси ва унга бўладиган ҳужумларни бартараф этишга ҳаракат қилади.

— Исроилнинг ҳужумидан кейин Эроннинг жавоб чоралари қандай бўлди?

— Эрон расмий ахборот маконида Исроил ҳужум қилди, деган нарса йўқ. Яъни бу ҳужум қабул қилмасдан, Эрон шу нуқтада тўхтатди, чунки бундай бир-бирига жавоб беравериш катта урушга олиб келади. Халқаро ҳамжамият Эронни ҳам тийилишга чақиряпти. Эроннинг АҚШ каби ҳамкори йўқ. Эрон эскалацияни тўхтатиб тўғри қилди, бу урушдан ютмасди, ҳали Ғазо масаласи турибди, бундан чалғимаслик керак деяпти Эрон ҳам. Шунинг учун вазият тенг бўлди ва тўхтади, деб кўрсатяпти Эрон.

— АҚШ Фаластинни БМТга тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қабул қилиш ҳақидаги резолюцияга вето қўйди. Вашингтон буни нима билан изоҳлаяпти?

— Менимча, очиқ ва яширин иккита омил бор. Очиқ айтилаётган расмий омил шуки, Фаластинда давлатчилик институтлари йўқ, ким ҳокимиятни амалга оширади: ҲАМАС террористик ташкилот сифатида кўрилади, ФАТҲ эса тўлиқ институционал шаклланган эмас, шунинг учун аввал давлатчилик асосларини яратиб, кейин мустақиллик бериш керак, деяпти. Қайсидир маънода бу вазиятдан келиб чиқяпти, ростдан ҳам давлатчилик институтлари йўқ. Бу расмий омил эди.

Норасмий омил ҳам бор, менимча. АҚШ марказий ҳукуматига таъсир қилувчи кучлар бор, яъни Исроилни лойиҳа сифатида шакллантирган, унга ёрдам беришга мажбурлаётган кучлар. Мана шу кучлар ҳозир ҳам таъсир қиляпти.

Расмий Вашингтон, Фаластин давлати ташкил топишини қўллаб-қувватлашини айтиб келади, лекин қилаётган ишлари бунга тўғри келмайди. 1947 йилда иккита давлат – икки халқ деган резолюцияни АҚШнинг ўзи қабул қилган, демак, расмий ҳукуматга нисбатан яширин босим бор.

Агар Фаластин давлати ташкил топса, араб давлатлари у ерни бирдан инвестиция билан тўлдириб ташлайди. Буни эса Исроил билади. Фаластиннинг ҳудуди кичиклиги тўсиқ бўлолмайди: Кувайт, Қатар каби давлатлар ҳам ҳудудий жиҳатдан анча кичик, лекин иқтисодий қудрати катта. Форс кўрфази араб давлатлари инвестицион бозорга оч, Ғарб қўли етиб бормаган жойларга келажак учун сармоя тикмоқчи бўляпти, келажакда қайси соҳа ривожланса, ўша соҳаларга пул тикяпти. Фаластинни Қатардан ҳам кучлироқ қилишга араб шайхларининг молиявий қудрати етади. Шу сабаб ҳам Исроил бунга қарши чиқяпти.

— Деярли барча давлатлар мустақил Фаластин давлати бўлиши масаланинг ечими эканини айтяпти, лекин амалда бунга қачон эришилади?

— Исроил лойиҳаси ўз курсини ўзгартириб, АҚШга таъсир қилувчи кучларнинг ҳам мақсади ўзгармагунча, мустақил Фаластин давлати ташкил топишига қўйишмайди.

Иккинчи вариант ҳам бор. Фаластиндаги барча кучлар нейтрализация қилиниб, Исроил ва АҚШга терс бормайдиган, мойиллиги бор ҳукумат шакллантирилиши мумкин. Шунга олиб келиняпти ҳам. Амалда бундай ҳокимият мустақил бўлмайди.

Маҳмуд Аббоснинг ҳокимияти бугунги кунда қониқтирмаяпти, чунки ФАТҲнинг дастурларида ҳам Исроилга дўстона қараш йўқ барибир. Ғарбий соҳилда ўзига мойил ҳукумат шакллантирмоқчи секин-секин, барибир 2 млн аҳолини қириб ташлай олмайди, келажакда бунга жавоб бўлишини билади. Араб давлатлари ҳам, бошқа давлатлар ҳам кучайяпти, 20 йил ўтар, 30 йил ўтар – келажакда кучлар баланси қандай бўлишини билиб бўлмайди.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид