Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда Хитой фойдасига жосуслик қилишда гумонланганлар ушланди
Бад-Гомбург ва Дюсселдорфда қўлга олинган уч нафар Германия фуқароси ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган инновацион технологиялар ҳақидаги маълумотларни қўлга киритиб, Хитой разведка хизматига топширганликда айбланмоқда.
Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари Хитой Давлат хавфсизлик вазирлигининг эҳтимолий агентларини фош қилди. 22 апрел, душанба куни Бад-Гомбург ва Дюсселдорф шаҳарларида Германия Федератив Республикаси Федерал прокуратураси талабига биноан жосуслик фаолияти ва ташқи савдо қонунчилигини бузганликда гумон қилинган уч нафар Германия фуқароси қўлга олинди. 22 ва 23 апрел кунлари улар Федерал суднинг тергов судяси ҳузурига олиб келинади, у судгача қамоққа олиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қўлга олинганларнинг яшаш жойи ва идораларида тинтувлар ўтказилди, деб хабар берди Карлсруэ федерал прокуратураси.
Гумонланувчилар Хитойга ҳарбий кемалар учун бутловчи қисмлар ҳақида маълумот узатган
Тергов маълумотларига кўра, Томас Р. Хитой разведка хизмати агенти бўлиб, унинг топшириғи билан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган инновацион технологиялар ҳақида маълумот олган. Бунинг учун у Дюсселдорфда компанияга эга бўлган эр-хотин Хервиг ва Ина Ф.нинг ёрдамидан фойдаланган. Федерал прокуратурага кўра, бу компания Германия илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари билан алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш учун воситачилик хизматларини кўрсатган.
Эр-хотин Ф. Германия университетларидан бири билан илмий ишланмаларни топшириш тўғрисида шартнома тузган. Шу билан бирга, биринчи босқичда турли механизмлар, жумладан, ҳарбий кемалар двигателлари учун компонентлар соҳасида тадқиқотлар ўтказиш режалаштирилган. Хитой томонидаги ҳамкор Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ходими бўлиб, лойиҳа ХХР давлат идоралари томонидан молиялаштирилган, дея хабар беради Германия департаментлари.
Қўлга олинган вақтда гумонланувчилар «Хитойнинг денгиздаги жанговар салоҳиятини кенгайтириш учун фойдали бўлиши мумкин бўлган» кейинги тадқиқот лойиҳалари бўйича музокаралар олиб борган», дейилади баёнотда. Бундан ташқари, ушбу маълумотларга кўра, улар ХХР номидан махсус лазер сотиб олиб, зарур рухсатсиз Хитойга экспорт қилган, гарчи бу қурилма икки мақсадли буюмлар бўйича Европа Иттифоқи қоидаларига тегишли бўлган.