Ўзбекистон | 19:13 / 22.04.2024
34044
2 дақиқада ўқилади

Хоразмда 38 ёшли аёл қотилликка қўл урди

Урганч шаҳрида ўз танишини уйига чақириб, рўмол билан бўғиб ўлдирган ҳамда мурдани ҳовлисига кўмиб қўйган аёл қамоққа олинди. Жиноят бўйича тергов ҳаракатлари Хоразм вилояти прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Урганч шаҳрида мудҳиш қотиллик жинояти содир этилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жиноят 17 апрел куни шаҳарнинг Ҳамжиҳатлик маҳалласида содир этилган. 1986 йилда туғилган аёл ўзига олдиндан таниш бўлган, 1975 йилда туғилган танишини уйига чақирган.

Суҳбат чоғида икки аёл ўртасида пул олди-бердиси масаласида низо келиб чиққан ва бу ўзаро жанжалга айланган. Жанжал пайтида уй эгаси рўмол билан меҳмон аёлнинг бўйнидан бўғиб, уни ўлдирган. Сўнгра қилган жиноятини яшириш мақсадида мурдани ҳовлидан чуқур қазиб, кўмиб қўйган.

Жиноят тергов-тезкор гуруҳи томонидан қисқа фурсатда фош этилган. Гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда жиноят бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, жиноят 20 апрел куни вилоят Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Рахимов, вилоят ИИБ бошлиғи ва вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, сектор раҳбарлари ва жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган.

Мавзуга оид