Жаҳон | 08:43 / 24.04.2024
4707
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Украинага узоқ кутилган ёрдам пакетини тасдиқлади

Вакиллар палатасидан бир неча кун ўтиб, Украинага узоқ кутилган ҳарбий ёрдам пакети АҚШ Сенати томонидан маъқулланди. Президент Байден қонун лойиҳаси столига етиб келиши биланоқ уни имзолашга ваъда берди.

Фото: picture-alliance/dpa/M. Reynolds

АҚШ Конгрессининг юқори палатаси Украинага кўп миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади. Қонун лойиҳаси маҳаллий вақт билан 23 апрел, сешанба куни кечки пайт Сенатда овоз бериш чоғида кенг қўллаб-қувватланди.

АҚШ президенти Жо Байден шу ҳафта Украинага қурол-яроғ ва жиҳозлар жўнатишни бошлаш учун «қонун лойиҳасини эртага столга етиб келиши биланоқ имзолашга» ва Америка халқига мурожаат қилишга ваъда берди.

«Бу зудлик билан зарур: Россиянинг тинимсиз бомбардимонларига дуч келаётган Украина учун, Эроннинг мисли кўрилмаган ҳужумларига дуч келган Исроил учун, қочқинлар ва бутун дунё бўйлаб можаролар ва табиий офатлардан жабрланганлар, жумладан Ғазо, Судан ва Ҳаитидагилар учун; ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги хавфсизлик ва барқарорликка содиқ бўлган шерикларимиз учун, - дейилади Оқ уй баёнотида. - Биз ўзларини ҳимоя қилаётган дўстларимиз билан биргамиз».

Зеленский Сенатга миннатдорчилик билдирди

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ Сенатига мамлакати учун муҳим ёрдам пакетини қабул қилгани туфайли миннатдорчилик билдирди. У қонун лойиҳаси имзоланишини интиқлик билан кутаётганини қайд этди.

АҚШнинг умумий ташқи ёрдам пакети 95 миллиард долларни ташкил этади (89 миллиард евродан сал кам). Ушбу маблағнинг 61 миллиард доллари Украина учун мўлжалланган бўлиб, пакет Исроил, Ғазо сектори аҳолиси ва Тайванга ёрдамни ҳам ўз ичига олади.

Республикачилар устунлик қиладиган АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси бир неча ойлик қарама-қаршиликлардан сўнг 20 апрел куни Украинага ёрдам пакетини маъқуллади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид